Ўзбекистон | 19:42 / 23.06.2025
11532
2 дақиқада ўқилади

Фурқат туманида маҳалла раиси ҳокимликдаги йиғилишдан чиқиб вафот этди

Туман ҳокими Элёр Асронкулов танқидий руҳда ўтказган йиғилишда маҳалла раислари иштирок этган. Калдушон маҳалласи раиси Шарифжон Абдуллаев соғлиги туфайли фаолиятини тўхтатмоқчи эканини айтиб, йиғилишни тарк этган. Ҳокимлик ташқи ҳовлисида унинг соғлиги ёмонлашган. Туман тиббиёт бирлашмасига олиб борилган маҳалла раиси ўша ерда вафот этган.

Фото: Фурқат тумани ҳокимлиги

Ижтимоий тармоқларда Фурқат туманида маҳалла раиси ҳокимликда ўтказилган йиғилишда туман ҳокимининг қўпол муносабатидан сўнг вафот этгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Фурқат тумани ҳокимлиги матбуот хизмати ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Ҳокимлик муносабатида келтирилишича, жорий йил 18 июн куни туман ҳокимлигида йиғилиш ўтказилган ва унда маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари иштирок этган. Йиғилишда маҳалла раислари зиммасига юклатилган вазифалар ижроси юзасидан топшириқлар берилган.

“Йиғилиш танқидий руҳда ўтган, лекин туман ҳокими томонидан шахсга нисбатан ҳақоратли сўз ишлатилмаган. Калдушон маҳалласи раиси Шарифжон Абдуллаев йиғилиш пайтида соғлиги билан боғлиқ муаммолар сабаб фаолиятини тўхтатмоқчилигини айтиб, йиғилишни тарк этган. Ҳокимлик ташқи ҳовлисида соғлиги ёмонлашгани туфайли тез ёрдам чақирилган, туман тиббиёт бирлашмасига олиб борилган”, дейилади муносабатда.

Маҳалла раиси шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамасдан, шифохонада вафот этган.

Маълумот учун, Фарғона вилоятининг Фурқат туманига 2024 йил август ойидан буён Элёр Асронкулов ҳокимлик қилиб келади.

Мавзуга оид