Жаҳон | 19:57 / 16.06.2025
13192
9 дақиқада ўқилади

Қўрқув, шок ва саросима: Эронда нималар бўлмоқда?

Исроил Эрон бўйлаб сўнгги йиллардаги энг жиддий ҳаво зарбалари сериясини амалга оширмоқда. Бу эса Эрон томонидан жавоб ҳаракатларини келтириб чиқарди ва икки томон бир-бирини ўққа тутишда давом этмоқда.

ABEDIN TAHERKENAREH/EPA-EFE/Shutterstock

Исроил ҳудудлари қаторасига уч кун ўққа тутилиши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 20 дан ошган. Теҳронда ҳам турли объектлар, жумладан турар жой биноларига зарба берилмоқда. Эрон нашрлари исроилликларнинг зарбалари қурбонлари сони камида 128 нафарни ташкил этаётгани тўғрисида хабар берган.

Теҳрон аҳолиси нима қилишини билмаяпти.

«Ўртада қолиб кетдик» – BBC Форс хизмати журналистлари билан гаплашган одамларнинг аксарияти бугунги кундаги Эрон ҳаётини шундай тасвирлайди.

Аёллардан бири икки кундан буён уйқу билмаётганини айтган: «Мен жуда оғир дамларни бошдан кечирдим».

Унинг сўзларига кўра, ҳозирги вазият унга 1980-йилларда Эрон-Ироқ уруши туфайли бомбапанагоҳларда ўтказилган кунлар ва шаҳарлар бомбаланишини эслатади. Ўшанда у бола бўлган: «Фарқи шуки, ўша вақтда ҳужум бошланганида биз сиреналарни эшитардик ёки ҳеч бўлмаганда огоҳлантириш бўларди. Ҳозир эса бомбалаш ёки ҳаво зарбалари чоғида сиреналар ҳам, огоҳлантиришлар ҳам йўқ... Афтидан, улар [амалдорлар] энди бизнинг ҳаётимиз ҳақида қайғурмаяпти».

Урушдан кейин туғилган ёшлар бу қандайлигини билмайди, дейди BBC Форс хизмати вакили Ғунча Ҳабибиозод.

Теҳронда бензинга навбат
ABEDIN TAHERKENAREH/EPA-EFE/Shutterstock

Теҳронда яшовчи яна бир киши шундай дейди: «Мен ёқилғи қуйиш учун уйимдан анча узоққа боришимга тўғри келди, чунки ҳаммаёқда улкан навбатлар юзага келган».

Шаҳар аҳолисининг бир қисми эса аллақачон «мулозимлар яшовчи жойлардан нари кетишни бошлаган».

Интернет ишлаши барқарор эмас, шу туфайли мамлакат ичкарисидаги одамлар билан алоқа ўрнатиш жуда қийин бўлмоқда, дейди нашр мухбири.

Мамлакат ташқарисида яшовчи эронликлар ўз яқинларига хабар юбориб, жавоб келишини ҳадик билан кутишмоқда.

Теҳронда яшовчи аёл зарбалар остида қолмаслик учун вақтинча шаҳарни тарк этиш ҳақида ўйлаётганини айтади.

«Биз ҳаммамиз кичик шаҳар ёки қишлоқларга, хоҳлаган жойга кетишни хоҳлаймиз, лекин ҳар биримизнинг кета олмайдиган яқинларимиз бор ва биз улар ҳақида қайғурамиз. Биз бошдан кечираётган воқеалар барчамизга, Эрон аҳолисига нисбатан адолатсизликдир», – дейди у. 

У шунингдек эронликлар «фалаж» бўлиб қолгандек кўринаётгани ҳақида гапирган.

«Мамлакат раҳбарлари ҳеч биримиз ҳақида қайғурмаётгани жуда афсусли ва биз барчамиз [нима қилиб бўлса ҳам] бу кунлардан ўтиб олишга ҳаракат қиляпмиз – тинкамиз қуриган, қўрқувда ва кучли стрессдамиз, бунинг барчаси фавқулодда оғир ва оғриқли».

