“Конституцияга зид тартиб бекор қилиниш керак” — ХДП таксичилар масаласида вазирни гиламга чақирди
Вилоятликларнинг Тошкент шаҳрида таксичилик қилишини тақиқлаш Ўзбекистон конституциясига зид ва бу тартиб бекор қилиниши керак, деб ҳисоблайди мухолифатдаги Халқ демократик партияси. Партия транспорт вазирига бу борада сўров юбориб, вазирни ҳукумат соатига чақирди.

Фото: Kun.uz
Ўзбекистон Халқ демократик партияси таксичиларга нисбатан прописка талаби қўйилганига қарши чиқиб, транспорт вазири Илҳом Маҳкамовга сўров юборди.
Партия баёнотига кўра, вазир Маҳкамов муаммони бартараф этиш мақсадида парламентдаги ҳукумат соатига таклиф қилинган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2 апрелда қабул қилинган ва орадан икки ой ўтиб жамоатчилик эътиборига тушган қарорга кўра, такси фаолияти учун лицензия бериш тартиби ўзгарган: эндиликда автомобилнинг давлат рақамида қайси ҳудуд коди кўрсатилган бўлса, бу автомобилда фақатгина шу ҳудуд ва унга туташ ҳудуддагина таксичилик қилиш мумкин. Эски тартиб асосида лицензия олишга улгурган ҳайдовчилар лицензия муддати (1 йил) тугагунга қадар фаолиятини эркин давом эттириши мумкин.
Халқ демократик партиясининг қайд этишича, бу тартиб – Конституциясининг 67-моддасига зид. Бу модда билан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланган.
“Йўналишсиз такси фаолияти билан боғлиқ жорий қилинган чеклов турли ноқонуний фаолиятларни бошланишига, уларни эркин меҳнат фаолиятини олиб боришга тўсқинлик қилишга, энг асосийси, фуқароларимизнинг конституциявий ҳуқуқлари чекланишига олиб келади.
Шунингдек, Бош қомусимизнинг 42-моддасига кўра, ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эгалиги назарда тутилган.
Йўналишсиз такси фаолияти билан шуғулланаётган фуқароларимиз ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқидан фойдаланган ҳисобланади. Ва бундай шахслар қонунларда белгиланган тартибда тегишли лицензия олиб, тегишли солиқларни тўлаган ҳолда тўлиқ қонуний фаолият юритмоқда.
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, йўналишсиз таксилар бўйича чеклов жорий қилишга ҳеч қандай ҳуқуқий асослар йўқ. Аксинча, конституциявий меъёрларга зид келаётган жиҳатлари яққол кўриниб турибди”, – дейилади ХДП баёнотида.
Аввалроқ жамоатчилик фаоли Отабек Бакиров депутатларни ҳукумат қарори устидан Конституциявий судга мурожаат қилишга чақирган эди.
Мавзуга оид

21:27 / 12.06.2025
Прописканинг қайтиши, кутилганидан тезроқ инфляция — маҳаллий дайжест

12:34 / 12.06.2025
Ҳукумат қарори: Пропискаси йўқлар Тошкентда таксичилик қилолмайди

10:03 / 12.06.2025
Энди ҳамма фақат ўз ҳудудида таксичилик қилади, бу расман тасдиқланди

20:35 / 27.05.2025