Жамият | 16:59
13208
13 дақиқада ўқилади

“Ясалган” жиноят: Навоийда икки қиз ИИБ “резултати” учун қамоққа тиқилди

Навоийда 23 ва 20 ёшли икки қиз “ясама жиноят” қурбони бўлди. Улар ИИБ “резултат” учун уюштирган жиноят сабабли айни дамда умрини қамоқда ўтказмоқда: бири 3,5 йил, иккинчиси 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Суд ҳужжатларида турмушга чиқмаган бу икки қиз ўз боласини 10 ва 5 млн сўмга сотишга урингани айтилади. Аммо ҳар икки “дело”да тергов органи ишни процессуал нормаларга мутлақо зид равишда олиб борган, ишни кўрган судялар эса негадир муҳим жиҳатларга кўз юмган. Ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатов ҳолатлар юзасидан хизмат текшируви ўтказишни буюрди.

Фото: Сунъий интеллект томонидан яратилган сурат

Шундай жиноят ишлари бўладики, суд ҳукмини адвокат ёки ҳуқуқшунос эмас, оддий одамлар ўқиса ҳам ҳолат атай уюштирилганини билиб олади. Асосий вазифаларидан бири жиноятчиликнинг олдини олиш бўлган ИИБ ходимлари баъзи ҳолларда айнан ўзлари атай жиноят уюштириб, “резултати”ни инсон ҳаёти ва эркидан устун қўймоқда. Бу каби ишларни кўриб чиқаётган судяларга эса “делони синдириш”га журъат етишмаяпти. Мақоламиз ана шундай “ясама жиноят” туфайли озодликдан маҳрум қилинган икки аёл ҳақида.

1-ҳолат. “Ўзлари пул таклиф қилди”

Нигина 2002 йилда Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида туғилган. Яқиндагина 23 ёшни қаршилаган бу қиз айни дамда жазони ижро этиш муассасасида жазо муддатини ўтамоқда: у одам савдоси жиноятида айбланиб, 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Суд ҳукмида Нигина 2024 йилнинг 4 сентябр куни ўзининг 14 кунлик қиз фарзандини “шартли харидор” Зарина Солиевага 10 млн сўмга сотган пайтида тезкор тадбирда ушлангани келтирилган.

Нигина судда айбига қисман иқрор бўлган ҳамда боласини сотиш нияти бўлмаганини, 10 млн сўм пулни Зарина Солиева таклиф қилганини билдирган.

Нигинанинг кўрсатмасига кўра, у 2024 йил феврал ойида Бухоро вилоятида яшовчи Жавоҳир исмли таниши билан яқин муносабатда бўлиб, ҳомиладор бўлиб қолган. 3 ой давомида Когон туманида жойлашган пишириқ цехида ишлаган. 2024 йил июн ойи бошларида ишлаш мақсадида Туркиянинг Истанбул шаҳрига кетган. 2 ой давомида у ерда савдо дўконида ишлаган. Сўнгра соғлиги ёмонлашгани сабабли 2024 йил 3 август куни Ўзбекистонга қайтган ҳамда Навбаҳор туманида яшовчи аммаси Шаҳноза Раҳимованинг уйига борган. 2024 йил 21 август куни Нигина Навоий перенатал маркази туғуруқ бўлимида қиз фарзандини дунёга келтирган. Чақалоқ 7 ойлик туғилган.

Нигина туғуруқхонада Дилбар Ниёзова исмли аёлга қиз фарзандли бўлганини, уни боқиб катта қилиш учун шароити йўқлигини, ишончли одамларга қолдириб кетмоқчилигини айтган. Дилбар Ниёзова эса Нигинани “шартли харидор” Зарина Солиева билан таништириб қўйган.

Зарина опага боламни қолдириб, Туркияга кетмоқчи эканимни айтганимдан сўнг у қизим учун қанча пул бериши кераклигини сўради. Фақатгина қарзларимни тўлаб беришини, қолган пулларни ўзим ишлаб топишимни айтдим. Зарина опа ўзининг Мадина исмли таниши билан келиб, 10 кун давомида туғуруқхонадаги харажатларни қилиб бериб юрди”, деган Нигина судда.

