Жаҳон | 20:00 / 17.06.2025
8873
8 дақиқада ўқилади

Исроил эронликлар тузумга қарши исён кўтаришига умид қилмоқда. Бунинг эҳтимоли борми?

Исроилнинг Эронга ҳужумлари кўлами шуни кўрсатадики, Исроилнинг мақсади нафақат ядровий таҳдидни бартараф этиш, балки Ислом республикасидаги режимни ўзгартиришдир. Бундай натижа қанчалик реал?

Фото: EPA

Жума куни кечқурун Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу видеомурожаат билан чиқиб, Эрон халқини ўз етакчиларига қарши исён кўтаришга чақирди.

«Исроил ҳарбий операциясининг мақсади ҳам ядровий, ҳам ракета таҳдидини бартараф этишдир. Мақсадларимизга эришар эканмиз, сиз эркинликка эришишингиз учун ҳам йўл очиб борамиз«», – деди Нетаняҳу.

Таҳлилчилар фикрича, режим ўзгаришига умид Исроилнинг Эронга ҳозирги ҳужумлари сабабларидан бири бўлиши мумкин.

«Исроил халқ кўтарилишини хоҳлайди», – дейди Reuters агентлиги билан суҳбатда Вашингтондаги Яқин Шарқ сиёсати институти ходими ҳамда кичик Жорж Буш махмуриятининг собиқ юқори мартабали мулозими Майкл Сингҳ.

Исроил зарбалар ортидан Эрон раҳбарияти заифлашиши ҳамда халқ қўзғолон кўтаришига умид қилмоқда, аммо бунда ҳам улкан хавф бор, дея қайд этади BBC Форс хизмати муҳаррири Амир Азимий, чунки бундай занжир реакцияси чиндан ҳам содир бўлишига ҳали ҳеч қандай ишонч йўқ.

BBC’нинг Яқин Шарқ бўйича корреспонденти Ҳюго Бачега қайд этишича, Эрон ҳукумати ҳозирда жиддий босим остида қолган. Жамоатчилик иқтисодиётнинг ҳолатидан, сўз эркинлиги таъминланмагани, аёллар ва озчиликлар ҳуқуқлари бузилаётганидан норози.

Исроилнинг зарбалари Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси қўмондони, мамлакат қуролли кучлари бош штаби бошлиғи ва бошқа кўплаб юқори мартабали ҳарбий раҳбарлар ўлимига олиб келди. Эроннинг жавоб зарбасидан кейин эса Нетаняҳу «тез орада Исроил ҳарбий ҳаво кучлари самолётлари Теҳрон устидан учиши»ни айтиб, мамлакатнинг сиёсий раҳбарлари ҳам йўқ қилинишига ишора қилди. Хусусан, Эрон олий раҳбари Али Хоминаий ўлдирилиши «урушга барҳам бериши» ҳақида гапирди.

Аммо содир бўлаётган воқеалар ички беқарорлик ва ҳукуматга қарши ҳаракатларга олиб келиши мумкинми ёки йўқми, бу номаълумлигича қолмоқда. Айни вақтда бундай жараёнлар бошлангани ҳақида ишончли далиллар йўқ ва агар улар бошланса ҳам, натижасини олдиндан айтиб бўлмайди.

Эрондаги ҳақиқий ҳокимият армия ва иқтисодиётни назорат қилувчилар, биринчи навбатда, Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси тузилмалари ҳамда бошқа халқ томонидан сайланмайдиган органлар қўлида жамланган. BBC Форс хизмати муҳаррири Амир Азимий бу кучларга давлат тўнтариши керак эмаслигини қайд этади: улар шусиз ҳам ҳокимиятда ва агар хоҳлашса, мамлакатни янада қарама-қарши йўналишга олиб кетиши мумкин.

Катта эҳтимол билан, Исроил кутган натижа ўзига хайрихоҳ бўлган кучлар ҳокимиятга келишига олиб борадиган исён бўлади. Аммо асосий савол шундай – ҳозирги режимга чинакам муқобил бўладиган куч борми?

Теҳронда Исроил зарбасидан кейинги вайронгарчилик. 2025 йил 13 июн
Majid Saeedi / Getty Images

Эрон мухолифати сўнгги йилларда тарқоқлигича қолмоқда. 2022 йилги «Аёл. Ҳаёт. Эркинлик» шиори остида ўтиб, мамлакатнинг катта қисмини қамраб олган намойишлардан кейин айрим мухолиф гуруҳлар секуляр ва республикачи фаолларнинг кенг доирасидан коалиция тузишга ҳаракат қилди. Аммо ким етакчилик қилиши ва бўлғуси бошқарув шакли масаласидаги ички келишмовчиликлар бу саъй-ҳаракатларга тезда путур етказди.

