Ўзбекистон | 23:57 / 11.06.2025
3848
2 дақиқада ўқилади

Тошкент-ситида LVMH флагман дўкони очилиши мумкин

Ўзбекистон президенти Европа бизнеси билан ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди.

Тошкент халқаро инвестиция форуми ва Хорижий инвесторлар кенгаши мажлиси доирасида президент Шавкат Мирзиёев Standard Chartered, International Hospitals Group, LVMH, Airbus каби Европанинг қатор етакчи компаниялари раҳбарларини қабул қилди.

Давлат раҳбари форумда Европа давлатларидан иштирокчилар сонининг кўпайгани томонлар иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканидан далолатлигини таъкидлади.

Европа мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми, қўшма корхоналар сони ва инвестициялар портфели кўпайиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Фаол маданий-гуманитар, таълим ва туризм алмашинувлари йўлга қўйилган.

Standard Chartered компанияси раҳбари Саиф Малик билан кичик бизнес ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш, шунингдек, Ўзбекистон банклари томонидан янги кредит линияларини ўзлаштириш бўйича шерикликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди.

International Hospitals Group бошқаруви раиси Честер Кинг билан клиника қуриш режалари, шунингдек, Ўзбекистондаги кўп тармоқли тиббиёт марказларини давлат-хусусий шериклик асосида бошқариш масалалари муҳокама қилинди.

Тошкент-ситида LVMH флагман дўконини очишни тезлаштириш муҳимлиги қайд этилди. Шунингдек, Ўзбекистондаги ипак ва табиий хомашё ишлаб чиқарувчиларни компаниянинг таъминот занжирига киритиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Airbus компаниясининг Европадаги президенти Йоҳан Пелисье билан суҳбатда авиация соҳасидаги шерикликни кенгайтириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди. Узоқ муддатли ҳамкорлик дастурини қабул қилиш муҳимлиги таъкидланди.

LVMH Moët Hennessy — Louis Vuitton — француз трансмиллий компанияси бўлиб, Christian Dior, Louis Vuitton, Givenchy, Guerlain, Moët & Chandon, Hennessy, Chaumet ва бошқа брендлар остида ҳашаматли маҳсулотлар ишлаб чиқаради. Бош қароргоҳи Парижда жойлашган.

Мавзуга оид