Тошкентдаги давлат мактабида пулли синф очилди. Мактаб директори бу янгилик эмаслигини айтди
Мирзо Улуғбек туманидаги 50-мактабда янги очиладиган тўртта 1-синфнинг биттаси пулли қилинмоқда. Мактаб директорига кўра, бундай синф ўтган йили ҳам очилган бўлиб, бунда ўқувчиларга 3 маҳал овқат берилади ва кечгача қўшимча машғулотлар ўтилади. Ойлик тўлов – 2,8 млн сўм. Бутун бошли синфни тижорий шаклда ташкил этиш қонунчиликда йўқ.

Фото: Яндекс-хариталар
Kun.uz'га Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманидаги 50-мактабга боласини бермоқчи бўлган оналардан мурожаат келиб тушди. Улар давлат мактабида пулли синфлар очилаётганидан норози.
“Бу ахир давлат мактаби-ку, нималар қилишяпти булар? Тажрибали синф раҳбарларининг синфлари пулли бўларкан, тажрибасиз, рейтинги пастлариники эса текин. Бу тоза одам ажратиш-ку, ахир. Нималар бўляпти ўзи? Тўлашга пули йўқларнинг фарзанди яхши синф раҳбарида ўқишга лойиқ эмас экан!” – дейди шахси сир қолишини истаган мурожаатчилардан бири.
50-мактаб Тошкент марказида, метронинг Амир Темур хиёбони бекати олдида жойлашган. Kun.uz мухбири фарзандини мактабга бермоқчи бўлган она сифатида мактаб директори Лазиза Арифхонова билан боғланди.
“Тижорий синфларни очганимизга иккинчи йил кетяпти. Ўтган йили биринчисини очганмиз, бу йил иккинчи йил. Бошқа мактабда директор ўринбосари бўлиб ишлаб келганман, у мактабда ҳам пулли синф бор эди, бу тизим ишлаётганига 4 йил бўляпти, шу сабаб менда бу биринчиси эмас.
[1-синфлар учун] 4 та синф очиляпти, шулардан биттаси – тижорий синф. “Коммерческий” синфларнинг ойига тўлови 2 млн 800 минг сўмдан, 3 маҳал овқати, дарслари, қўшимча машғулотлари, кечгача “кружок”лари билан бирга. Робототехника, чизмачилик, рақс, 2 хил спорт, мастер-класс келади буларга, кейин инглиз тилидан қўшимча дарслар киритганмиз. Ҳозир 2-синфдаги болаларимизга ўзбек тилидан қўшимча дарслар киритганмиз – шунақа қилиб ҳар куни болалар учта-учта машғулотлар билан банд. Бу ихтиёрий”, – деди у.
Мактаб директорига кўра, синфхоналар етишмовчилиги сабабли юқори синфларда пулли тизим қилинмаган. Ҳозирча фақат бошланғичда бор.
Лазиза Арифхонова мактабга қабул қилиш тартибини ҳам тушунтирди.
“20 июнда my.maktab.uz базаси очилади. У базада ўзингизни, кейин фарзандингизни рўйхатдан ўтказасиз. “Прописка” бўйича болани мактабга жойлаштиришингиз керак. Кейин август ойида қўшимча квота очилади, худди ўша сайтнинг ўзида асосий квотадан кейин қўшимча квотани танлаб, туманимиз ва 50-мактабни танлаб, навбатга турасиз. Кейин суҳбатга келасизлар. Микроҳудудимиз кичкина, шу сабаб ота-оналаримизда навбатга туришга бемалол имконият бор”, – деди у.
Давлат мактабида пулли синф қилиниши қонунчиликда йўқ
2019 йилда ҳукумат қарори билан тасдиқланган низомда умумий ўрта таълим муассасаларида пулли таълим хизматларини кўрсатиш тартиби белгиланган. Ҳужжатга кўра, қўшимча таълим беришга қаратилган пулли таълим хизматларидан фойдаланиш ихтиёрий.
У мактабларнинг ўқув дастурларида назарда тутилмаган, яъни давлат таълим стандартларидан ташқари машғулотларни ўз ичига олади. Хизмат мактаб директори ва ўқувчиларнинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўртасида тузиладиган шартнома асосида кўрсатилади.
Унинг нархлари мактаб кузатув кенгаши билан келишилган ҳолда, директор томонидан тасдиқланади. Директор ва педагоглар томонидан ўқувчиларнинг мажбурий тартибда пулли таълим хизматларига жалб этилишига йўл қўйилмайди.
Низомда пулли ёки тижорий синфлар тушунчаси қайд этилмаган. Аммо Конституциянинг 50-моддасига кўра, давлат бепул умумий ўрта таълим ва бошланғич профессионал таълим олишни кафолатлайди. Қолаверса, айни модда Ўзбекистон 1994 йилда ратификация қилган “Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция”нинг 28-моддасида ҳам акс этган.
Kun.uz бу борада Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг расмий муносабатини олиш учун сўров юборди.
Давлат мактабига пулли қабулни қонунчиликка киритиш ташаббуси
Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 2019 йилда қабул қилган қарор асосида, 2019/20-ўқув йилида Тошкентдаги 81 та мактабга ихтиёрий ва қисман пулли қабулни ташкил этиш кўзда тутилган эди. Ўша вақтдаги халқ таълими вазири Шерзод Шерматов буни нуфузли мактабларга микроҳудуддан ташқарида яшайдиган болаларнинг қабул қилинишидаги коррупцияни жиловлаш мақсади билан изоҳлаган эди.
Бу ташаббус кўплаб танқидларга сабаб бўлгач, янги тартиб бекор қилинганди. 81 та талабгир мактабга болани жойлаштиришнинг антикоррупцион чораларининг ижросини таъминлаш йўли топилмагунча, бу мактабларга қабулда ҳозирча пул олинмайди, дея маълум қилганди ўшанда Шерматов.
Ўтган 6 йил давомида бу борадаги вазият қандай ўзгаргани маълум эмас. Аммо ўтган даврда шаҳарда хусусий мактаблар анча кўпайди, бу – Шерматов айтган “таъсири катта” ташкилотларда ишловчиларнинг босими камайишига ёрдам берган бўлиши мумкин.
Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2018-2024 йилларда Ўзбекистонда хусусий мактабларда ўқиётган ўқувчилар сони 8 баробарга ошган. 2018/19 ўқув йилининг бошида 13 769 нафар ўқувчи хусусий мактабга қатнаган бўлса, 2024/25 ўқув йили бошида бу кўрсаткич 112 093 нафарга етган.
Мавзуга оид

20:55
“1 соатда битадиган муаммони 1,5 йилдан бери чўзишмоқда” – Зангиотада тайёр янги мактаб иш бошламаяпти

12:34
Ҳукумат қарори: Пропискаси йўқлар Тошкентда таксичилик қилолмайди

11:05
Қурилиш вазирлиги Тошкентда 110 мингта уй бузилиши бошлангани ҳақида тарқалган хабарларни рад этди

17:14 / 11.06.2025