Исроил муқобил сифатида кўриши мумкин бўлган шахслар орасида сўнгги шоҳнинг ўғли, собиқ валиаҳд шаҳзода Муҳаммад Ризо Паҳлавий ҳам бор. У қувғинда яшайди, Ғарб давлатларининг қўллаб-қувватлашига эришишга ҳаракат қилади ва ҳатто Исроилга ташриф буюрган. Бироқ, эронликларнинг бир қисми орасида маълум даражада машҳур бўлишига қарамай, унинг сиймоси мухолифат ҳаракати учун тортишиш марказига айланиши мумкинлиги ҳақида ҳали ҳеч қандай белгилар йўқ.

Шунингдек, Ислом республикасига ҳам, монархияни тиклашга ҳам қарши бўлган, қувғиндаги сўл радикал мухолифат – «Мужоҳиддин-э Халқ» гуруҳи бор. 1980-йилларда мазкур гуруҳ Эрон-Ироқ уруши пайтида Саддам Ҳусайнни қўллаб-қувватлаган, бу эса ҳали ҳам кўплаб эронликлар назарида уларнинг обрўсига доғ бўлиб қолмоқда. Гуруҳнинг АҚШда нуфузли тарафдорлари бор, уларнинг баъзилари президент Доналд Трамп лагерига яқин, бироқ уларнинг ҳозирги Вашингтон маъмуриятига таъсири сезиларли даражада камайган.

Бошқа сиёсий кучлар ҳам бор – дунёвий демократия тарафдорларидан тортиб парламент монархияси тарафдорларигача. Аммо бугунги кунда бу гуруҳларнинг ҳеч бири ҳокимиятни қўлга олиш учун етарли даражада қўллаб-қувватланмаган ёки уюшмаган, – дейди Азимий.

Майкл Сингҳнинг фикрича, айни пайтда мухолифат реал бирлашишига айнан қандай шарт-шароитлар олиб келиши мумкинлигини ҳеч ким билмайди.

Эроннинг жавоб ҳужумидан кейин Рамат-Ган шаҳридаги вайронгарчилик
Amir Levy/Getty Images

Жума кунги ҳужумларнинг барча оқибатлари ҳақида гапиришга ҳали эрта. Ўтган йилги Эрон ва Исроил ўртасидаги кескинлик даврида режимни ағдариш бўйича жамоатчилик талабининг жиддий белгилари йўқ эди. Аммо ҳозирги воқеалар вайронагарчилик кўлами бўйича улар билан тенглаша олмайди.

Шунга қарамай, дейди Майкл Сингҳ, мисли кўрилмаган Исроил зарбаси келтирган зарарга қарамай, ўнлаб йиллар давомида Исроилга қарши шаклланган риторика ва мафкура (нафақат раҳбарият, балки Эрондаги шиа аҳолисининг катта қисми орасида ҳам) ҳокимият алмашинувини кенг кўламли халқ қўллаб-қувватлаши мумкинлигини шубҳа остига қўяди.

Эҳтимолий сценарийлардан яна бири – бу режимнинг қулаши ва ундан кейин келадиган тартибсизлик, дея қўшимча қилади Азимий. 90 миллионга яқин аҳолига эга бўлган мамлакатдаги бундай вазият бутун минтақа учун ҳалокатли оқибатларга олиб келади.

Ҳарбий эксперт Мик Райаннинг фикрича, Россия ва Хитой Эроннинг амалдаги режимини сақлаб қолиш учун ёрдам бериши мумкин.

«Эроннинг Россия билан муносабатлари ва Хитойнинг Коммунистик партия ҳокимиятини сақлаб қолишдан манфаатдорлигини ҳисобга олган ҳолда, Россия ва Хитой Эрон режимини сақлаб қолиш учун ёрдам кўрсатиши мумкин. Путин ҳам, Си ҳам ўз фуқароларига авторитар тузумни ағдариш намунасини кўрсатишни истамайди», – деб ёзади у.

Савол туғилади: Эроннинг ҳозирги босқичдаги мақсадлари нималардан иборат? Исроилдаги нишонларга зарбалар сериясига қарамай, Теҳронда вариантлар кўп эмас.

Вариантлардан бири – АҚШ билан музокараларни давом эттириш ва деэскалация курси. Бироқ, бундай қадам заифликни тан олиш сифатида қабул қилинади (айниқса Трампнинг талабларидан кейин) ва Эрон раҳбариятига қимматга тушиши мумкин, дейди Азимий.

Бунга муқобил – ҳужумларни давом эттириш. Эрон раҳбарлари ўз тарафдорларига айнан шуни ваъда қилмоқда. Аммо Исроилга берилган янги зарбалар ортидан жавоб ҳужумлари ҳам бўлмоқда.

Ўтмишда Теҳрон Американинг минтақадаги базалари, элчихоналари ва объектларига зарба бериш билан таҳдид қилган, бироқ буни амалга ошириш осон бўлмайди. Бундан ташқари, АҚШга ҳужум уларни тўғридан тўғри можарога тортади – бу Эрон энг кам хоҳлайдиган иш.

Мавзуга оид