Жамият | 22:03 / 13.06.2025
10836
11 дақиқада ўқилади

Кўр-кўрона тергов ва прокурорнинг ёлғони: Олмазорда аёл камида 80 кундан бери асоссиз ҳибсда ўтирибди

Конституцияда ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда қамоқда сақланиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилганига қарамай фирибгарликда гумонланаётган аёл Олмазор тумани прокурорининг бепарволиги сабаб 1 ёки 2 эмас, камида 80 кундан буён асоссиз қамоқда қолмоқда. Инсон ҳуқуқлари ҳимоясига масъул Омбудсман бу борадаги шикоятни тергов органига юбориш билан чекланган.      

Фото: Kun.uz 

Қонунчиликда шахсни қамоқда сақлаб туриш асослари ва муддатлари аниқ белгилаб қўйилган. Ҳатто мамлакат конституциясида қамоқда сақлашга фақат суд қарорига кўра йўл қўйилиши, шахс суднинг қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги аниқ ва тиниқ қилиб кўрсатиб ўтилган. Аммо бу қоидалар Олмазор тумани прокуратураси ва туман ички ишлар терговида очиқчасига бузилмоқда: фирибгарликда гумонланаётган аёл асос бўлмаган ҳолда камида 80 кундан буён қамоқда ушлаб турилибди. 

PS: Мақола аёлнинг жиноят содир қилишда айби бор ёки йўқлиги ҳақида эмас, буни суд ҳал қилади.

Бир бошидан...

Ҳаммаси фуқаро Нозима Давроновага нисбатан икки ҳудудда “дело” очилиб, санкция қўлланганидан бошланган. Бу қандай бўлган?

Ангрен шаҳар ИИБдаги тергов доирасида жиноят ишлари бўйича Ангрен шаҳар судининг 2024 йил 22 апрелдаги ажрими билан Нозима Давроновага нисбатан сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Нозима Давроновага Олмазор туманидаги бошқа бир “дело” доирасида жиноят ишлари бўйича шу туман судининг 2024 йил 11 майдаги ажрими билан ҳам сиртдан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.

Фирибгарликда гумонланаётган аёл 2024 йил 28 июл куни ушланган ҳамда Ангрендаги жиноят иши бўйича терговга топширилган.   

Ушбу тергов якунланиб, иш жиноят ишлари бўйича Оҳангарон туман судига оширилган ва шу суднинг 2024 йил 26 декабрдаги ҳукми билан Нозима Давроновага 2 йил 6 ой муддатга аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Мазкур иш Тошкент вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида ҳам кўриб чиқилиб, 2025 йил 14 майдаги ажрим билан ҳукм ўзгаришсиз қолдирилган. Шикоят ёки протест келиб тушмагани боис апелляция судида ҳукмнинг Нозима Давроновага оид қисми муҳокама қилинмаган.

Олмазорни “хотиржам” қилган ҳукм

ЖИБ Оҳангарон туман судининг 2024 йил 26 декабрдаги ҳукмида Нозима Давроновага 2 йил 6 ой муддатга аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Жазони ижро этиш ва ижросини назорат қилиш у доимий рўйхатдан ўтган Ангрен шаҳар ИИБ зиммасига юклатилган. Аёлга нисбатан қўлланган “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси бекор қилиниб, ЖИБ Олмазор туман судининг 2024 йил 11 майдаги ажримига асосан Н.Даврановага нисбатан бошқа жиноят иши бўйича “сиртдан қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилганлиги инобатга олинган.

Тошкент вилоят суди раисининг ўринбосари - жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Умид Расулбердиев Kun.uz’га тушунтиришича, айни шу сана (2024 йил 26 декабр)да Н.Давранова Олмазор туман ИИБ ТБ ихтиёрига ўтган ва ЖИБ Олмазор туман судининг 2024 йил 11 майдаги сиртдан қамоққа олиш ҳақидаги ажрими кучга кириб, муддати ўта бошлаган.

