Ўзбекистонда болалар орасида Коксаки вируси авж олаётгани ҳақидаги хабарлар асоссиз – ССВ
Мутахассис беморга ўзбошимчалик билан бактерия ва вирусга қарши препаратларни бериш керак эмаслигидан огоҳлантириб, агар болада клиник белгилар пайдо бўлиб, улар оғирроқ кечаётган бўлса, тиббиёт ходимларига мурожаат қилиш ва специфик даволаш чораларини кўриш мақсадга мувофиқлигини билдирган.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги
ССВ матбуот хизмати Ўзбекистонда Коксаки вируси тарқалаётгани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар юзасидан муносабат билдирди.
Ушбу саволга Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков батафсил жавоб берди.
— Вирус бундай номланишининг сабаби – илк бор АҚШнинг Коксаки шаҳрида аниқланган ва у энтеровируслар оиласига мансуб, – дейди мутахассис. – Унинг 70 дан ортиқ тури бўлиб, асосан, А ҳамда В турлари учрайди.
Касаллик кўпинча болаларда учрайди. Аниқроғи, унга мойил аҳоли қатлами 3-10 ёшдаги ўғил-қизлар ҳисобланади. Катталарнинг хасталаниши эса жуда кам кузатиладиган ҳолатдир.
Шунинг учун ҳам болаларга хос клиник белгиларни кузатиш мумкин. Яъни касаллик тана ҳарорати кескин ошиши (39-40 даражагача), бош оғриғи, уйқусизлик, ҳолсизлик билан бошланиб, 2-4 кундан кейин иситма аста-секин пасая бошлайди.
Шунингдек, оддий шамоллаш белгилари, ичакдаги баъзи безовталиклар, жумладан, ич кетиши, кўнгил айниши, қайт қилиш кабилар кузатилиши мумкин.
Коксаки вирусига учраганида болаларнинг қўл ва оёғининг олд қисми ҳамда оғзининг шиллиқ қаватида турли тошмалар пайдо бўлади. Баъзи ҳолларда ютинишнинг қийинлашиши, кичик ярачалар пайдо бўлгани учун стоматитга хос томоқда оғриқлар кузатилади. Бу эса иситма кўтарилиши ва иштаҳанинг пасайишига олиб келади.
Баъзан асосий белгиларга қўшимча равишда бош оғриғи, лимфа тугунларнинг катталашиши кабилар ҳам кузатилиши мумкин.
Касаллик, асосан, ёз ойларида болалар очиқ ва умумий чўмилиш сув ҳавзаларидан фойдаланганда ва беморлар билан бевосита мулоқот қилган вақтда юқади. Хасталикнинг яширин даври 2-10 кунгача бўлиб, баъзи ҳолларда 2-5 кун давом этади.
Мазкур хасталикни келтириб чиқарадиган вирусни дунёнинг исталган жойида учратиш мумкин. Ўзбекистонда ҳам вақти-вақти билан қайд этилади.
Ҳозиргача Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси қошидаги ҳамда Вирусология илмий-тадқиқот институтининг лабораторияларида Коксаки вируси аниқлагани йўқ.
Демак, юртимизда мазкур касалллик кенг миқёсда тарқалди деган фикрга келиш учун асос мавжуд эмас.
Муҳими, Коксаки вируси учун махсус даволаш протоколлари мавжуд ва хасталик ҳеч қандай асоратларсиз тўлиқ тузалиб кетади.
Шундай бўлса-да, зинҳор, ўзбошимчалик билан беморга бактерия ва вирусга қарши препаратларни бериш керак эмас. Сабаби, Коксаки вирусига бу дори воситалари умуман таъсир қилмайди.
Агар болада клиник белгилар пайдо бўлиб, улар оғирроқ кечаётган бўлса, у ҳолда тиббиёт ходимларига мурожаат қилиш ва специфик даволаш чораларини кўриш мақсадга мувофиқ.
Мавзуга оид

11:25 / 30.05.2025
ССВ: Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ эпидемиологик вазият барқарор

17:46 / 27.02.2025
ССВ: Мавсумий респиратор касалликлар тарқалиши билан боғлиқ вазият барқарор

17:37 / 31.01.2025
“Бу маълумотни бериб боришимиз керак” – Нурмат Отабеков ҳаво ифлосланишидан эрта огоҳлантириш тизимини йўлга қўйиш ҳақида

18:52 / 19.09.2024