Жаҳон | 12:49
3261
2 дақиқада ўқилади

Россия ТИВ: АҚШ муносабатларни нормаллаштириш бўйича музокараларни бекор қилди

Икки томонлама муносабатларни тартибга солиш бўйича Россия ва АҚШ ўртасидаги маслаҳатлашувларнинг учинчи раунди Америка томонининг ташаббуси билан бекор қилинди, деб хабар берди Россия ТИВ. Ушбу қадамнинг сабаби кўрсатилмаган.

Россия ТИВ маълумотларига кўра, АҚШ икки давлат ўртасидаги дипломатик муносабатларни нормаллаштириш бўйича режалаштирилган музокаралар раундини бекор қилган. «Ғазаблантирувчи омилларни йўқ қилиш» ва элчихоналар фаолиятини тўлиқ тиклаш масаласи бўйича бўлажак учрашув «америкалик музокарачилар ташаббуси билан бекор қилинди», деди Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова. Унинг ОАВнинг тегишли саволига жавоби 16 июн, душанба куни Ташқи ишлар вазирлиги сайтида эълон қилинди.

«Умид қиламизки, улар олган пауза узоқ давом этмайди», — дея қўшимча қилди Захарова икки томонлама маслаҳатлашувлар бекор қилиниши сабабларини айтмасдан.

27 феврал ва 10 апрел кунлари Истанбулда муносабатларни нормаллаштириш бўйича Россия-Америка музокараларининг дастлабки икки раунди бўлиб ўтди.

Россия делегациясига Россиянинг АҚШдаги элчиси Александр Дарчиев, Америка делегациясига эса давлат котибининг Европа ва Евросиё масалалари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Соната Коултер бошчилик қилди. Дарчиевнинг сўзларига кўра, Москва, хусусан, Россиянинг АҚШдаги дипломатик мулки масаласига тўхталган.

Ўтган ҳафта Дарчиев маслаҳатлашувларнинг навбатдаги раунди «яқин келажакда» Москвада бўлиб ўтишини айтди. Бироқ, АҚШ бу маълумотни тасдиқламади.

Мавзуга оид