Шунга асосланилса Нозима Давроновани қамоқда сақлаб туриш муддати 2025 йил 26 март куни тугаган бўлади  (махбуснинг адвокатлари қамоқ муддати ҳукм чиққан сана - 2024 йил 26 декабрда тугаган бўлиши керак, деб ҳисобламоқда). Ушбу муддат тергов органи томонидан узайтирилмаган. Демак, Нозима Давронова 2025 йил 26 мартдан бошлаб ҳисобланса (мақола эълон қилинган сана – 13 июнгача) 80 кундан буён асоссиз равишда қамоқда ушлаб турилган бўлади.

Прокурорнинг ёлғони

Бунга қадар аёлнинг адвокатлари турли идораларга қамоқда ушлаб туришнинг асоссиз эканини асослаб, уни дарҳол озод этилишини сўраган ҳолда 40дан зиёд шикоятлар йўллаган. Аммо деярли барча аризалар Олмазор прокурори ёки терговчисига юборилаверган.

Шу шикоятлардан бирига Олмазор тумани прокурори Аҳрор Ахунов номидан 2025 йил 20 май куни жавоб хати берилган.

Нозима Давронова қандай асос бўйича қамоқда ушлаб турилгани ҳақидаги сўровга жавобан ёзилган хатда “Чирчиқ шаҳар ИИБ Тергов бўлими иш юритувида мавжуд бўлган жиноят иши бўйича айбланувчи Н.Давроновага нисбатан бир нечта айблов билан айблов эълон қилиниб, унга сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси танланган ҳамда қидирув эълон қилингани” ҳақида гап боради.

Аммо Нозима Давроновага нисбатан Чирчиқ шаҳар ИИБда ҳеч қандай “дело” қўзғатилмаган ва унга сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланмаган. Буни Чирчиқ шаҳар ИИБ ҳамда жиноят ишлари бўйича Чирчиқ шаҳар суди расмий хат билан тасдиқлаган.   

 

Нозима Давроновага нисбатан Чирчиқ шаҳар ИИБда “дело” қўзғатилиб, сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўллангани Олмазор тумани ИИБ ФМБ бошлиғи ўринбосари А.Итолмасовнинг 2025 йил 29 март куни Олмазор туман прокурори Аҳрор Ахуновга юборилган хатида ҳам келтирилган. Бу ёлғонга прокурор Аҳрор Ахунов ҳам, туман прокуратурасидаги ходимлар ҳам ишонган бўлса керак, хато маълумотни адвокатга жавоб хати сифатида бериб қутилишган.

Бу бир инсон тақдирига қай даражада бепарволик билан муносабатда бўлинаётгани белгиси бўлса ажаб эмас.

Терговчининг баҳонаси: “Суд рухсат бермади” 

Kun.uz ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Олмазор туман прокуратурасида бўлди. Туман прокурори ўринбосари бу ҳолатни “тергов кўп бора тўхтатиб турилгани, сабаби Ангрен шаҳридаги “дело” бўйича ишни кўраётган апелляция суди тергов ҳаракатлари олиб бориш учун рухсат бермагани, шу сабаб маҳбусни терговга олиб келиш имкони бўлмагани” билан изоҳлади.

Аммо эътиборли жиҳати шундаки, “суд рухсат бермагани учун тергов қила олмадик” деган пайтда Олмазор ИИБ терговчиси Нозима Давроновага нисбатан тергов ҳаракатларини давом эттирган. Жиноят иши материалларининг Kun.uz мухбири гувоҳи бўлган саҳифаларидан бирида 2025 йил 15 январ куни (ҳукм чиққанидан 22 кун ўтиб) Нозима Давронова Олмазор туман ИИБ тергов бўлими терговчисининг хизмат хонасида сўроқ қилинган ва бу ҳақида баённома расмийлаштирилганини кўриш мумкин.  

“Рухсат сўрашга ҳожат йўқ эди”

Kun.uz вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Тошкент вилоят суди билан боғланди. Вилоят суди раиси ўринбосари – жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Умид Расулбердиевнинг изоҳлашича, апелляцияда ҳукмнинг Нозима Давроновага оид қисми муҳокама қилинмаган. Шу сабабли Нозима Давронова 2024 йил 26 декабрдан бошлаб унга нисбатан қўлланган иккинчи санкцияга доирасида Олмазор тумани ИИБ ихтиёрига ўтган. “Маҳбусни терговга жалб этиш тартиб-қоидалари қонунларда аниқ тиниқ белгилаб қўйилган, терговчи ваколатлари доирасида процессуал ҳаракатларни амалга ошириши керак эди, Давронова билан тергов ҳаракатлари олиб борилиши учун биздан рухсат сўрашга ҳожат ҳам бўлмаган” дея фикрларини якунлади Умид Расулбердиев. 

