Исроил бутун дунёдаги элчихоналари ва консулликларини ёпди
Исроилнинг Эронга берган йирик зарбаларидан кейин Исроил дипломатик миссиялари ёпиқлигича қолмоқда. Теҳрон Исроилнинг Эронга зарба беришини уруш эълон қилиш деб атади.

Фото: AP
Исроилнинг 13 июн, жумага ўтар кечаси Эронга берган йирик зарбаларидан сўнг бутун дунё бўйлаб Исроил элчихоналари ва консулликлари ёпиқлигича қолмоқда. «Сўнгги воқеаларни ҳисобга олган ҳолда, Исроилнинг бутун дунё бўйлаб ваколатхоналари ёпиқлигича қолмоқда, консуллик хизматлари кўрсатилмаяпти», — дея хабар беради Исроил дипломатик ваколатхоналари веб-сайтлари.
Худди шундай хабарлар Исроилнинг АҚШ, Буюк Британия, Швеция, Норвегия, Франция, Нигерия, Россия ва Украинадаги элчихоналари веб-сайтларида ҳам жойлаштирилган.
Аввалроқ Исроил Эрондаги қатор нишонларга, жумладан, Теҳрондаги объектларга ва Натанз ядро марказига кучли зарбалар берган эди. Эрон матбуотига кўра, ҳужумларда, жумладан, Эрон қуролли кучлари бош штаби бошлиғи Муҳаммад Бағирий ва Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси қўмондони Ҳусайн Саламий ҳам ҳалок бўлган.
Теҳрон Исроилнинг зарбаларини «уруш эълон қилиш» деб атади. Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаий Исроилга даҳшатли оқибатлар билан таҳдид қилди. Президент Маъсуд Пезешкиён Теҳрон Исроилни ҳужумдан пушаймон қилдиришини айтди. Исроил армияси маълумотларига кўра, Эрон 13 июн, жума куни Исроилга қарши камида 100 та учувчисиз учувчисиз учоқ учирди, уларнинг аксарияти Исроил ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан тутиб олинган.
Халқаро ҳамжамият вазиятни юмшатиш ва вазминликка чақирар экан, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҳарбий амалиёт «кўп кун давом этишини» айтди.