Кремл: Россия меморандуми можаро асосий сабабларини бартараф этишга қаратилган
Истанбулдаги тинчлик музокараларида Россия ва Украина делегациялари муҳим келишувларга эриша олди ва «тезкор қарорлар ва ютуқларни» кутиш нотўғри — Кремл матбуот котиби.

Фото: Владимир ВЕЛЕНГУРИН
Россия Федерацияси таклиф қилаётган Украинадаги вазиятни тартибга солиш бўйича меморандум можаронинг асосий сабабларини бартараф этишга қаратилган, деди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.
«Биз Украина томонига топширган меморандум лойиҳасининг эълон қилинган матнини кўрдингиз. Унда кўплаб бандлар мавжуд, шунингдек, кўплаб вариантлар мавжуд. Ҳамма нарса бу можаронинг асосий сабабларидан халос бўлишга ва барқарор тартибга солиш траекториясига ўтишга қаратилган», — деди Песков.
Кремл вакилининг сўзларига кўра, келишув масаласи ниҳоятда мураккаб ва «кўп сонли нюанслардан иборат».
Унинг таъкидлашича, Истанбулдаги тинчлик музокаралари чоғида Россия ва Украина делегациялари муҳим келишувларга эриша олган ва «тезкор қарорлар ва ютуқларни» кутиш нотўғри.
«Истанбулда маълум келишувларга эришилди, улар муҳим. Бу келишувлар амалга оширилади. Биз топширилган меморандумга муносабат кутамиз», — дея таъкидлади Кремл вакили.
Россия томонидан эҳтимолий муросалар масаласи музокаралар учун мавзу, аммо бу очиқ бўлиши мумкин эмас, дея қўшимча қилди Песков.
Кремл, шунингдек, Россия Москва ва Киев ўртасида бир кун аввал Истанбулда бўлиб ўтган музокаралар натижаларини АҚШ билан муҳокама қилишни режалаштиряптими, деган саволга ҳам жавоб берди.
«Бизда Америка томони билан мулоқот каналлари бор ва бу каналлардан алоқа учун фойдаланишда давом этмоқдамиз», деди Кремл вакили.
Шу билан бирга, Песков яқин келажакда Россия президенти Владимир Путин, Америка етакчиси Доналд Трамп ва Украина давлат раҳбари Володимир Зеленский ўртасида уч томонлама учрашув ўтказиш имкониятини рад этди, чунки унинг сўзларига кўра, «бу алоқалар техник даражада, экспертлар даражасида ишлаб чиқиладиган келишувлар натижаси бўлиши керак».
«Шунинг учун президент Путин алоқалар ғоясини қўллаб-қувватлайди, лекин уларга яхши тайёргарлик кўриш керак, деб ҳисоблайди», деди у.
Истанбулдаги Россия-Украина музокараларидан кейин Путин ва Трамп ўртасида бўлиши мумкин бўлган суҳбат ҳақида гапирган Песков «ҳали ҳеч қандай келишув йўқ» деди.
«Агар керак бўлса, уни жуда тез ташкил қилиш мумкин», деди Кремл вакили.
Кремл, шунингдек, Зеленскийнинг Истанбулдаги учрашувдан кейин Россия делегациясига айтган сўзларига изоҳ берди.
«Бу ноқулай баёнот. Бу музокаралар руҳига тўғри келмайди, буни аниқ айтишим мумкин», — дея жавоб берди Кремл вакили тегишли саволга.
2 июн куни Истанбулда Россия ва Украина ўртасидаги тўғридан тўғри музокараларнинг иккинчи раунди бўлиб ўтди. Учрашув бир соатдан сал кўпроқ давом этди, томонлар ихтилофни ҳал қилиш жиҳатлари бўйича ўз қарашлари баён этилган ҳужжат алмашди.
Мавзуга оид

17:54
Украина бўйлаб ёпирилма зарбалар: 400 дан ортиқ дрон ва 40 та ракета учирилган

16:42
Украиналик болалар дам олиш ва реабилитация учун Ўзбекистонга келди

15:01
Трамп Россия ва Украина ҳақида: «Баъзида болаларга бироз муштлашишга қўйиб берган маъқул»

14:25