Жавоб ракеталарни отган Эрон ва Исроилга ёрдам бераётган АҚШ – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Эрон Исроилга жавоб зарбалари берди
Жума куни кечаси Эрон Исроилга қарши жавоб ҳаво ҳужумларини амалга оширди, портлашлар мамлакатнинг энг йирик икки шаҳри – Қуддус ва Тел-Авивда эшитилди. Тел-Авив осмонида ракеталар кўринди, ҳарбийлар Эрон икки тўлқинда ўт очганини билдирди. Исроил армияси Эрон 100 тадан кам ракета отганини ва уларнинг аксариятини «Темир гумбаз» ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими тутиб қолганини айтди. Reuters нашрига кўра, АҚШ армияси ҳам Исроилга қараб йўналган Эрон ракеталарини уриб туширишда ёрдам берган.
Ҳужумда бир нечта ракеталар биноларга етиб келди. Жумладан Тел-Авив яқинидаги Рамат Гандаги турар жой маҳалласида жойлашган кўп қаватли бино ва марказидаги бошқа бир бинога сезиларли зарар етказилди.
Маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида камида 41 киши жабрланган, уларнинг аксарияти енгил жароҳат олган, икки киши оғир аҳволда шифохонага ётқизилган. Аввалига ҳужум оқибатида қурбонлар йўқлиги айтилганди. Кейинроқ New York Times сўнгги зарбалардан кейин Тел-Авив яқинида зарба берилиши оқибатида бир аёл ҳалок бўлганини хабар қилди.
Кун давомида Исроил томонидан Эронга қилинган ҳужумлар ва Эроннинг жавоб зарбалари минтақавий миқёсдаги кенгроқ тўқнашув хавфини оширмоқда. Дастлаб, Эрон Исроилга дронлар учирган эди, аммо улар йўлдалигидаёқ — Ироқ, Иордания ва Сурия ҳудудларида тутиб қолинганди.
Эрон Олий раҳнамоси Оятуллоҳ Хоманаий Исроилни урушни бошлаганликда айблади. Эроннинг юқори мартабали расмийси Исроилда ҳеч бир жой хавфсиз бўлмаслигини ва қасос оғриқли бўлишини айтди.
«Ционистик режим ўз жинояти оқибатларидан жазосиз қолмайди. Эрон миллати бизнинг жавобимиз чала бўлмаслигига ишончи комил бўлиши керак. Болаларни ўлдирувчи режим учун дўзах дарвозалари очилади», – деган Хоминаий ўз мурожаатида.
Эроннинг Исроил бўйлаб жавоб зарбаси «Ҳақиқий ваъда-3» номини олди, деб хабар берди Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси. Эрон қуролли кучлари Исроил ҳудудидаги ўнлаб нишонлар бўйлаб, жумладан ҳарбий ва авиабазаларга зарбалар йўллади, дейилади корпус баёнотида. Мазкур ҳарбий тузилма вакили Эрон Исроилнинг ҳарбий-саноат объектларини ҳам ўққа тутганини маълум қилган. Эроннинг «Ҳақиқий ваъда» номидаги олдинги икки амалиёти 2024 йилнинг апрель ва октябрь ойларида ўтказилган – бу амалиётлар ҳам Исроилга ёпирилма ракета зарбалари кўринишида бўлганди.
Таъкидлаб ўтиш керакки, Эрон минтақада деярли ёлғиз ўйинчи бўлиб қолган. Асад режимининг ағдарилиши, Ливанда Ҳизбуллоҳ ва Яманда ҳусийларнинг заифлашуви Эронга минтақадаги прокси кучлари орқали қурол билан жавоб қайтариш имкониятини сезиларли даражада камайтириб юборган.
Эрон ушбу ҳужумлари ядро объектларига берилган зарбаларига жавоб эди. Исроилнинг дастлаб бошлаган ҳужумлари оқибатида Эроннинг юқори мартабали ҳарбийлари, олимлари, шунингдек, тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлди. Ўлдирилган генераллар орасида Қуролли Кучлар штаб бошлиғи генерал майор Муҳаммад Боғерий ва Инқилобий Гвардия раҳбари Ҳуссейн Саломий ҳам бор эди.
