Ўзбекистон | 09:33 / 12.06.2025
3930
3 дақиқада ўқилади

“Ташқи босим орқали фермерларни ердан маҳрум қилишга уриниш қонунчиликка мутлақо зид” – Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ургут тумани ҳокими ўринбосари Зуҳриддин Амоновнинг “экишни хоҳламаган фермерлар ери хитойликларга берилиши” ҳақидаги огоҳлантируви қонунчиликка тўғри келмаслигини билдирди. Вазирликка кўра, ҳолат юзасидан тегишли идоралар томонидан ҳуқуқий баҳо бериш чоралари кўрилмоқда.

Фотоколлаж: Kun.uz

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ургут тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалри бўйича ўринбосари Зуҳриддин Амоновнинг фермерларга қарата айтган “экишни хоҳламаганлар ери хитойликларга берилади” мазмунидаги огоҳлантирувига муносабат билдирди. Унда амалдорнинг гап сўзлари вазирлик сиёсати ва принсипларига тўғри келмаслигини маълум қилинган.

“Биринчидан, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддасига мувофиқ, фермер хўжалиги — бу ижара асосида ер участкаларидан фойдаланиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи ва қонун билан тақиқланмаган бошқа фаолият турлари билан шуғулланувчи тадбиркорлик субекти ҳисобланади. Шунингдек, мазкур қонуннинг 22-моддасида фермер хўжаликлари фаолиятига давлат органлари, бошқа ташкилотлар ёки уларнинг мансабдор шахслари томонидан аралашиш тақиқлангани қатъий белгилаб қўйилган.

Иккинчидан, Ер кодексининг 24-моддасига асосан, ер участкасини ижарага бериш шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш фақат тарафлар ўзаро келишуви асосида ёки суд қароридан келиб чиқиб амалга оширилиши мумкин. Демак, ҳар қандай ташқи босим, таҳдид ёки мажбурлаш орқали фермерларни ердан маҳрум қилишга уриниш — амалдаги қонунчиликка мутлақо зиддир.

Учинчидан, Ер кодексининг 16-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ерлар давлат мулки ҳисобланади. Ер билан боғлиқ мулкий муносабатлар қатъий тартибга солинган бўлиб, хорижий фуқаролар ёки юридик шахсларга ерни мулк ҳуқуқи асосида бериш тақиқланган. Шу боис, хитойлик фуқаролар ёки компанияларга ер ажратилиши ҳақидаги баёнотлар асоссиз, қонунга зид ва ҳақиқатга тўғри келмайди”, дейилади вазирлик муносабатида.

Шунингдек, вазирлик амалдорнинг видеомурожаатида айтилган айрим гап-сўзлар Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг сиёсат ва принсипларига, шунингдек, мамлакат қонунчилигига зид эканини, мазкур ҳолат юзасидан тегишли идоралар томонидан ҳуқуқий баҳо бериш чоралари кўрилаётганини билдирган.

Вазирлик барча фермер хўжаликлари, агрофирма ва агрокластерлар учун тинч, барқарор ва қонуний фаолият юритиш имконини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, адолатли ва тенг муносабатда бўлиш тамойилларига қатъий содиқлигини таъкидлаган. 

“Барча фермер ва тадбиркорларни ўз ҳуқуқ ва манфаатларини билишга, ноқонуний аралашувларга қарши қонуний чоралар кўришга чақирамиз. Бундай ҳолатлар юз берганда, Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ёки прокуратура органларига мурожаат этишингизни сўраймиз”, дейилади муносабатда.

Вазирлик инвестиция жалб этиш ва замонавий агротехнологияларни жорий этиш муҳим вазифа эканини, бироқ бу жараёнлар фақат ихтиёрийлик, қонунийлик ва тенглик тамойиллари асосида амалга оширилиши шартлигини билдирган

Олдинроқ Ургут тумани ҳокими ўринбосари Зуҳриддин Амонов пилла, ғалла ва пахта режасини бажармаган, солиқларни тўламаган фермер хўжаликларининг ерлари хитойлик инвесторларга берилишини айтганди. У видеомурожаатида Хитойдан келган инвесторлар аллақачон ҳудуддаги ерлар билан таништирилаётганини маълум қилган.

Мавзуга оид