Ўзбекистон | 16:51
15407
2 дақиқада ўқилади

Блогер Қобил Дўсов 5 йилга қамалди

Қобил Дўсов туҳмат, ҳақорат қилиш ҳамда ёлғон хабар бериш жиноятларини содир этганликда айбли деб топилди. Унга суд ҳукми билан 5 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Ҳукмда Қобил Дўсовнинг Facebook’даги профили ҳамда Telegram’даги канали фаолияти тўхтатилиб, блокланиши ҳам белгиланган.

Фото: Kun.uz

Блогер Қобил Дўсовга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов хабар берди.

Маълум қилинишича, бугун жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида Қобил Дўсовга оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинган. Жиноят иши ЖИБ Шайхонтоҳур туман суди судяси А.Мирзаханов раислигида биринчи инстанцияда кўриб чиқилган.

Суд ҳукмига мувофиқ Қобил Дўсов 5 нафар жабрланувчига (Навоий вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси мутасадди ва масъуллари, Чирчиқ шаҳри ИИБ Пробация бўлими катта инспектори) нисбатан Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 3-қисми “а” банди, 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми “а” банди ва 237-моддаси (ёлғон хабар бериш) 2-қисми “г” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган.

Қобил Дўсовга жиноят ишлари бўйича Арнасой туман судининг 2025 йил 24 февралдаги ҳукми билан тайинланган жазони қисман қўшиш йўли билан ўташ учун узил-кесил 5 йил 2 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайиланган. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган.

Шунингдек, Қобил Дўсовнинг Facebook’даги профили ҳамда Telegram’даги канали фаолияти тўхтатилиб, блокланиши белгиланган.

Қобил Дўсов ЖИБ Чилонзор туман судининг 2024 йил 22 ноябрдаги ҳукми билан ҳақорат қилиш жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 1 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланганди. ЖИБ Яшнобод туман судининг 2025 йил 24 январдаги ажримига мувофиқ Қобил Дўсовга нисбатан тайинланган ва ўталмай қолган 11 ой 2 кун озодликни чеклаш жазоси шу муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилиб, жазони манзил-колонияларда ўташ белгиланган.

Бундан ташқари, ЖИБ Арнасой туман судининг 2025 йил 24 январдаги ҳукми билан Дўсовга 1 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Мавзуга оид