Ўзбекистон | 08:52 / 13.06.2025
11443
4 дақиқада ўқилади

“Ҳиссиётли гапиришга тўғри келган” – Бухоро вилояти ҳокимининг гапига муносабат билдирилди

Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизматига кўра, Ботир Зарипов “ичидаги одами билан кўмиб ташла” деганда боғча ҳудудидаги ноқонуний кириш-чиқиш йўлагини назарда тутган. “Топшириқ бериш пайтида айрим раҳбарларнинг масъулиятини ошириш учун ҳиссиётли гапиришга тўғри келган”, дейилади ҳокимлик раддиясида. Бухоро шаҳар ҳокими ўринбосари эса Зарипов бузишни буюрган бино омборхонага ўхшаш қурилма эканини билдирганди.

Фото: Видеодан кадр

Бухоро вилояти ҳокимлиги Ботир Зариповнинг масъулларга қандайдир бинони бузиб ташлашни буюргани акс этган видео лавҳага муносабат билдирди. Ҳокимлик раддиясида Зарипов “ичидаги одами билан кўмиб ташлаш”ни буюрган бино йўлак экани маълум қилинган.

Ҳокимликка кўра, жорий йилнинг 22 май куни Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги ишчи гуруҳи Бухоро шаҳридаги 2-сонли давлат мактабгача таълим муассасасида амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларининг боришини кўздан кечирган.

“140 ўринга мўлжалланган мазкур муассаса 1961 йилда қурилган ва ҳозирда таъмирталаб ҳолга келиб қолган. Ўтказилган хатловга асосан маҳаллий бюджет ҳисобидан зарур маблағлар ажратилиб, боғчада капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Ўрганиш чоғида вилоят ҳокими қурилиш ишларини жадаллаштириш ва қисқа муддатда якунлаш юзасидан шаҳар ҳокимлиги ва соҳа масъулларига топшириқлар берди.

Шунингдек, ўрганиш жараёнида Ботир Зарипов давлат боғчаси ҳудуди ободонлаштирилмаганлиги, боғчага туташ бўлган ҳудуддан ўзбошимчалик билан эгалланган умумий овқатланиш объекти эгаси томонидан боғча ҳудудида тегишли рухсатларсиз, хуфёна ноқонуний кириш-чиқиш йўлаги очилганлиги, бундан ташқари боғча ҳудудининг бир қисмида юқори кучланишли трансформатор атрофи темир панжара билан ўраб олинмаганлиги юзасидан эътирозларини билдирди.

Амалдаги қонунчиликка кўра, вилоят ҳокимлари зиммасига муассасаларнинг хавфсизлигини таъминлаш, шу жумладан, ҳудудлар атрофини ўраш, уларга ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича инспекторларни бириктириш, кузатув камералари ва ёнғинга қарши сигнализация тизимларини ўрнатиш чораларини кўриш, шунингдек, муассаса ҳудудининг ва кўчмас мулкининг бутунлигини ҳамда дахлсизлигини белгиланган тартибда таъминлаш вазифалари юклатилган.

Видеолавҳада тилга олинган “бузиб ташла” жумласида айнан ўша боғча ҳудудида тегишли рухсатларсиз, хуфёна, ноқонуний кириш-чиқиш йўлагини бартараф этилиши назарда тутилган.

Бунда, вилоят ҳокими томонидан 140 нафар боғча тарбияланувчисининг хавфсизлигини таъминлаш ҳамда юз бериши мумкин бўлган турли нохуш, ноқонуний ҳолатларнинг олдини олиш - асосий мақсад бўлган”, дейилади ҳокимлик раддиясида.

Қўшимча қилинишича, вилоят ҳокимининг хусусий боғчаларни бузиб ташлаш бўйича топшириқ бергани ҳақидаги хабарлар асоссиз ва ҳақиқатга тўғри келмайди.

Шунингдек, вилоятнинг бошқа шаҳар-туманларидаги мактабгача таълим муассасаларида бу каби ҳолатларни ўрганиш ва зудлик билан бартараф этиш мақсадида Бухоро шаҳар ҳокимининг тегишли ўринбосарига “ҳайфсан” интизомий чораси қўлланилган. Ноқонуний йўлак бартараф этилган ҳамда ўрганиш олиб борилган 2-сон давлат мактабгача таълим таълим муассасасидаги жараён тасвирга олиниб, мутасаддиларга юборилган ва шу тариқа кенг тарқалган.

“Шу ўринда алоҳида таъкидламоқчимиз, вилоятда қонун устуворлиги таъминланади, биронта ноқонуний бузилиш қилинмайди. Ушбу ҳолатда вилоят ҳокими томонидан топшириқ бериш пайтида айрим раҳбарларнинг масъулиятини ошириш учун ҳиссиётли гапиришга тўғри келган”, дейилади муносабатда.

Раддияда вилоят ҳокимининг “ичидаги одами билан кўмиб ташла” деган гапига изоҳ берилмаган.

Аввлароқ ижтимоий тармоқларда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов бир гуруҳ амалдорларга боғча ҳудудида туриб қандайдир бинони бузиш бўйича топшириқ бергани акс этган видеолавҳа тарқалганди. Унда ҳоким ўзи назарда тутаётган биноларни ҳатто ичидаги одами билан кўмиб ташлашни буюрган.

“Боғча ҳудудига кирганларнинг ҳаммасининг ҳуқуқий ҳужжатларини кўтарасан. Йўғини ҳеч кимни эшитмасдан бузасан, Мўмин. Суд-пуд демасдан, бугуннинг ўзида бузиб ташлайсан. Нарсаси, ичидаги одами билан кўмиб ташлайсан. Бўлди энди, суд-пуд деб, ҳаммасини эркалатганимиз. Орқадан эшик очганнинг ҳужжатини кўрасан”, – деган Ботир Зарипов.

Бухоро шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Феруз Ҳамроев Kun.uz сўровига жавобан вилоят ҳокими боғча ҳудудидан ташқарида жойлашган, дўкон омборхонасига ўхшаш бинони бузишга топшириқ берганини маълум қилганди

Мавзуга оид