Ўзбекистон | 19:29 / 12.06.2025
2089
5 дақиқада ўқилади

АОКА: Meta компаниясига 23 мингта сўров юбордик, уларнинг 80 фоизи қаноатлантирилди

Meta ва TikTok компаниялари Ўзбекистон расмийларининг ноқонуний деб топилган контентларни ўчиришга доир сўровларини 80-90 фоизга “ижобий” ҳал этмоқда. Telegram ва Youtube'да эса бу самарадорлик пастроқ, дея маълум қилди АОКА директори ўринбосари Дилшод Саиджонов. Агентлик ўзбек тилидаги қўпол ва ҳақорат сўзларни жамлаб, бу сўзлар Facebook ва Instagram'да пайдо бўлмаслиги бўйича Meta билан ишламоқда.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

10 июн куни Тошкентда Масс-медиа фонди ва Meta компанияси ҳамкорлигида «Ёшлар ва ўсмирларда ижтимоий тармоқлардан хавфсиз фойдаланиш маданиятини шакллантириш» мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Тадбирда қатнашган Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Дилшод Саиджонов берилган саволга жавобан агентликнинг Meta билан ҳамкорлигига тўхталди.

«Meta билан бирга яқиндан ишлаяпмиз. Биз, АОКА интернетнинг ўзбекзамон сегментида ишлатиладиган, «бан» категориясига кирадиган қўпол ва ҳақорат сўзларнинг ҳар хил вариантини йиғиб чиқдик. Битта нарсани тан олишимиз керак, [ҳақорат сўзларни] ёзаётганларнинг фантазияси жуда кенг экан. Йиғилган сўзлар сони роса ошиб кетди. Улар ҳар хил вариацияда: кириллча, лотинча, аралаш ва инглизча… Таълим даражасидан келиб чиқиб, кимдир тўғри ёзади, кимдир хато ёзади. Улар йиғилганда бу сўзларнинг ҳажмига ўзимиз ҳам ҳайрон бўлдик. Улардан ҳатто битта луғат ясаса ҳам бўларкан.

Ҳозир бу йўналишда Meta билан ишлаяпмиз. Meta ўзининг сунъий интеллекти билан биргаликда бизга ёрдам беради. Meta платформалари – Facebook ва Instagram'да бу сўзлар пайдо бўлмаслиги exey ёрдам беришга ваъда беришди. Аминмизки, бу ҳамкорлик жуда зўр мева беради», деди Саиджонов.

Унинг айтишича, Meta вакили билан ўрнатилган доимий алоқа орқали АОКА юборган сўровларнинг қарийб 80 фоизи «ижобий» ҳал қилинган. Бошқача айтганда, Meta компанияси Facebook ва Instagram'да Ўзбекистон расмийлари ноқонуний деб ҳисоблаган контентларнинг катта қисмини ўчириб ташламоқда.

«Биз мониторинг олиб борувчи орган бўлганимиздан кейин, бизга бу экстремизм ҳолатлари Instagram'да ҳам, Facebook'да ҳам жуда яхши кўринади. Meta билан биз зўр платформа қилдик, яъни бу мавзудаги мурожаатларимизни жуда тез ҳал қилиб беришади.

Қисқа бўлса ҳам рақам келтираман: 2024 йилда Meta'нинг ўзига 23 мингдан ортиқ линк юбордик. Уларнинг 80 фоизини Meta бизга ҳал қилиб берди, уларнинг аксарияти экстремизм [билан боғлиқ контент]. Мана, бу йил 2025 йилнинг энди ярмидамиз, бизнинг сўровларимиз сони 40 мингдан ошиб кетди. Яъни айтмоқчи бўлганим, экстремизм ресурсларини ёпганимиз билан, яна ўнтаси пайдо бўлади, улар ёпилса юзтаси пайдо бўлади. Афсуски, реаллик шунақа.

АОКА сўровларни жўнатишни давом эттиради. Meta бизга ёрдам беряпти, ҳамкорликка яхши асос солинган, фундаментимиз мустаҳкам. Умид қиламанки, бу борада янада кўп натижаларга эришамиз ва [ижобий жавоб олиш] процентимиз ўсиб боради», дея Саиджоновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

АОКА расмийсининг Kun.uz мухбирига айтишича, ўчириб юборилиши керак бўлган контентлар цензура мақсадида эмас, балки қонунчиликка асосан танланади.

«Meta'га сўровлар тармоқлардаги постларни цензура қилиш учун эмас, «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги қонуннинг 12-1-моддасида келтирилган ноқонуний контентлар рўйхатига кўра юборилади. Бундай контентларнинг асосий қисми экстремистик материаллар, кейин наркотиклар савдоси, порнография, ўз жонига қасд қилишга чақирувчи, миллий, этник низо қўзғайдиган материаллар, шафқатсизлик ҳамда қурол-яроғ савдоси билан боғлиқ контентларни [ўчириш сўралади].

Meta'нинг ҳам ўз қонунчилиги бор – Guidelines. Бизнинг қонунчилик билан уларнинг тартиблари бир-бирига тушиши керак, шунда ҳамкорлик самарали бўлади. Аксарият ҳолларда тўғри келяпти, биз тушунтиряпмиз. Натижада улар [биз айтган контентни] ҳақиқатда нотўғрилигини тан оляпти ва шундан кейин ёрдам беришяпти.

Бошқа тармоқлар борасида TikTok ҳам бизга ёрдам бермоқда: 90 фоиз атрофида сўровларимиз бажармоқда. Meta кейинги ўринда. Telegram ва YouTube ҳам биз билан ишлайди, лекин уларнинг сўровларимизга жавоб бериши самарадорлиги анча пастроқ», деди Дилшод Саиджонов.

Аввалроқ АОКА ижтимоий тармоқларга оид қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйганди.

Мавзуга оид