Тел-Авив яқинида турар жой биноси вайрон бўлди
Қурбонлар сони ортмоқда.

JACK GUEZ/AFP
Эроннинг 15 июнга ўтар кечаси Исроил бўйлаб ракета зарбалари оқибатида камида 10 киши ҳалок бўлиб, 200 дан ортиқ киши яраланган. Бу ҳақда The Times of Israel нашри «Magen David Adom» қутқарув хизматига таяниб хабар тарқатди.
Тел-Авив чеккасидаги Бат-Ям шаҳарчасида баллистик ракета кўп қаватли турар жой биносига келиб урилди. Тармоқларда уйга зарба берилиши акс этган видеоёзув пайдо бўлган.
Исроил расмийларига кўра, Бат-Ямдаги уйга берилган зарба оқибатида олти киши, жумладан, саккиз ёшли қизча ҳалок бўлган. 180 га яқин киши жароҳатланган. Етти киши бедарак йўқолган.
Қутқарувчилар харобалар остидан омон қолганларни қидирмоқда.
Исроил шимолидаги Тамра шаҳрига берилган зарба оқибатида, расмийларга кўра, тўрт киши ҳалок бўлган. Тамра асосан араблар яшовчи шаҳар бўлиб, Ҳайфадан тахминан 20 километр узоқликда жойлашган. Ҳалок бўлганларнинг барчаси мусулмон бўлган араб аёлларидир.
Мамлакатнинг марказий қисмидаги Реховот шаҳрида Эрон зарбаси оқибатида 40 киши яраланди, дея хабар берди расмийлар. Реховотдаги Вейсман илмий-тадқиқот институти қошидаги тадқиқот маркази Эрон кучлари зарбасидан жиддий зарар кўрди ва ёниб кетди, деб хабар берди The New York Times газетаси гувоҳларга таяниб.
Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси Эроннинг ракета зарбаларининг сўнгги тўлқини пайтида Исроил қирувчи самолётлари учун ёқилғи ишлаб чиқариш объектлари ва Исроилнинг энергетика таъминоти марказларига зарба берилгани ва йўқ қилинганини маълум қилди, деб ёзади Tasnim.
Исроил ва Эрон 13 июндан бошлаб бир-бирининг ҳудудига зарбалар бермоқда. Исроил ҳарбийлари мамлакат ядро дастурини йўқ қилиш мақсадида Эрон ҳудудига ҳужум бошлаганди. Зарбалар оқибатида ҳарбийлар, олимлар ва тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган. Эрон ҳам бунга жавобан Исроил ҳудудига зарбалар бермоқда.
Мавзуга оид

21:42
Эроннинг ажалвор ҳужуми ва Теҳронда навбатдаги портлашлар. Урушнинг учинчи кунидаги асосий воқеалар

14:13
Исроил Эрон мудофаа вазирлиги биносига ва Теҳрондаги асосий нефт омборига ҳужум қилди

10:46
Яқин Шарқдаги «порох тўлдирилган бочка». Исроил ва Эрон зиддияти тарихи

08:39