Иқтисодиёт | 16:50
5432
2 дақиқада ўқилади

Долларнинг расмий курси 12 410 сўмгача тушди

Йил бошидан бери АҚШ доллари ўзбек сўмига нисбатан 3,8 фоизга арзонлашди. Иқтисодчи Юлий Юсуповга кўра, бу ҳолатни валюта мустаҳкамланиши сифатида баҳолаш нотўғри. «Сўмнинг қадри ортмаяпти, балки долларнинг халқаро миқёсда заифлашуви кузатиляпти», дея ёзди у.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон Марказий банки 24 июндан бошлаб хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан янги қийматини белгилади. АҚШ доллари курси кунлик савдолар якунига кўра яна 85,9 сўмга ўз қийматини йўқотди.

Умуман олганда, доллар курси кетма-кет олтинчи савдо куни сўмга нисбатан пасайиб, деярли 349 сўмга (2,7 фоиз) — 12 760,2 сўмдан 12 410,9 сўмга арзонлашди. Бу – 2024 йилнинг 29 январидан (12 400 сўм) бери қайд этилган энг паст кўрсаткич.

Йил бошидан буён миллий валюта АҚШ валютасига нисбатан 3,8 фоизга мустаҳкамланди. Таққослаш учун, 2024 йилнинг мос даврида сўм 2,2 фоизга (12 352 сўмдан 12 625 сўмга) қадрсизланган эди.

«Сўм мустаҳкамланаётгани йўқ, доллар қадрсизланяпти»

Иқтисодчи Юлий Юсупов сўмнинг сўнгги пайтлардаги ҳаракати ҳақида изоҳ берди. Унинг таъкидлашича, бу ҳолатни валюта мустаҳкамланиши сифатида баҳолаш нотўғри. Сўмнинг қадри ортмаяпти, балки долларнинг халқаро миқёсда заифлашуви кузатиляпти.

«Масалан, 2025 йил бошидан бери сўм еврога нисбатан 7,2 фоизга, рублга нисбатан 22,4 фоизга ва фунт-стерлингга нисбатан 4,2 фоизга қадрсизланган. Бу эса сўмнинг реал қийматида мустаҳкамланиш эмас, балки инфляция даражасида девалвацияни кўрсатади», деб ёзди иқтисодчи.

Юсуповнинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари АҚШ эмас, балки Хитой, Россия ва Европа бўлгани учун сўмнинг долларга нисбатан бироз ошиб бориши амалда унинг умумий қийматини кўтармаган.

Мавзуга оид