Жамият | 09:37 / 12.06.2025
8075
2 дақиқада ўқилади

Қўқонда “Ҳизб ут-Таҳрир” ташкилотининг яширин гуруҳи аъзолари ушланди

Давлат хавфсизлик хизмати Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ички ишлар органларини жалб қилган ҳолда ўтказилган тезкор тадбирда “Ҳизб ут-Таҳрир” диний экстремистик ташкилотининг яширин гуруҳи фош этилди.

Фото: ДХХ

Хусусан, Қўқон шаҳрида яшовчи, муқаддам “Ҳизб ут-Таҳрир” ташкилотига аъзо бўлиб, Жиноят кодексининг 159- ва 244-1- ҳамда 244-2-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этгани учун 2000-2019 йилларда озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаган шахс 1965-1971 йиллар оралиғида туғилган 4 нафар фуқарони жалб қилган ҳолда ноқонуний гуруҳ тузган.

2024-2025 йиллар давомида Қўқон шаҳридаги чойхона ва ошхоналарда ўтказилган ўзаро йиғинларда гуруҳ аъзолари “Ҳизб ут-Таҳрир” ғояларини Ўзбекистонга олиб кирилишини, ушбу ташкилот томонидан чоп этилган китоб ва журналларда ифодаланган ақидапарастликни, халифалик давлати қуриш ғояларини қўллаб-қувватлаб келган.

Шунингдек, “Телеграм” мессенжеридаги ёпиқ каналга аъзо бўлиб, унда “Ҳизб ут-Таҳрир” ДЭТга тегишли материаллар билан мунтазам танишиб борган.

Гуруҳнинг яна бир аъзоси ҳам муқаддам “Ҳизб ут-Таҳрир” ташкилотидаги иштироки учун 23 йиллик жазо муддатини ўтаб,  2024 йилнинг апрел ойида озодликка чиққан бўлса, бошқа бир аъзоси эса фирибгарлик билан боғлиқ жинояти учун умрининг маълум бир қисмини панжара ортида ўтказган шахс ҳисобланади.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 159- ва 244-1- ҳамда 244-2-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди.

Мавзуга оид