Ўзбекистон | 16:09 / 11.06.2025
1322
4 дақиқада ўқилади

Президент EТТБ, БАА ва Ломбардия билан ҳамкорликнинг устувор масалаларини муҳокама қилди

Ўзаро манфаатли ҳамкорликни, энг аввало, савдо-иқтисодий ва инвестициявий шерикликни ривожлантиришнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилди.

Президент Шавкат Мирзиёев 11 июнь куни Хорижий инвесторлар кенгашининг учинчи мажлиси арафасида Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Ўзбекистон билан ушбу нуфузли халқаро молиявий институт ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Қўшма лойиҳалар портфели кенгайиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди: ЕТТБнинг Ўзбекистонга инвестициялари 5,5 миллиард евродан ошди. Жорий йилда яна 1,1 миллиард евро жалб қилиш режалаштирилган бўлиб, унинг катта қисми хусусий секторни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади. Шериклик стратегияси самарали амалга оширилмоқда. ЕТТБ фаол кўмаги билан банк соҳасини трансформация қилинмоқда. Давлат раҳбари ҳамкорлик натижадорлигини ошириш муҳимлигини таъкидлаб, унинг асосий устувор йўналишларини кўрсатиб ўтди.

Сув таъминоти тизимини технологик жиҳатдан модернизация қилиш, энергия самарадорлигини ошириш дастурини илгари суриш, ипотека бозорини, эркин иқтисодий зоналар инфратузилмасини ривожлантириш, кичик ва ўрта бизнес имкониятларини кенгайтириш, аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш каби йўналишлар шулар жумласидан.

Таълим ва тиббиёт соҳаларида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини илгари суриш, сунъий интеллектни жорий қилиш ва рақамли трансформацияга қаратилган стартапларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Тошкент инвестиция форумида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Италиянинг Ломбардия вилояти губернатори Аттилио Фонтана бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Ўзаро манфаатли ҳамкорликни, энг аввало, савдо-иқтисодий ва инвестициявий шерикликни ривожлантиришнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.

Яқинда Самарқанд шаҳрида бош вазир Жоржа Мелони билан ўтган музокараларнинг натижалари, улар давомида ҳудудлараро алоқаларни қўллаб-қувватлашга келишиб олингани катта мамнуният билан қайд этилди.

Бугунги кунда мамлакатимизда Ломбардия компаниялари билан ҳамкорликда помидор, заъфарон етиштириш, нотўқима мато ва трикотаж, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Тайёр текстиль, автоэлектроника, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, сут ва мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, жамоат транспортини ривожлантириш ва бошқа лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Қўшма лойиҳалар портфелини кенгайтириш, Италиянинг илғор технологиялари ва инвестицияларини Ўзбекистон иқтисодиётининг турли тармоқларига янада кенг жалб қилиш муҳимлиги қайд этилди.

Милан шаҳрида Ўзбекистоннинг саноат ва экспорт салоҳияти кўргазмасини ўтказиш, савдо уйи очиш ва «Uzbek Organic» бренди остида экспорт линиясини ишга туширишга келишиб олинди.

Маданий-гуманитар алмашинувни кенгайтириш мақсадида 2026 йилда Миланда Ўзбекистон музейларининг кўргазмасини ташкил этиш масаласи ўрганилмоқда.

Губернатор, ўз навбатида, Ломбардия ишбилармон доираларининг лойиҳа ва ташаббуслари ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани учун Президентимизга самимий миннатдорлик билдирди. Ўзбекистон ҳудудлари билан кенг кўламли шерикликни йўлга қўйишга ҳар томонлама кўмаклашишга тайёрлигини тасдиқлади.

Учрашув якунида давлатимиз раҳбари Аттилио Фонтанага 2026 йилда Милан шаҳрида бўлиб ўтадиган қишки Олимпиадага тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда муваффақиятлар тилади.

Шу билан бирга, Шавкат Мирзиёев Хорижий инвесторлар кенгашининг навбатдаги мажлиси доирасида Бирлашган Араб Амирликлари энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл ал-Мазруий бошчилигидаги делегация билан учрашди.

Учрашувда «Amea Power», «Etihad Water & Electricity», «TAQA Water Solutions», «AD Ports» ва «Masdar» компаниялари раҳбарлари ҳам иштирок этди.

Ўзбекистон-БАА стратегик шериклик муносабатлари жадал ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди. Товар айирбошлаш ва инвестициялар ҳажми, қўшма корхоналар ва тўғридан-тўғри авиақатновлар сони ошмоқда.

Амирликларнинг етакчи компаниялари иштирокидаги лойиҳалар портфели 20 миллиард доллардан ортди. Тўртинчи Тошкент инвестиция форуми доирасида БАА компаниялари билан қатор янги келишувлар имзоланди.

Энергетика, транспорт, логистика, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, таълим, шаҳарсозлик, сув таъминоти ва бошқа йўналишлардаги йирик лойиҳаларни жадаллаштиришга келишиб олинди.

Мавзуга оид