Жаҳон | 16:19 / 14.06.2025
10843
2 дақиқада ўқилади

Исроил Эронга қарши ҳарбий операция кенгайтирилганини эълон қилди

Исроил вакили «Исроилни йўқ қилишга очиқдан-очиқ чақираётган режим»нинг оммавий қирғин қуролларини яратишга яқинлашишига йўл қўйилмаслигини таъкидлади.

Фото: REUTERS

Исроил армияси Эрон ядро дастурига қарши ҳарбий операцияни кенгайтирмоқда, деди бош вазир девони маслаҳатчиси Дмитрий Генделман.

Унинг сўзларига кўра, зарбалар «ўнлаб муҳим объектлар», жумладан, баллистик ракеталарни учириш қурилмалари, ҳарбий базалар ва стратегик инфратузилма объектларида амалга оширилмоқда. Бу «аниқ разведка асосида» амалга оширилмоқда, деди у.

Бош вазир маслаҳатчиси «Исроилни йўқ қилишга очиқдан-очиқ чақираётган режим»нинг оммавий қирғин қуролларини яратишга яқинлашишига йўл қўйилмаслигини таъкидлади.

Ушбу хабардан кўп ўтмай, Mehr агентлиги Эрон шимоли-ғарбидаги Табризда кучли портлашлар содир бўлганини хабар қилди. Озодлик радиосига кўра, Исроил самолётлари у ердаги нефтни қайта ишлаш заводига, шунингдек, ҳарбий базага ҳужум қилган бўлиши мумкин.

Исроил 13 июнга ўтар кечаси Эрон ҳудудига ҳужум қила бошлади. Оқибатда Эроннинг бир қанча юқори мартабали ҳарбий офицерлари, шунингдек, ядровий тадқиқотлар билан шуғулланувчи олимлар ҳалок бўлди. Умуман олганда, Эрон ҳукумати маълумотларига кўра, Исроил ҳужумлари оқибатида 78 киши ҳалок бўлган, 320 нафардан ортиғи жароҳатланган, улар орасида тинч аҳоли ҳам бор.

Эрон бунга жавобан 13 июнь куни кечқурун Исроилга қарата ракеталарни отди. ОАВ хабар беришича, оқибатда 4 киши ҳалок бўлган, 70 нафардан ортиғи жароҳатланган.

Мавзуга оид