Жаҳон | 21:38 / 10.06.2025
4307
2 дақиқада ўқилади

Британия фаластинликларга нисбатан зўравонлик учун Исроилнинг икки вазирига қарши санкциялар жорий этди

Исроилнинг молия ва миллий хавфсизлик вазирлари Ғарбий соҳилдаги Фаластин аҳолисига нисбатан такрорий зўравонликка ундовчи ҳаракатлари учун Британия санкциясига учради. Расмий Лондонга кўра, инглизлар оммавий тарзда ҳам, ёпиқ эшиклар ортида ҳам Исроилдан босқинчиликни ва кўчкиндиларнинг зўравонликларини тўхтатишни талаб қилмоқда.

Итамар Бен-Гвир ва Бецалел Смотрич

Буюк Британия Исроил молия вазири Бецалел Смотрич ва миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвирга қарши санкциялар жорий этди. Чекловлар ушбу амалдорларнинг Ўрдун дарёсининг Ғарбий соҳилидаги «Фаластин жамоаларига нисбатан такрорий зўравонликка ундовчи ҳаракатларига жавобан» қабул қилинди.

Қайд этилишича, Буюк Британия, Австралия, Канада, Янги Зеландия ва Норвегия бундай амалётларига қарши «зудлик билан чора кўришга» чақирган.

«Буюк Британия очиқчасига ҳам, ёпиқ эшиклар ортида ҳам Нетаняҳу ҳукуматига Исроил ноқонуний манзилларни кенгайтиришни тўхтатиши, Фаластин давлатининг келажагини издан чиқараётган бу ҳаракатларга барҳам бериши, кўчкиндиларнинг зўравонликларини тўхтатиши ва ҳар икки шахснинг бузғунчи баёнотларини қоралаши лозимлигини аниқ билдириб келмоқда», — дейилади Британия ТИВ сайтида.

Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар Британия ҳукуматининг ушбу қарорини «ғазабни қўзғатадиган» деб атади. У келаси ҳафта бош вазир Бинямин Нетаняҳу билан учрашиб, Исроилнинг жавобини муҳокама қилишини билдирди.

2024 йил июлда БМТ Халқаро суди Исроилни Ғазо секторида оккупация билан шуғулланаётган давлат, деб тан олганди. Ўшанда суд Исроилни Фаластин ерларини оккупация қилишни зудлик билан бас қилишга чақирган.

Халқаро судда қайд этилишича, Фаластин ерлари бўлакланган алоҳида ҳудудлар эмас, ягона ҳудудий бирлик ҳисобланади. Исроил, шунингдек, Шарқий Қуддус ва Ўрдун дарёсининг ғарбий соҳилида ҳам оккупант ҳисобланади.

Мавзуга оид