Жаҳон | 11:39 / 11.06.2025
1583
2 дақиқада ўқилади

Лос-Анжелеснинг бир қисмида тартибсизликлар туфайли комендантлик соати жорий этилди

Лос-Анжелесдаги норозилик намойишлари пайтида комендантлик соати бир квадрат миля майдонда аҳоли, журналистлар ва фавқулодда хизматлардан ташқари ҳамма учун жорий этилмоқда, деди мэр.

Фото: AP/Scanpix/LETA

Лос-Анжелесда (Калифорния) шаҳар марказида давом этаётган норозилик намойишлари туфайли комендантлик соати жорий қилинмоқда. Бу ҳақда 10 июн, сешанба куни Американинг CBS телерадиокомпаниясининг ахборот бўлими – CBS News иқтибос келтирган шаҳар мэри Карен Басс маълум қилди.

«Мен фавқулодда ҳолат эълон қилдим ва Лос-Анжелес марказида вандализм ва талончиликни тўхтатиш учун комендантлик соати жорий қилдим», деди Басс.

AFP хабарига кўра, комендантлик соати бир квадрат миля (2,5 квадрат километр) майдонга татбиқ этилади. Шаҳарнинг умумий майдони 500 квадрат милядан ошади. Кириш 10 июн соат 20:00 дан 11 июн 6:00 га қадар (Тошкент вақти билан 11 июн 8:00 дан 18:00 гача) маҳаллий аҳоли, журналистлар ва фавқулодда хизматлардан ташқари ҳаммага ёпилади, дея қўшимча қилди у. Полиция бошлиғи Жим Макдоннелнинг сўзларига кўра, уйсизлар ҳам комендантлик соатидан озод қилинган.

«Агар сиз Лос-Анжелес марказида яшамасангиз ёки ишламасангиз, ҳудудга яқинлашманг. Ҳуқуқ-тартибот идоралари комендантлик соатини бузган ҳар қандай одамни ҳибсга олади ва сиз жавобгарликка тортиласиз», — дея қўшимча қилди мэр.

Унинг сўзларига кўра, гап 5-автострада, 110-автострада, 10-автострада ҳамда 5- ва 110-автострадаларнинг кесишмаси билан чегараланган ҳудуд ҳақида бормоқда.

«Баъзи норозилик ва зўравонлик тасвирлари бу бутун шаҳар инқирози деган таассурот уйғотади, аммо ундай эмас», дея қўшимча қилди мэр.

Мавзуга оид