Жаҳон | 00:30
4466
3 дақиқада ўқилади

Хитойда глобал пандемияга олиб келиши мумкин бўлган янги коронавирус аниқланди

Вирус оқсил тиканчаларидаги кичик ўзгариш унга инсоннинг томоқ, оғиз ва бурнидаги ACE2 ҳужайраларига ёпишиб олиш имконини беради.

Фото: Reuters

Хитойда HKU5-CoV-2 деб номланган коронавируснинг янги варианти аниқланди — у янги пандемияга олиб келиши мумкин бўлган хавфли мутацияга жуда яқин. Бу ҳақда америкалик олимлар тадқиқотига таяниб, The Independent хабар берди.

HKU5-CoV-2 ўлим ҳолати 34 фоизгача етадиган Яқин Шарқ респиратор синдроми вируси ҳисобланувчи хавфли MERS-CoV — мербековирус оиласига мансуб. Вашингтон штати университети олимлар гуруҳининг тадқиқот натижаларига кўра, коронавируснинг янги варианти COVID-19’га қараганда кўпроқ ҳайвонларга юқиши ва турлар орасида тарқалиш бўйича катта потенциалга эга бўлиши мумкин. Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, вирус оқсил тиканчаларидаги кичик ўзгариш унга инсоннинг томоқ, оғиз ва бурнидаги ACE2 ҳужайраларига ёпишиб олиш имконини беради. «HKU5 узоқ вақт давомида етарлича ўрганилмаган эди, бироқ бизнинг маълумотларимиз шуни кўрсатмоқдаки, вируснинг инсон организмига кириш қобилиятига эга бўлиши учун атиги бир қадам қолган» — дейди тадқиқотнинг етакчи муаллифи профессор Майкл Летко. 

Ҳозирда янги турдаги вирус бундай қобилиятга эга бўлмаган, аммо у аллақачон кўршапалакларнинг ҳужайраларини самарали зарарлай олади. HKU5 «муваффақиятли» мутацияга учраса, у инсоннинг нафас олиш йўллари билан бирга, ичакларида ҳам кўпая олади.

Тадқиқот давомида олимлар HKU5 вирусининг «спайк» оқсилини ўз ичига олган генетик модификацияланган псевдовируслардан фойдаланган. Улар ACE2 рецепторларига эга бўлган ҳужайраларга — кўршапалак ва инсонларникига юборилган. Маълум мутациялар юборилгач, вирус инсон ҳужайраларига киришни бошлаган.

Олдинроқ хитойлик олимлар HKU5 вариантларидан бири аллақачон инсоннинг ACE2 ҳужайралари билан боғланиш қобилиятига эга бўлганини маълум қилганди. Бу вируснинг ташувчи ҳайвонсиз ҳам инсонга тўғридан-тўғри юқиши мумкинлигини англатади.

Шунга қарамай, олимларнинг таъкидлашича, ҳозирда вирус одамлар орасида тарқалганига оид маълумотлар йўқ. Аммо улар устидан назорат давом эттирилиши лозим, айниқса, Хитойнинг ёввойи ҳайвонлар билан савдо қилинадиган айрим минтақаларида, чунки у ерларда вируснинг одамга «сакраб ўтиши» хавфи юқори.

Мавзуга оид