14 йил тўсиқ ортида қолган вокзаллар: Темир панжаралар ниҳоят олиб ташланди, аммо нега энди?
Ўзбекистон темирйўл вокзаллари ниҳоят 14 йилдан сўнг темир панжаралардан халос бўлди. Вақтида хавфсизлик ниқоби остида ўрнатилган бу тўсиқлар фақат темир эмас, балки фуқаролар билан давлат орасидаги психологик деворга ҳам айланганди.
Очиқ вокзаллар – 2025 йилда
2025 йил 27 май куни ўтказилган йиғилишда президент топшириғига биноан барча темирйўл вокзаллари атрофидаги темир панжараларни олиб ташлаш ҳақида қарор қабул қилинди. 12 кун ичида 23 та вокзалдаги, умумий ҳисобда 200–350 метрлик тўсиқлар олиб ташланди.
Ҳозирда ободонлаштириш ишлари бошланган, автотранспорт воситаларининг вокзалга кириб-чиқиши учун шароитлар яратиляпти. Бу, шубҳасиз, ижобий янгилик. Аммо...
Нега бу қадар кеч?
Панжаралар 2011 йилда хавфсизликни таъминлаш мақсадида ўрнатилган эди. Бироқ ортидан ўтган 14 йил мобайнида бу тўсиқлар хавф-хатарни бартараф этишда самарасиз бўлиб қолди ва аксинча, кўпчилик учун вокзални “фақат чиптаси борлар учун” деб чекланган ҳудудга айлантирди.
Яқинларини кузатмоқчи ёки кутиб олмоқчи бўлган фуқаролар учун вокзал — панжара ортидаги ёпиқ, кириш қийин бўлган жойга айланди. Бу айниқса ёши улуғ инсонлар, болали аёллар ва йўлни тополмай сарсон бўлганлар учун катта ноқулайликлар туғдирди.
Парадокс шундаки – ҳеч бир ривожланган мамлакатда вокзаллар атрофи панжара билан ўралмайди. Бугун Россия, Туркия, Германия, Япония ёки ҳатто қўшни Қозоғистон вокзалларида бундай тўсиқлар йўқ. Аксинча, вокзаллар – шаҳарнинг марказий нуқтаси, очиқ ва эркин ҳаракат ҳудудидир. Kun.uz аввалроқ бу ҳақида суриштирув эълон қилган эди.
Қарор – яхши. Аммо тизимли фикрлаш етишмаяпти
Бугунги қарорни олқишлаш керак – вокзаллар панжараларсиз, фуқароларга очиқ ва эркин бўлмоқда. Автотранспорт учун қулай кириш, тадбиркорлар учун имкониятлар, сервис сифатининг ошиши – буларнинг барчаси ҳозир ижобий натижа беради. Аммо бу масалага давлат раҳбарининг эътибор қаратишини, ташаббус кўрсатишини кутиб ўтирмаслик, муаммони келиб чиқишидан олдин ҳал қилиш янада яхши ечим бўлади.
Темир панжаралар олиб ташланди. Бу фақатгина темир конструкцияни эмас, фуқаро ва давлат орасидаги масофани қисқартириш, эркин фуқаролик жамияти сари қўйилган муҳим қадамдир.
Мавзуга оид

10:06 / 04.03.2025
Тошкентдаги мактабда стадион панжаралари қулаб тушди

18:05 / 17.02.2025
Финландия Россия билан чегарадаги панжаралар қурилишини муддатидан олдин якунлайди

11:30 / 02.11.2024
Сербияда темирйўл вокзалида том қулаши оқибатида 14 киши ҳалок бўлди

00:16 / 30.09.2024