Ўзбекистон | 11:12
1453
2 дақиқада ўқилади

Коррупцияга оид маъмурий ҳуқуқбузарлик турлари кенгайтирилди

Манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчилик талабларини бажармаслик коррупцияга оид маъмурий ҳуқуқбузарликлардан бири сифатида белгиланмоқда.

Фото: Shutterstock

Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг 12 июн кунидаги 362-сон қарори билан Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.

Жумладан, манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчилик талабларини бажармаслик коррупцияга оид маъмурий ҳуқуқбузарликлардан бири сифатида белгиланмоқда.

Шунингдек, манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини аниқлашда фаол ёрдам берган шахслар ундирилган жариманинг эллик фоизи миқдорида мукофот пули билан рағбатлантирилиши назарда тутилмоқда.

Маълумот учун: Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 61-1-, 193-1- ва 193-2-моддаларида коррупцияга оид маъмурий ҳуқуқбузарликларни аниқлашда фаол ёрдам берган шахсларга БҲМнинг уч баравари миқдорида мукофот пули билан рағбатлантирилиши кўзда тутилган.

Давлат органининг ёки ташкилотининг мансабдор шахси ёки ходими томонидан манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги ҳақида хабар бермаслик БҲМнинг уч бараваридан беш бараваригача миқдорида, давлат харидлари соҳасида манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчилик талабларини бажармаслик эса йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Кодекснинг 193-4- ва 215-7-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар аниқланган тақдирда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилади.

Мавзуга оид