Жаҳон | 10:54
1419
2 дақиқада ўқилади

Германия ТИВ раҳбари ва унинг ҳамкасблари Эрон ТИВ раҳбари билан учрашувни режалаштиряпти

Немис дипломатларига кўра, Германия, Франция ва Буюк Британия ташқи ишлар вазирлари 20 июн куни Женевада Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арағчи билан учрашув ўтказиш ниятида.

Йоханн Вадефул Фото: Hannes P Albert/dpa/picture alliance

Исроил ва Эрон ўртасидаги жанговар ҳаракатлар авж олган бир пайтда Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефул ҳамда Франция ва Буюк Британия ташқи ишлар вазирлари 20 июн куни Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арағчи билан учрашмоқчи. Бундан олдин европалик дипломатлар Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас билан учрашув ўтказади, дея таъкидлайди Reuters.

Немис дипломатларига кўра, музокаралардан мақсад Эрон томонини ядро дастуридан фақат «фуқаролик мақсадларида» фойдаланиш ниятида эканига кафолат беришга ишонтиришдир. Dpa манбаларига кўра, бу ташаббус АҚШ билан келишилган. Шу куни мамлакат президенти Доналд Трамп Эрон билан музокаралар учун «ҳали эшикни ёпмаганини» айтди ва «бир кун ичида» «вазият маркази»да кейинги ҳаракатларни муҳокама қилишини маълум қилди.

Германия вазири аввалроқ 16 июн куни Франция ва Буюк Британиядаги ҳамкасблари ҳамда Кая Каллас билан биргаликда Аббос Арағчи билан телефон орқали мулоқот қилгани ва дипломатик ечим топиш бўйича музокара бошлашни таклиф этгани ҳақида хабар берган эди.

Мавзуга оид