Жаҳон | 08:00
2757
2 дақиқада ўқилади

Калифорния расмийлари Трампдан Миллий гвардияни чақириб олишни талаб қилди

Калифорнияда антимиграцион рейдларга қарши намойишлар давом этмоқда. Маҳаллий ҳукумат Вашингтонни вазиятни кескинлаштирганликда айбламоқда.

Фото: Frederic J. Brown/AFP

Калифорния губернатори Гэвин Нюсом АҚШ президенти Доналд Трамп маъмуриятидан Лос-Анжелесга Миллий гвардия «қўшинларини ноқонуний жойлаштириш» ҳақидаги қарорини бекор қилишни расман талаб этди. Калифорниялик сиёсатчи ушбу хабарни 8 июн, якшанба куни X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида жойлаштирди.

«Трамп аралашмагунча муаммога дуч келмадик. Бу давлат суверенитетини жиддий бузиш — кескинликни кучайтириб, ресурсларни ҳақиқатан ҳам зарур бўлган жойдан чиқариб юбориш», деб ёзган Нюсом постида ва унга Пентагон раҳбари Пит Ҳегсетга мурожаати суратини илова қилган.

Нюсом постда таъкидлаганидек, агар вазият давлат ҳокимиятига таҳдид соладиган хорижий босқин ёки қўзғолонларга тааллуқли бўлмаса, у минтақа раҳбари сифатида федерал ёрдам сўраш тўғрисида қарор қабул қилиши керак. Вашингтон назорати остида Лос-Анжелесга Миллий гвардия қўшинларининг киритилиши «вазиятни жиддий равишда кучайтириш» билан таҳдид солади – бу қарор бекор қилиниб, минтақавий бўлинмалар маҳаллий ҳокимият назоратига қайтиши керак, деди сиёсатчи.

Нюсом яна бир постида АҚШ президентининг Калифорниядаги намойишлар ҳақидаги баёнотларини қоралади. «Зўравонликни қўзғатиш, оммавий тартибсизликлар яратиш, шаҳарларни ҳарбийлаштириш, мухолифларни ҳибсга олиш — бу президентнинг эмас, диктаторнинг ҳаракатлари», — деб ёзади у.

Мавзуга оид