Жаҳон | 07:43
24037
7 дақиқада ўқилади

Эроннинг Исроилга жавоби: Тел-Авивда вайронгарчиликлар, яраланганлар бор

Тел-Авив ва Қуддусда портлашлар кузатилди, 40 дан ортиқ киши яралангани ҳақида хабар берилган.

Эрон 13 июн куни кечқурун Исроил йўналишида юзлаб баллистик ракеталар учирди. «Хавфни қайтариш учун мудофаа тизимлари ишламоқда. Аҳолидан ҳимояланган жойларга яшириниш ва кейинги буйруқларгача ўша ерда қолиш сўралади», – дейилган Исроил мудофаа армияси баёнотида. Ҳужум маҳаллий вақт билан соат 21:00 атрофида бошланган. Дастлабки зарба ортидан Эрон яна бир неча бор Исроил томон ракеталар учирди.

Исроилнинг «Темир гумбаз» мудофаа тизими Эрон ракеталарининг Тел-Авив устидаги ҳужумини қайтармоқда
Leo Correa / AP / Scanpix / LETA

ЦАҲАЛ Эрон икки тўлқиндаги зарба давомида Исроил бўйлаб камида 100 та ракета учирганини маълум қилди (аввалига ҳарбийлар ракеталар сони 150 та бўлганини айтаётганди). Эроннинг IRNA агентлиги баҳолашича, Эрон Исроил томон юзлаб баллистик ракеталар учирган. Соат 22:00 атрофида Исроилнинг фронторти қўмондонлиги исроилликлар бошпаналарини тарк этиши мумкинлигини маълум қилди, шу билан бирга, аҳолига бундай жойлардан узоққа кетмаслик тавсия этилган.

Пойтахт Тел-Авив Эрон ракеталари энг кўп учиб келган манзил бўлди. Гувоҳлар Reuters мухбирига шаҳарда портлашлар рўй берганини тасдиқлаган. Зарба келиб тушиши видеоларда акс этган: кадрларда «Темир гумбаз» тизими ҳужумни қайтариш учун ишга тушгани, кейин ракеталардан бири турар жойлар жойлашган ҳудудга тушгани акс этган.

Тел-Авив агломерациясида зарба оқибатида турар жой биноларидан бири вайрон бўлган. Шаҳар чеккасидаги ҳудудда одамлар ёнаётган бино ичида қамалиб қолган. Ўт ўчирувчилар бу ерда вайрон бўлган бинолардан бирининг ичида қолиб кетган икки кишини олиб чиқишган. Полиция Тел-Авивда бир неча бино шикастлангани ҳақида маълумот берган.

Тел-Авив агломерациясида камида еттита жойда ракета келиб урилиши қайд этилди, деб хабар берган «Едиот Ахронот». «12-канал» эса, Исроилда тўққиз нуқтада ракета зарбасини қайд этган (катта эҳтимол билан, кўп ҳолларда гап уриб туширилган ракета парчалар тушиши ҳақида кетади). Ижтимоий тармоқларда Тел-Авив ҳудудидаги портлашлар акс этган 20 га яқин видеоёзув тарқалган.

Эроннинг бир нечта ракетаси Исроил Миллий хавфсизлик вазирлиги биносига келиб тушди, деб хабар берди Эроннинг IRNA агентлиги. Хабарда қайд этилишича, вазирликнинг Тел-Авивдаги штаб-квартираси вайрон бўлган. Бу хабарда катта эҳтимол билан Мудофаа вазирлиги биноси назарда тутилган, чунки Миллий хавфсизлик вазирлиги Қуддусда жойлашган. Исроил томони ҳозирча бу маълумотга изоҳ бермади.

Эрон зарбаси оқибатида яраланганлар бор. Сўнгги маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида камида 41 киши жабрланган, уларнинг аксарияти енгил жароҳат олган, икки киши оғир аҳволда шифохонага ётқизилган.

