Жаҳон | 15:15 / 11.06.2025
11352
5 дақиқада ўқилади

Ғазода 10 мингдан ортиқ жангчисини йўқотган Исроил армияси чуқурлашиб бораётган инқирозга юз тутяпти

Инқирозни енгиш учун Исроил ўта ортодоксал яҳудийларни ёллашни бошлади ва захирадагиларнинг хизмат муддатини узайтирди.

Фото: Israeli Defense Forces / Reuters

2023 йил 7 октябрдан бери Исроил армиясининг 10 мингдан ортиқ ходими ҳалок бўлди ёки яраланди, дея хабар бермоқда Анадолу агентлиги. Ишғол остидаги Ғарбий соҳилда операциялар кучайиши ва Ғазонинг ишғолини доимий қилиш ҳаракатлари фонида, армия чуқурлашиб бораётган инсон кучи инқирозига дуч келмоқда.

Ғазодан Ливан ва Сурияга ҳужумларни кенгайтириб, Ғарбий соҳилни ишғол қилишни давом эттиргач, Исроил армияси жиддий кадрлар танқислигига дуч келмоқда. Ўтган ой қўмондонлик 12 000 аскар камлигини айтди, улардан 7 000 нафари жанговар аскарлар бўлиши керак.

Инқироздан чиқиш учун Исроил ўта ортодоксал яҳудийларни (ҳаредим) ёллашни бошлади ва захирадагиларнинг хизмат қилиш муддатини узайтирди.

Бироқ, бу чоралар кутилган натижани бермади. Ҳаредимнинг ҳарбий хизматга чақирилиши ва захирадаги хизматчилар муддатининг узайтирилиши ички норозиликни келтириб чиқарди. Ҳаредим ҳукуматни ағдариш билан таҳдид қилмоқда

2024 йил 25 июнда Олий суд ҳаредимларни мажбурий хизматдан озод қилиш қонуний асосга эга эмаслиги ва хизматга яроқли бўлганлар чақирилиши кераклиги ҳақида қарор чиқарди. Мудофаа вазири Исраэл Кац 2024 йил 15 ноябрда 7000 ҳаредимни армияга чақириш тўғрисидаги қарорни маъқуллади. Бу қарор ултра ортодоксаллар ва коалициядаги ҳаредим партияларининг кескин муносабатига сабаб бўлди.

2025 йил январ ойидан бошлаб жиноий жавобгарликка тортилиш таҳдидига қарамай, аксарият ҳаредимлар хизмат қилишдан бош тортишда давом этмоқда. Ҳаредим лойиҳаси учун масъул Авигдор Дикштейннинг сўзларига кўра, 2024 йил июлидан буён чақирув қоғозини олган 24 000 ултра ортодоксал эркаклардан фақат 1 212 (5 фоиз) чақирув жараёнини бошлаган.

Ҳаредим партиялари ҳукуматга йешива талабалари учун имтиёзни сақлаб қолиш мақсадида босимни кучайтирди, бош вазир Бинямин Нетаняҳу эса коалициясининг қулаши хавфига дуч келди.

Шас ва Бирлашган Таврот яҳудий партиялари май ойидан бери Кнессетдаги овоз беришни бойкот қилиб, ҳукуматни қонун лойиҳаларини қайтариб олишга мажбур қилмоқда. Натижада, инқироз нафақат ҳал этилмаяпти, балки ҳукумат инқирози хавфига олиб келди.

Исроилда эркаклар 32 ой, аёллар 24 ой ҳарбий хизмат қилиши шарт. Шундан сўнг фуқаролар 40 ёшга тўлгунга қадар захирадаги хизматга чақирилиши мумкин.

2023 йил 7 октябрдан сўнг сафарбар этилган захирадагилар сони 3-4 баробарга ошди. Янги моделга ўтиш билан резервчилар энди ҳар йили 2,5 ойгача (72 кун) чақирилади.

Бироқ, Ғарбий соҳил ва Ғазода операцияларнинг кучайиши туфайли бу муддат ошиб кетди, ҳатто муддатини ўтаган захирадагилар ҳам армияга қайтарилди. Исроил оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, узоқ муддатли хизмат чарчоққа олиб келади ва қисқа муддатли таътиллар учун берилган эркинлик захирадагиларнинг фавқулодда чақирувларга жавоб беришга тайёрлигини пасайтиради.

Профессионал аскарлар сонининг кўпайиши кузатилмаганда, армия захирадагиларга таянишда давом этмоқда. 72 кунлик чегаранинг бузилиши армияда, айниқса юқори қўмондонлик штабида норозиликни келтириб чиқарди.

Танқидчиларнинг босими остида Исроил армияси янги моделни ишлаб чиқди: ҳар 3-4 ойда 3-4 ҳафтага резервчиларни қисқа муддатли чақириш. Аммо бу тизим хизмат муддати муаммосини ҳал қилмагани учун ҳам танқидга учради. Муддатли ҳарбий хизматга чақирувнинг кучайиши захирадагилар учун оилавий ва моддий қийинчиликларни келтириб чиқаради, иқтисодиёт ва меҳнат бозорига зарар етказади.

«Биз захирадаги аскарларнинг юкини вақт ўтиши билан қандай камайтиришни аниқлашимиз керак. Йилига 2,5 ой ҳам жуда кўп. Бу йил Ғазодаги операция туфайли захирадагиларнинг хизмати янада узоқроқ бўлади», — деди Yedioth Ahronoth'га берган интервюсида катта офицер.

Бунинг ечими, дейди у, мажбурий хизмат муддатини 36 ойга ошириш ва муддатли ҳарбий хизматни кенгайтиришдир. Унинг тан олишича, Ғазода 10 мингдан ортиқ исроиллик аскар ҳалок бўлган ёки яраланган, яна минглаб аскар яраланган, бу эса қўшинларнинг кескин танқислигига сабаб бўлган.

Шунингдек, Исроилнинг Шимолий қўмондонлиги баталонидаги офицернинг айтишича, қўмондонлар талафотларнинг олдини олиш учун шахсий муаммолари бўйича аскарларга кўп вақт ажратади. Офицернинг қўшимча қилишича, у шахсан иш берувчиларни вақти-вақти билан сафарбар қилинадиган захирадагиларни ишдан бўшамасликка кўндиради. Шунингдек, у баъзи аскарлар ажрашиш хавфига дуч келаётганини ва шунинг учун улар уйда бўлиши учун уйга яқин жойда хизмат қилишини айтди.

Мавзуга оид