АҚШ ва Исроилнинг реакцияси
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу эса бу ҳужумга Эронни ядровий қурол ясашдан тўхтатиш учун рухсат берганини айтди. Шунингдек, Нетаняҳу Теҳроннинг зарбалари вақтида Эрон халқини исёнга чақирди.
«Чиқинг ва овозингизни эшиттиринг. Режим ҳозир ўзининг энг заиф ҳолатида. Эрон халқи биз сиз биланмиз. Сизни деярли 50 йилдан бери зулм остида ушлаб турган режим ҳозирда Исроил давлатини йўқ қилиш билан таҳдид қилмоқда», деган Исроил бош вазири.
Эрон ядровий дастури фақат тинч мақсадларга қаратилганини таъкидлаб келмоқда. БМТнинг ядро назоратчиси эса бу ҳафта Эрон глобал ядро тарқалмаслик шартномасидаги мажбуриятларини бузганини хулоса қилди. Шу орада АҚШ президенти Доналд Трамп Теҳрон ядровий дастур бўйича келишувга эришиш орқали Исроил бомбардимонини тўхтатиши учун ҳали ҳам кеч эмаслигини айтди.
Трамп Reutersʼга телефон орқали берган интервьюсида Теҳрон ва АҚШ ўртасида якшанба куни ўтказилиши режалаштирилган ядровий музокаралар ҳануз кун тартибида экани, бироқ уларнинг рўй беришига ишончи йўқлигини билдирди.
«Биз ҳамма нарсани билардик. Мен Эронни таҳқирлаш ва ҳалокатдан сақлаб қолишга ҳаракат қилдим. Мен уларни жуда жиддий қутқаришга уриниб кўрдим, чунки мен келишувга эришилганини кўришни хоҳлаган эдим,» деган Трамп Исроилнинг ҳужумлари ҳақида.
«Қўшма Штатлар дунёдаги энг кучли ва ўлдирувчи ҳарбий ускуналарни ишлаб чиқаради ва бу жиҳатдан ҳеч ким унинг ёнига яқинлаша олмайди. Мен Эронга Исроилда уларнинг жуда кўпи борлигини, яна кўплари йўлда эканини айтдим – ва улар бу ускуналардан қандай фойдаланишни билишади.
Айрим эронлик ашаддийлар жасорат билан гапиришди, аммо улар нималар бўлаётганини билмасди. Уларнинг барчаси энди ЎЛДИ ва бу фақат ёмонлашади! Ҳужумлар бундан-да шафқатсизроқ бўлишидан олдин, тўхтатиш учун ҳали вақт бор», деб ёзган Трамп ўзининг саҳифасида.
Исроил миллий хавфсизлик маслаҳатчиси Тзахи Ҳанегби ҳарбий ҳаракатларнинг ўзи Эрон ядровий дастурини йўқ қилолмаслигини, бироқ бу «АҚШ бошчилигида узоқ муддатли келишувга олиб келувчи шарт-шароитларни яратиши мумкинлигини» айтган.
Исроил хавфсизлик манбасининг айтишича, ҳужумдан олдин Моссад агентлари Эрон ҳудудида фаолият юритган ва унинг стратегик ракета тизимларига қарши бир қатор махфий операцияларни амалга оширган. Хусусан, Исроил Теҳрон яқинида ҳужумчи дронлар базасини ташкил этган ҳамда Эроннинг ҳаво мудофааси тизимларига ҳужум қилган. Бу худди украинлар Россия ичидан «Паутина» операциясини амалга оширганга ўхшайди.
Яқин Шарқда бошланган навбатдаги кескинлик, гарчи нефть ишлаб чиқариш ёки захиралар зарарлангани ҳақида ҳеч қандай хабар бўлмаса ҳам, қора олтиннинг нархини кескин ошириб юборди.