Аввалига ҳужум оқибатида қурбонлар йўқлиги айтилганди. Кейинроқ New York Times сўнгги зарбалардан кейин Тел-Авив яқинидаги Рамат-Гануга зарба берилиши оқибатида бир аёл ҳалок бўлганини хабар қилди.

Рамат-Гандаги вайронгарчилик

Исроил расмийлари Эроннинг аксарият ракеталари нишонга етиб бормаганини маълум қилди. Исроил армияси вакили таъкидлашича, Эрон ҳужуми пайтида ракеталарнинг аксарияти уриб туширилган ёки нишонга етиб бормаган, фақат бир нечта аниқ зарбалар бор. АҚШ Исроилга Эрон ракеталарини тутиб олишда ёрдам берди, деб хабар берди Axios нашри Исроил расмийсига таяниб.

Манбалар Рамат-Ганда бир аёл ҳалок бўлганини хабар қилган

Эроннинг Исроил бўйлаб жавоб зарбаси «Ҳақиқий ваъда-3» номини олди, деб хабар берди Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси. Эрон қуролли кучлари Исроил ҳудудидаги ўнлаб нишонлар бўйлаб, жумладан ҳарбий ва авиабазаларга зарбалар йўллади, дейилади корпус баёнотида. Мазкур ҳарбий тузилма вакили Эрон Исроилнинг ҳарбий-саноат объектларини ҳам ўққа тутганини маълум қилган. Эроннинг «Ҳақиқий ваъда» номидаги олдинги икки амалиёти 2024 йилнинг апрел ва октябр ойларида ўтказилган – бу амалиётлар ҳам Исроилга ёпирилма ракета зарбалари кўринишида бўлганди.

Исроил томони Эрон турар жой кварталларига ҳужум қилиш орқали «қизил чизиқ»ни кесиб ўтганини маълум қилди. «Эрон Исроилдаги тинч аҳоли яшайдиган ҳудудларга ракета учиришга журъат этганида қизил чизиқни кесиб ўтди», – деди Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац. У «оятуллоҳ режими ўзининг жиноий ҳаракатлари учун оғир товон тўлаши»га ваъда берди. Аввалроқ «12-канал» манбаси «Фуқаролик ҳудудларини ўққа тутгани учун Эрон ҳаддан ташқари катта тўлов қилиши»ни айтганди. «Биз Исроил [Эрондаги нишонларига берилган зарбаларда] қайси нуқталарни аниқ нишонга олганини биламиз ва Исроил қаерларга зарба бермасликка қарор қилганини ҳам биламиз. Ва бу кейинги қадам», – деди манба. Турли тахминларга кўра, Исроил Эроннинг энергетика ва инфратузилма объектларига ёки Эроннинг сиёсий раҳбариятига зарба бериш билан таҳдид қилган.

Ҳужум чоғида Тел-Авив кўчаларидаги вазият

Эрон Исроилга ЦАҲАЛнинг Эрон объектларига берган зарбаларига жавобан ҳужум қилди. Исроил мудофаа кучлари Эроннинг ҳарбий ва ядровий инфратузилмасига зарба берди, натижада юқори мартабали ҳарбийлар, олимлар, шунингдек, тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлди. Дастлаб, Эрон Исроилнинг ҳаво ҳужумларига жавобан Исроилга дронлар учирган, аммо улар йўлдалигидаёқ, Ироқ, Иордания ва Сурия ҳудудларида тутиб қолинганди.

Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаий давлат телевидениеси орқали баёнотида Исроилнинг зарбаларини уруш эълон қилиш деб атади. Унинг сўзларига кўра, Исроил ўз ҳужуми билан «уруш бошлаган» ва ундан кейин «безарар қолиши»га йўл қўйилмайди. «Сионистик режим (Исроил) ўз жинояти оқибатларидан жазосиз қолмайди. Эрон миллати бизнинг жавобимиз чала бўлмаслигига ишончи комил бўлиши керак», – деган Хоминаий.

Мавзуга оид