Жаҳон | 08:50
3205
2 дақиқада ўқилади

Каллас Ғарбни Россияга қарши бирлашишга чақирди

«Россиянинг НАТО ва ЕИга қарши имконияти йўқ. Лекин биз бирга бўлишимиз керак», деди Кая Каллас Европарламентдаги чиқишида. Алянсдаги бирлик мудофаа харажатларини ошириш каби устувор аҳамиятга эга, дея қўшимча қилди у.

Фото: Frederick Florin/AFP/Getty Images

Украинадаги уруш юзасидан АҚШ ва НАТОнинг аксарият бошқа давлатлари ўртасида давом этаётган келишмовчиликлар фонида Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас Ғарб иттифоқчиларини бирдам бўлишга чақирди. 18 июн, чоршанба куни Страсбургда Европарламентда қилган чиқишида у: «Россиянинг НАТО ва ЕИга қарши ҳеч қандай имконияти йўқ», деди ва шундай таъкидлади: «Аммо биз бирга бўлишимиз керак!».

24—25 июн кунлари Ҳаагада бўлиб ўтадиган НАТО саммити олдидан Европа дипломатияси раҳбари «алянсда бирликни сақлаш мудофаа харажатларини ошириш каби устувор вазифа бўлишини» айтди. «Мен НАТОдаги иттифоқчиларимиз билан биргаликда ҳаракат қилиш орқали енгиб бўлмайдиган таҳдид борлигига ишонмайман», — дея қўшимча қилди Каллас.

The Times'нинг Украина президенти маъмуриятидаги манбасига таяниб ёзишича, Ҳаагадаги саммитга Украина президенти Володимир Зеленский ҳам таклиф қилинган, бироқ бу борадаги қарор «саммит арафасида» қабул қилинади. НАТО саммити матнида барибир Россия «тўғридан тўғри таҳдид» сифатида қайд этилади, бироқ Украинанинг алянсга аъзо бўлиш учун «қайтиб бўлмас» йўли борлиги ҳақидаги аввалги баёнотлар бу сафар такрорланмайди, деб ёзади The Times. Аввалроқ Украина саммитга таклиф қилинганини алянс бош котиби Марк Рютте тасдиқлаган эди.

Мавзуга оид