Пойтахтда яшовчилардан яна бири шундай дейди: «Мен Теҳрондан шунчаки кетолмайман. Узоққа ва узоқ муддатга боролмайдиган кекса ота-онамни ташлаб, ўзим шаҳардан чиқиб кета олмайман. Бундан ташқари, мен ишга боришим керак. Нима ҳам қила олардим?»

Баъзилар Исроил ҳарбийларидан ҳарбий объектлар яқинидаги ҳудудларни тарк этишни сўраб юборган огоҳлантиришни қабул қилган. Афтидан, бундан энг кўп Теҳрон аҳолиси хавотирда.

«Ҳа, афсуски, мен бундай огоҳлантиришни кўрдим. Лекин биз айнан қаерда ҳарбий объект борлигини ва қаерда йўқлигини қаердан билайлик?» – дейди улардан бири.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҳужумларнинг иккинчи кунида эронликларга алоҳида мурожаат қилиб, уларни оёққа туришга ва амалдаги режимни ағдариб ташлашга чақирди.

Аммо, BBC Форс хизмати мухбири Дарвеш Каримийнинг сўзларига кўра, мамлакат аҳолиси ҳозирча биринчи навбатда ўз хавфсизлиги тўғрисида қайғуришни афзал кўрмоқда ва кимдир Нетаняҳунинг чақириғига қараб ҳаракат қилишининг ҳеч қандай белгилари кўзга ташланмаяпти.

Ҳукумат версияси

Фуқаролар ҳам, ҳукумат амалдорлари ҳам турар жой бинолари бу қадар вайрон бўлишини кутмаганди. Фото: Getty Images

BBC Форс хизмати вакили Пуяна Каланининг сўзларига кўра, эронликларни ядровий объектлар ва авиабазаларга қилинган ҳужумлардан ҳам кўра, турар жой биноларининг вайрон бўлиши кўпроқ ларзага солган – буни оддий фуқаролар ҳам, ҳукумат расмийлари ҳам кутмаган эди.

Вайроналар остида ҳалок бўлган бола, кўчада чангга беланиб ётган айиқча ўйинчоғи ва расм дафтарии қоғозлари – кўплаб эронликлар Эрон-Ироқ урушидан бери, айниқса пойтахт кўчаларида бундай ҳолатга гувоҳ бўлмаган.

Теҳронга ҳужум бўлган кўпчиликни ўйлантириб қўйди: нима бўляпти ўзи, кўлами қандай, ўзини ва оиласини қандай ҳимоя қилса бўлади?

Бундан ташқари, Эрон расмийлари нима учун мамлакат ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими шунчалик самарасиз бўлиб, Исроил бир неча соат ичида муҳим объектларга зарба бера олганига изоҳ бера олмади.

Жума куни кечаси Исроилнинг биринчи зарбасидан бир неча соат ўтгач ва ҳатто бир кундан кўпроқ вақт ўтгач, Эроннинг ҳеч бир расмий идораси одамларга Исроил зарбаларининг ҳақиқий кўламини ва уларга қандай муносабатда бўлишни тушунишга ёрдам берадиган ҳеч қандай ошкора маълумот ёки тушунтириш бермади. Кўпчилик кенг кўламли уруш бошланишидан қўрқиб қолганди.

Давлат телевидениесида пайдо бўлган деярли барча расмий шахслар «ҳеч қандай жиддий нарса бўлмагани»ни англатувчи оҳангда гапириб, ҳаммаси «назорат остидалиги» ва шаҳарлардаги вазият «хавфсиз ва тинч» эканини таъкидлади. Исроил самолётлари Теҳрон ва бошқа шаҳарларга қандай қилиб тўсиқсиз етиб боргани ва белгиланган нишонларга зарба бергани ҳақида ҳеч бир расмий маълумот бермади.

Аммо жума куни тушга яқин Эрон олий раҳбарининг мактуби ва видеомурожаати эълон қилингач, давлат телеканалларининг бошловчилари ва экспертлари бир овоздан «қаттиқ жавоб» ҳақида гапира бошлади.

Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоминаий Исроил зарбаларидан сўнг халққа мурожаат қилди

Оятуллоҳ Али Хоминаий ўз видеомурожаатида «қуролли кучлар қатъий ҳаракат қилишини ва разил сионистик режимни тиз чўктириши»ни ҳақида гапирди.

Кечга бориб Эрон Тел-Авив йўналишида баллистик ракеталарни учирди ва Эрон давлат оммавий ахборот воситалари воқеа жойидан тўғридан тўғри эфирни бошлади, унда ракеталар Исроилнинг ушбу мегаполиси марказига қандай тушаётгани кўрсатилди. Ушбу кадрлар фонида таҳлилчилар Эрон ракеталари Исроил мудофаасини ёриб ўтиб, унга «сабоқ» бергани ва қатор «ҳалокатли зарбалар» йўллаганини таъкидлади.

Шундай қилиб, ғалаба манзараси шаклланди, унда ҳатто Тел-Авивдаги ҳаво тревогаси сиреналарининг овози ҳам қўрқув белгиси сифатида тақдим этилди.

Буларнинг барчаси Исроилнинг Эроннинг Натанз, Фордо ва Исфаҳондаги авиабазалари ва ядровий объектларига давом этаётган ҳужумлари фонида содир бўлди, шанба кунига келиб Теҳрон узра Исроил дронлари ҳам учиб юрарди.

Одамларнинг бир қисми ёқилғи қуйиш шохобчаларига шошилди, у ерда автомобиллардан иборат узун навбатлар ҳосил бўлди, катта эҳтимол билан, улар шаҳардан қочиш ниятида эди. Бошқалар эса нон сотиб олаётгани ёки тақчиллик юзага келганда гуруч ва ўсимлик ёғи захирасини ғамлаётганини айтишди.

Орадан бир неча соат ўтиб, Эрон ички ишлар вазири давлат оммавий ахборот воситаларида аҳолига мурожаат билан чиқиб, қуйидаги тавсияларни берди: «Хотиржамлик сақланг, ваҳимага берилманг, фақат расмий манбаларга ишонинг, кераксиз сафарлардан тийилинг ва фавқулодда хизматлар билан ҳамкорлик қилинг». Бироқ бу баёнотлар кўпроқ тартибсизликларга йўл қўймаслик талабидек янгради.

Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг бир неча юқори мартабали ҳарбий қўмондонлари ва ядро соҳаси олимлари ҳалок бўлгани ҳақидаги хабардан ташқари, ягона расмий маълумот оммавий ахборот воситаларидаги тарқоқ хабарлар – ҳарбий ва ядровий объектларга берилган зарбалар ҳақидаги қисқача тафсилотлар ва ҳудудлар губернаторлари ёки маҳаллий Қизил Ярим Ой вакиллари томонидан эълон қилинган қурбонлар ҳақидаги бир-бирига зид келувчи маълумотлар эди.

Бунинг ўрнига, ахборот агентликлари расмийлар, диний уюшмалар ва бошқа турли муассасаларнинг бир овоздан эронликларни «мазлум, аммо бардошли халқ» деб атаган, «Қаршилик ўқи» (Эроннинг минтақавий иттифоқчилари) деб аталадиган куч ўз ҳаракатларини давом эттиришини тасдиқлаган ҳамда олий раҳбарни «қаттиқ қасос»ни таъминлашга чақирган баёнотлари билан тўлдирилди.

Бироқ, бу хабарлар ўрганиб чиқилгандан сўнг ҳам, Исроил қандай қилиб бундай миқёсдаги зарбаларни амалга ошира олгани, қанча амалдорлар ва олимлар ҳалок бўлгани, тинч аҳоли орасидаги қурбонлар сони қанчалиги, айнан қайси объектларга зарар етказилгани, ҳақиқий зарар миқдори ва Теҳрон ҳамда бошқа йирик шаҳарларда бўлиш хавфсизми-йўқми, номаълумлигича қолмоқда.

Мавзуга оид