Жамият | 21:02 / 19.06.2025
33953
3 дақиқада ўқилади

11 ёшли қизни мунтазам зўрлаб келган педофил узоқ муддатга қамалди

Аброр Козубаев блогер ниқоби остида бошқа аёлни иккинчи хотин қилиб олган ва унинг вояга етмаган 11 ёшли қизини мунтазам зўрлаб келган. У рад қилиб бўлмас далиллар билан қўлга олинганди. Қўзғатилган жиноят иши ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Вояга етмаган қизни мунтазам зўрлаб келган 32 ёшли Аброр Козубаев жиноий жазога тортилди. Бу ҳақда Kun.uz’га Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати раҳбари хабар берди.

Маълум қилинишича, Аброр Козубаевга оид жиноят иши ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилган.

Жиноят ишлари бўйича Сергели туман судининг 2024 йил 27 декабрдаги ҳукми билан Аброр Козубаев Жиноят кодексининг 126-1-моддаси 2-қисми билан айблаш эпизоди бўйича ҳаракатларида жиноят таркиби бўлмагани сабабли айбсиз деб топилиб, оқланган.

У Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди, 126-1-моддаси (оилавий (маиший) зўравонлик) 3-қисми, 112-моддаси (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 1-қисми, 25,119-моддаси (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) 4-қисми ва 119-моддаси 4-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган. Унга тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан 17 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Тайинланган жазонинг 1 йилини турмада, қолган қисмини умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган. Шунингдек, ҳукм қонуний кучга киргач, Аброр Козубаевдан жабрланувчи М.А. фойдасига жиноят оқибатида етказилган 254,6 млн сўм моддий зарарни ундириш назарда тутилган.

Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича апелляция инстанциясининг 2025 йил 17 апрелдаги ажрими билан биринчи инстанция суди ҳукмининг Аброр Козубаевга оид қисми ўзгартирилган. Яъни унинг ҳаракатларидан ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш жинояти ҳамда ушбу жиноят бўйича тайинланган жазо чиқарилган. Шу тариқа, Аброр Козубаевга жазоларни қисман қўшиш йўли билан 16 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Ҳукмнинг қолган қисми ўзгаришсиз, апелляция шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилган.

2024 йилнинг июн ойида Аброр Козубаев вояга етмаган 11 ёшли қизни мунтазам зўрлаб келгани маълум бўлганди. 5 фарзанднинг отаси бўлган ушбу шахс қонуний хотини бўла туриб, блогер ниқоби остида бошқа бир эркак билан расмий никоҳи бекор қилинмаган аёлни ўзига иккинчи хотин қилиб олган. Шу билан ҳам қониқмай, иккинчи хотинининг вояга етмаган қизини ҳам мунтазам зўрлаб келган.

Мавзуга оид