Германия: НАТОга янги мақсадлар учун 60 минггача қўшимча аскар керак бўлади
Германия НАТОнинг мудофаа қобилиятини ошириш бўйича янги режалари доирасида 60 минг қўшимча аскар қўшиш зарурати билан дуч келиши мумкин, деди Германия мудофаа вазири Борис Писториус Брюсселда журналистларга.
«Очиғини айтганда, бу тахминий ҳисоб, аммо Қуролли кучларнинг ҳозирги таркибидан келиб чиққан ҳолда, бизга яна 50-60 минг киши керак бўлиши мумкин», деди у. Таъкидланишича, яқин йилларда Германия ҳам янги ҳарбий хизмат модели қанчалик самарали ишлашини аниқлаши керак.
Шу билан бирга, Писториуснинг таъкидлашича, ҳозирда мажбурий ҳарбий хизматга қайтиш тавсия этилмайди. «Бизда инфратузилма етарли эмас — казармалар, ўқув марказлари йўқ. Шунинг учун, биринчи навбатда, бу имкониятларни кенгайтириш керак. Унгача тизим ихтиёрий асосда ишлайди», — дея қўшимча қилди у.
Саволларга жавоб берар экан, вазир Германияда учувчисиз учиш аппаратлари (УУА) ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва Қуролли кучларни улардан фойдаланишга ўргатиш режаларини ҳам тасдиқлади. Бундестагнинг Бундесвер бўйича комиссари Хеннинг Отте Tagesspiegel газетасига айтишича, қисман мажбурий ҳарбий хизматга ўтмасдан ва армияни хизмат жойи сифатида жозибадор қилмасдан туриб, НАТОнинг сезиларли даражада ортиб бораётган талабларини қондириш қийин.
Трамп: «Афтидан, Путинга Россиянинг Украинадаги йўқотишлари аҳамиятсиз»
Россия Украинага қарши урушда ҳафтасига 5000 аскарини йўқотмоқда, бироқ бу жангни давом эттириш ниятида бўлган Россия президенти Владимир Путинга таъсир қилмаяпти, деди АҚШ президенти Доналд Трамп. «У парво қилмаяпти. У жуда кўп қўшинларини йўқотмоқда, Украина ҳам. Кўрамиз, кейин нима бўлади», — деди Трамп Pod Force One подкастида.
Унинг сўзларига кўра, Москва ва Киев ўртасидаги тўғридан тўғри музокаралар чоғида маълум ютуқларга эришилган, бироқ кейин «улар бомбардимон қилинмаслиги керак бўлган нарсани бомбардимон қилган». Бу «ўзгаришларнинг охири» эди, деди Оқ уй раҳбари. Аввалроқ, The Atlantic'нинг Оқ уйдаги манбалари Трамп Украина Хавфсизлик хизмати (СБУ)нинг «Ўргимчак тўри» шифрланган операциясидан норози эканини маълум қилганди.
Ўз атрофидагилар билан суҳбатда Трамп бу можаронинг кучайишига олиб келиши мумкинлигини ва Украина президенти Володимир Зеленский намойишкорона операциялар ўрнига Истанбулдаги Россия билан музокараларга эътибор қаратиши кераклигини таъкидлади.
Мавзуга оид

13:54 / 13.06.2025
Эрон ядровий объектларига ҳужум бошлаган Исроил, Ҳиндистонда даҳшатли авиаҳалокат ва Хитой билан келишган Трамп – кун дайжести

13:22 / 12.06.2025
Ироқдаги фуқароларини эвакуация қилаётган АҚШ, ФСБ ва Telegram можароси ҳамда инқирозга юзланаётган Исроил армияси – кун дайжести

14:20 / 10.06.2025
Сурияга ҳужум қилган Исроил, Лос-Анжелесга денгиз пиёда қўшинларини юборган Трамп ва Ғазода яна ўққа тутилган фаластинликлар – кун дайжести

13:05 / 09.06.2025