Ўзбекистон | 19:26 / 17.06.2025
15687
6 дақиқада ўқилади

Ресторандаги “маска-шоу”: Фарғонанинг амалдорлари у ерда нима қиляпти?

Фарғона шаҳридаги ресторанлардан бирига “маска-шоу” уюштирилган. Қуролланган ниқобли ходимларга вилоят ИИБ бошлиғи Азизбек Икромов ҳамда вилоят прокурори Бахтиёр Исмоилов бошчилик қилган. 2023 йил сентябрдаги ҳодисада вилоят прокурори тезкор вакилга ресторан раҳбарини “наркотик ташлаб тиқиш”ни буюрган. Унинг бу топшириғи кузатув камераларига ёзилиб қолган. Тадбиркор ўша кундан буён таъқиб қилинаётганини айтмоқда. Айни пайтда унга нисбатан жуда кўп миқдордаги фирибгарлик ҳолатлари бўйича жиноят иши қўзғатилиб, қидирувга берилган.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

2023 йилнинг 12 сентябр куни Фарғона шаҳридаги “Грен клуб” номли ресторанга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тезкор вакиллари томонидан “маска-шоу” уюштирилган. Kun.uz’га ушбу тезкор тадбир акс этган видеолавҳалар келиб тушди.

Тасвирларда автобусда келган ўндан ортиқ ниқобли ва қуролланган ходимлар ресторан ҳудудига кирганини кўриш мумкин. Ходимлар ресторан бўйлаб ҳаракатланиб, хоналарга кириб, меҳмонлар ва хизматчиларни сўроққа тутган. Ушбу тадбирларга вилоят ИИБ бошлиғи Азизбек Икромов ҳамда вилоят прокурори Бахтиёр Исмоилов бошчилик қилган.

Наркотик ташлаб тиқ!”

Кузатув камераларига муҳрланган видеолавҳаларда Фарғона вилояти прокурори Бахтиёр Исмоилов ҳамда ИИБ бошлиғи Азизбек Икромов ҳам кўринади. Тасвирлардан бирида вилоят прокурори тезкор вакилга қарата ресторан раҳбари Шерзод Абдуғаниевни “наркотик ташлаб тиқишни” буюрганини кўриш мумкин.

Прокурорнинг сохта жиноят уюштириш ҳақидаги бу буйруғи камерага тушиб қолиши табиий эди. Буни билган тезкор вакиллар ресторандаги барча кузатув камераларининг “мияси”ни йиғиштириб олиб чиқиб кетишган. Уларнинг ушбу ҳаракати ҳам камераларга ёзилиб қолган.

Таҳририятда мавжуд яна бир видеолавҳада эса ходимлар олиб кетилган қурилмани кузатув камераларига хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи дўконга олиб бориб, хотирасини тозалашга урингани кўринади.

Бироқ ресторан эгаси Шерзод Абдуғаниев бошқа нуқтага ҳам видеоёзувларини сақлаб қолувчи қурилма ўрнатгани сабабли ресторанга уюштирилган “маска-шоу” ва вилоят прокурорининг топшириғи бошқа қурилма хотирасида ҳам сақланиб қолади.

Тунда ишлашга рухсати бўлмагани учун текшириш бўлган - ИИВ

Kun.uz ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Шохруҳ Ғиёсов билан боғланди. Унга кўра, Шерзод Абдуғаниевга тегишли ресторан рухсатномаси бўлмаган ҳолда тунда фаолият юритган.

Маска-шоу” 2023 йилда 12 сентябрда бўлган. У даврда бунинг кечаси ишлаш ҳуқуқи бўлмаган. Лекин тунги вақтда ишни тўхтатмаган. Бир неча маротаба жанжал бўлгани учун мажбурий ёптиришган ресторанини”, дейди Шохруҳ Ғиёсов.

Тунда ишлашга рухсат бўлган

Kun.uz ҳолат юзасидан ресторан раҳбари Шерзод Абдуғаниев билан суҳбатлашди. Унинг билдиришича, “маска-шоу” ўтказилган вақтда умумий овқатланиш корхонасининг тунда фаолият юритиш учун рухсатномаси бўлган.

Рухсатномамиз бор эди. Аммо “маска-шоу” қилиб босишди. Камига вилоят прокурори “наркотик ташлаб тиқ” деб очиқчасига айтиб ўтирибди. Менда камераларнинг “записи” борлигини билишгани учун бу масалалар анча пайт тинчиб кетгандай бўлди. Аммо яқинда яна бошланди”, дейди Шерзод Абдуғаниев.

У Kun.uz’га тақдим қилган маълумотнома 2022 йил 17 август куни, яъни ресторанга “маска-шоу” уюштирилишидан бир йил олдин тузилган. Маълумотномада бир нечта ташкилот вакилларидан иборат ишчи гуруҳ “Фурқатбек буюк” хусусий корхонасига тегишли “Грен клуб” умумий овқатланиш корхонаси ва кўнгилочар объектида тунги вақтда фаолият юритишига қўйиладиган талабларни ўргангани ҳақида гап боради.

Ишчи гуруҳ ўрганишни президентнинг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 июлдаги “Тунги вақтда фаолият юритувчи умумий овқатланиш корхоналари ва кўнгилочар объектларда жамоат хавфсизлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори талаби бўйича ўтказган.

Kun.uz Фарғона вилояти прокурори Бахтиёр Исмоиловнинг ҳаракати юзасидан бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновга сўров юборди. Ҳаёт Шамсутдинов таҳририят сўровига жавобан видеоёзувда акс этган ҳолат юзасидан 2023 йил октябр ойида Бош прокуратура томонидан хизмат текшируви ўтказилиб, Фарғона вилояти прокурорига жарима интизомий жазоси қўлланганини билдирди.

Унинг қўшимча қилишича, Шерзод Абдуғаниевга нисбатан муддатли тўловга автомобиллар олди-сотдисидан келиб чиққан низолар ортидан 11 та эпизод бўйича Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди, яъни жуда кўп миқдордаги фирибгарлик билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шохруҳ Ғиёсов жорий йил 10 июн куни Шерзод Абдуғаниевга нисбатан қидирув эълон қилинганини қўшимча қилиб, бу шахс ҳақида маълумотга эга бўлганлар энг яқин ИИОларига ёки 102 рақамига хабар беришларини сўради.

Маълумот учун, Фарғона вилояти ИИБ бошлиғи Азизбек Икромов 2023 йил июл ойидан буён ушбу лавозимни эгаллаб келмоқда. У бунга қадар ички ишлар вазири ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

Бахтиёр Исмоилов 2021 йил март ойидан буён Фарғона вилояти прокурори лавозимида ишлаб келмоқда. 2017-2021 йилларда эса Фарғона вилояти прокурори ўринбосари, Фарғона вилояти прокурорининг биринчи ўринбосари лавозимларида фаолият юритган.

Руслан Сабуров,
Kun.uz

Мавзуга оид