«Болалар ўлими энг оғриқли жойимиз» — ЙҲХХ бошлиғи болалар қатнашган ЙТҲлар ва статистика ҳақида
Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи Шерзод Ибрагимов Ўзбекистонда содир бўлаётган ЙТҲлар билан боғлиқ рақамлар аксар ҳолларда ёпиқ қолаётгани ҳақидаги саволга жавобан рақамларни «керакли вақтларда» ҳисобот мажлисларида эълон қилиб бораётганини айтди. «Болалар ўлими — бизнинг энг оғриқли жойимиз. Ҳар битта мана шундай йўл-транспорт ҳодисасини эшитсак, ўзимизни қўярга жой топа олмаймиз», деди ЙҲХХ бошлиғи.

13 июн куни Ички ишлар вазирлиги йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати матбуот хизмати томонидан ОАВ вакиллари учун пресс-тур ташкил этилиб, матбуот анжумани ўтказилди. Тадбирда Ўзбекистонда содир бўлаётган ЙТҲлар, айниқса, болалар бўйича ЙТҲлар рақамлари аксар ҳолларда ёпиқ қолаётгани кўтарилди. ЙҲХХ бошлиғи Шерзод Ибрагимов бунга жавобан идора бундай рақамларни «керакли вақтларда» ҳисобот мажлисларида эълон қилиб бораётганини айтди.
«Статистик маълумотлар ўзингиз номи билан айтиб турибсиз, статистика бўйича шуғулланадиган ташкилотларда бўлади. Айнан бизда йўл ҳаракати хавфсизлиги билан боғлиқ масалалар ҳақида керакли вақтларда, Олий Мажлисда бўладиган ҳисоботларимизда ёки қайсидир ҳисобот бериш шаклидаги йиғилишларимизда айтяпмиз, фоизларда кўрсатяпмиз. Бу бўйича бугунги кунда ҳеч бир масала кўраётганимиз йўқ. Жуда кўп ОАВлар: Kun.uz, Gazeta.uz ёки Qalampir.uz вакиллари билан бевосита ёки билвосита иш ташкиллаштирилган. Улар бизга хатлар билан чиқяпти статистикадан фойдаланиш ёки бошқа масалаларда. Диалог қўйилган, ўртада ҳамкорлик бор ва бу бўйича ҳеч қандай масала йўқ», - дейди ЙҲХХ бошлиғи.
Шерзод Ибрагимов статистик рақамларни мунтазам эълон қилиб боришни йўлга қўйиш ҳақидаги журналистлар саволига жавобан «биз билан боғлиқ ва эълон қилиниши лозим бўлган статистика белгиланган тартибда эълон қилинаётгани»ни таъкидлади.
Шунингдек, матбуот анжуманида ЙҲХХ раҳбаридан болалар ўлими билан боғлиқ ЙТҲ видеолари тез-тез тарқалаётган бўлса-да, бундай ҳолатлар юзасидан ҳам статистика очиқланмаётгани сабаби сўралди.
«Болалар ўлими — энг оғриқли жойимиз десак ҳам бўлади. Ҳар битта мана шундай йўл-транспорт ҳодисасини эшитсак, ўзимизни қўярга жой топа олмаймиз. Бу бўйича алоҳида хоналар, алоҳида йўл хариталари белгилаб берилган. Болалар ўлимига сабаб бўлиши мумкин бўлган барча омиллар таҳлил қилиб чиқилган. Бу ўша мактаблар олди, мактабдан чиқиб фарзандларимиз токи уйигача борадиган маршрутларнинг барчаси таҳлил қилиб чиқилган. Куни кеча болалар омбудсмани вакиллари билан ҳам учрашув ўтказдик. Бу бўйича мавжуд муаммолар ва бартараф қилиниши керак бўлган ишларни гаплашиб олдик», - дейди у.
Шундан сўнг ОАВ вакиллари яна бир статистик маълумотлар очиқланмаётганини эслатди.
«Болалар ўлими камайиши ёки айнан рақамлар масаласи қизиқтирадиган бўлса, ушбу рақамларнинг ҳаммаси мавжуд. Статистика бошқармаларида ҳам мавжуд. Болалар ўлимининг олдини олиш бўйича қилинаётган ишларимиз ҳам мавжуд. Булар бўйича ҳозир олдимизда [маълумотлар] йўқ. Лекин бевосита келиб, бу масала бўйича ёрдам кўрсатиб, шунинг олдини олиш мақсадида ишлар ташкиллаштириш учун бизда ҳеч қандай чеклов ёки эшикларимиз ёпиқмас», - дея ЙҲХХ бошлиғи Ибрагимовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.