“Айбсиз бўлса, нега яшириниб юрибди?” – Фарғона вилояти ИИБ ресторанга уюштирилган “маска-шоу”га изоҳ берди
Бошқарма Фарғона вилоят ИИБ бошлиғи Азизбек Икромов ҳамда вилоят прокурори Бахтиёр Исмоилов бошчилигида “маска-шоу” уюштирилган “Green club” ресторани раҳбари Шерзод Абдуғаниев 11 та ҳолатда фирибгарлик йўли билан одамларнинг пулини ўзлаштирганини маълум қилган. “Жамоатчиликни айни ҳолатларга ҳам диққат қаратишларини сўраймиз”, дейилади муносабатда.
Фарғона вилояти ИИБ Фарғона шаҳридаги “Green club” ресторанига “маска-шоу” уюштирилгани ҳолатига расмий муносабат билдирди. Унда рестораннинг тунги пайтда белгиланган вақт орасида ишлаши кўздан кечирилгани айтилади.
“Ҳақиқатан ҳам 2023 йилнинг сентябр ойида Фарғона шаҳрида жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар осойишталигини таъминлаш мақсадида вилоятдаги ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбарлари бошчилигида ўтказилган тунги рейд тадбирлари доирасида муқаддам бир нечта жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этилган, ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи ҳаракатлар рўй берганлиги учун аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётган Шерзод Абдуғаниевга қарашли “Green club” ресторанининг тунги пайтда белгиланган вақт орасида ишлаши кўздан кечирилиб, тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Бу масаланинг бир томони. Бироқ фуқароларнинг фирибгарлик жинояти қурбони сифатида Шерзод Абдуғаниев устидан қилган мурожаатлари юзасидан қўзғатилган жиноят иши ўрганилганда эса фуқаро Б.Ш.нинг 23 500 АҚШ доллари, Б.Б.нинг 32 000 АҚШ доллари, С.Б. нинг 26 000 АҚШ доллар, С.З. нинг 16 500 АҚШ доллари каби жами 11 та ҳолатда уларнинг пулларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштириб, ўзининг шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборганлиги аниқланган”, дейилади муносабатда.
Шунингдек, расмий муносабатда Шерзод Абдуғаниев ўз айбини яшириш, жамоатчиликка жабрдийда бўлиб кўриниш, чалғитиш ва терговга таъсир ўтказиш мақсадида ОАВга мурожаат қилгани келтирилган.
“Ҳақиқатан ҳам Шерзод Абдуғаниев айбсиз бўлса, нега унда ҳуқуқ-тартибот органларидан яшириниб юрибди? Нега унинг устидан 11 нафар шахс бузилган ҳуқуқларини тиклаш, қонун устуворлиги таъминланишини истаб ариза ёзган? Жамоатчиликни айни ҳолатларга ҳам диққат қаратишларини сўраймиз”, дея таъкидлаган бошқарма.
Қўшимча қилинишича, ҳозирда фуқаро Шерзод Абдуғаниевга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланган ҳолда қидирув эълон қилинган. Бошқарма Абдуғаниев Шерзод Адҳамжон ўғлидан жабрланган фуқаролардан яқин орадаги ИИОга ёки 102 рақамига мурожаат қилишни сўраган.
Kun.uz аввалроқ Фарғона шаҳридаги ресторанлардан бирига “маска-шоу” уюштирилгани ҳақида суриштирув эълон қилганди. Қуролланган ниқобли ходимларга вилоят ИИБ бошлиғи Азизбек Икромов ҳамда вилоят прокурори Бахтиёр Исмоилов бошчилик қилган. 2023 йил сентябрдаги ҳодисада вилоят прокурори тезкор вакилга ресторан раҳбарини “наркотик ташлаб тиқиш”ни буюрган. Унинг бу топшириғи кузатув камераларига ёзилиб қолган.
Мавзуга оид

19:26 / 17.06.2025
Ресторандаги “маска-шоу”: Фарғонанинг амалдорлари у ерда нима қиляпти?

13:57 / 13.06.2025
Фарғонада 45 ёшли эркак ёш болани машина юкхонасига солиб қўйди

09:22 / 08.06.2025
Тошкентдан Фарғонага гиёҳвандлик воситасини олиб кетаётган шахслар ушланди

08:00 / 02.06.2025