“Почталон” Омбудсман

Нозима Давронованинг қамоқда асоссиз ушлаб турилгани ҳақида Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва омбудсманга мурожаатлар жўнатилган.

Асосий вазифаларидан бири ушлаб турилган, қамоққа олинган ва озодликдан маҳрум этилганларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўлган Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили - омбудсман ўзига жўнатилган мурожаатни ҳатто ўқиб кўрмаган бўлиши мумкин. Чунки мурожаат аёлнинг асоссиз ушлаб турилгани ҳақида бўлса-да “тергов жараёнидан норози бўлиб ёзган мурожаати” дея уни Бош прокуратурага копток қилиб “тепиб юборган”.

“Ажримни мендан сўраманг”

ИИВ ҳузуридаги ЖИЭДга қарашли марказий тергов ҳибсхона бошлиғи Эшқобил Дусанов адвокатнинг Нозима Давронова қамоқда асоссиз ушлаб турилгани ҳақидаги мурожаатига қисқа ва лўнда қилиб шунақа мазмунда жавоб берган:

“Марказий тергов ҳибсхонасида сақланишига асос бўлган ажрим нусхасини олиш масаласида Н.Давроновага оид жиноят ишини юритаётган тергов ёки суд органига мурожаат қилишингиз тавсия этилади”.  

“Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги қонуннинг 53-моддасига кўра, суриштирувчи, терговчи, прокурор қарори ёки суд қарори, шунингдек, ушлаб туриш ёки қамоқда сақлашнинг Жиноят-процессуал кодексида назарда тутилган муддати тугаши ушлаб турилганлар ва қамоққа олинганларни қамоқдан озод қилишга асос бўлади.

Мазкур қонуннинг 54-моддасига мувофиқ, қамоқда сақлаш жойининг бошлиғи ушлаб туриш муддати тугашидан 12 соат олдин ва қамоқда сақлаш муддати тугашидан 7 сутка олдин бу ҳақда жиноят ишини юритаётган мансабдор шахсни ёки органни, шунингдек, прокурорни ёзма шаклда хабардор қилиши шарт. Агар ушлаб туриш ёки қамоқда сақлашнинг Жиноят-процессуал кодексида белгиланган муддатлари тугаганидан кейин ушлаб турилганни ёки қамоққа олинганни озод қилиш, ушлаб туриш муддатини узайтириш, ушлаб турилганга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёхуд қамоқда сақлаш муддатини узайтириш тўғрисида суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг қарори ёхуд суднинг қарори келиб тушмаган бўлса, қамоқда сақлаш жойларида қонунлар ижроси устидан назорат қилувчи прокурор ёхуд қамоқда сақлаш жойининг бошлиғи ушлаб турилганни ёки қамоққа олинганни ўз қарори билан дарҳол озод қилади.

Нозима Давроновани қамоқда сақлаб туриш муддати кунлар эмас, ойлар ўтиб кетган. Бироқ марказий тергов ҳибсхона бошлиғи Эшқобил Дусанов на қамоқда сақлаш муддати тугашидан 7 сутка олдин бу ҳақда тегишли органни ёзма шаклда хабардор этган, на бирор асос келиб тушмагани ортидан уни ўз қарори билан озод қилган. 

Кимдир назоратга оладими? 

Нозима Давронованинг қонунлар эмас, терговчи, прокурор ёки унинг ўринбосарининг “ички туйғулари” асосида 80 кундан буён қамоқда сақлаб турилиши кичик масала эмас. Бу кейс ортида инсоннинг эрки, шахсий ҳаёти дахлсизлиги турибди. Шу сабабли бунга йўл қўйган масъулларнинг ҳаракати ёки ҳаракатсизлигига ҳуқуқий баҳо берилиши зарур. Йўқса бу бошқа инсонлар тақдирида ҳам такрорланиши мумкин.

Руслан Сабуров,
Kun.uz  

Мавзуга оид