Ўзбекистон | 21:04 / 09.06.2025
544
2 дақиқада ўқилади

Миср гепатитга қарши дори воситаларининг навбатдаги партиясини Ўзбекистонга юборди

Миср томони умумий қиймати салкам 115 минг доллар бўлган C гепатитига қарши «Софосбувир-400мг» дори воситасини беғараз тақдим этди.

Фото: dunyo.info

Ўзбекистон элчихонаси ва Миср Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўртасида бўлиб ўтган музокаралар натижасида ушбу мамлакат ҳукумати томонидан Ўзбекистонга инсонпарварлик ёрдами сифатида ажратилган C гепатитига қарши дори воситаларининг жорий йилдаги иккинчи партияси олиб келинди.

Қайд этилишича, Миср томони умумий қиймати 114 минг 829 АҚШ доллари бўлган 28 қутида 7440 дона C гепатитига қарши «Софосбувир-400мг» дори воситасини беғараз тақдим этган.

7 июн куни Uzbekistan Airways авиакомпанияси Миср ҳукумати томонидан инсонпарварлик кўмаги сифатида ажратилган C гепатитига қарши воситаларини Шарм аш-Шайхдан Тошкентга етказиб берган.

Ушбу дори воситалари Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Вирусология илмий-текшириш институти томонидан беморларга тақсимланади.

Ўзбекистон элчихонаси маълумотига кўра, 2023-2024 йилларда Миср ҳукумати томонидан мамлакатга C гепатитига қарши курашиш учун умумий вазни 12,4 тонна бўлган «Даклатасвир» ва «Софосбувир» дори воситалари 27 партияда инсонпарварлик кўмаги сифатида берилган.

Мазкур дори воситаларининг умумий қиймати 1,4 миллион АҚШ долларига тенг.

Мавзуга оид