Шундан сўнг 2024 йил 4 сентябр куни “шартли харидор” шифокорлар билан гаплашиб, Нигинани туғуруқхонадан олиб чиққан. Нигина аммаси Шаҳноза Раҳимова билан Зарина Солиева чақирган кафега борган. Ўша ерда Зарина Солиева Нигинага 10 млн сўм берган ҳамда даъвоси йўқлиги ҳақида тилхат ёздириб олган. Шу ерда тезкор тадбир уюштирилиб, аёл қўлга олинган.

Пулсиз ва оғир аҳволда эканидан фойдаланишди”

Суд мажлисида Дилбар Ниёзова гувоҳ сифатида сўралган. У Нигинани боришга жойи бўлмагани сабабли маълум муддат уйига ижарага қўйганини айтган. Зарина Солиевага Нигинанинг рақамини Дилбар Ниёзова берган.

Kun.uz Дилбар Ниёзова билан аслида ҳолат қандай бўлгани ҳақида суҳбатлашди.

Зарина Солиева менга тоғамнинг боласи фарзандсиз, деганди. Шунга шу қиз боласини бериши мумкин, деган мақсадда гаплашиб кўриши учун Нигинанинг рақамини бергандим. Зарина болани асраб олмоқчи бўлганларга айтган.

Нигинанинг бир сўм пули йўқ эди. Шу аҳволда унга шифокорлар дори ёзиб бераверган. Бу дориларни болани олмоқчи бўлганлар сотиб олиб берган.

Зарина ўртага кириб, “мелисалар” билан пичир-шивир қилган. Нигинага нима десанг берамиз, деб унинг бир сўмга зорлигидан фойдаланган ҳолда шунга ундаган. Мен буни судда ҳам айтдим. Нигинанинг унақа нияти йўқ эди. У боласини сотаман демаган, ноиложликдан бераётганди. Она-да, уйим-жойим бўлмаса фарзандимни нима билан боқаман, қандай катта қиламан, ундан кўра яхшироқ шароитларда ўсишини хоҳлайман, деб берган эди. Пулсиз ва оғир аҳволда эканидан фойдаланишди”, дейди Дилбар Ниёзова.

Унинг таъкидлашича, болани асраб олмоқчи бўлганлар ҳам судда Нигина улардан бир сўм ҳам сўрамаганини, ҳаммасини Зарина уюштирганини айтишган.

Жазо ва апелляцияда ўзгармаган ҳукм

Мазкур иш жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судида судя Алишер Сайдуллаев раислигида кўриб чиқилган. Ушбу суднинг 2025 йил 5 февралдаги ҳукми билан Нигина Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисмининг “а” бандида назарда тутилган одам савдоси жиноятини содир қилишда айбли деб топилган. Унга Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаган ҳолда 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони ўташ муддати у қамоққа олинган 2024 йил 17 ноябр кунидан бошлаб ҳисобланган.

Иш Навоий вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида кўриб чиқилган. Апелляция шикояти Нигинанинг адвокати томонидан киритилган. Суднинг 2025 йил 4 мартдаги ажрими билан дастлабки суд ҳукми ўзгаришсиз, апелляция шикояти эса қаноатлантирилмасдан қолдирилган.

2-ҳолат. “Боламни сотиш ниятим бўлмаган”

Нигинаникига ўхшаш тақдир, яъни “ясама жиноят” қурбони бўлиш Кармана туманида яшовчи 20 ёшли Сарвинознинг ҳам бошига тушган. У янги туғилган чақалоғини “5 млн сўмга сотган”ликда айбланган.

Суд ҳукмида Сарвиноз “осон ва қинғир йўллар билан бойлик орттиришдек ғаразли ва бошқа паст мақсадларни кўзлаб, ўзининг беникоҳ туғилган фарзандини сотиш орқали моддий наф кўришни режалаштирган”и айтилади. У 2024 йилнинг 2 ноябр куни Хатирчи туманидаги чойхонада фуқаро Нигора Худойбердиевага 5 кунлик ўғил фарзандини “5 млн сўмга сотган вақтида” тезкор тадбирда ушланган.

Сарвиноз судда айбига тўлиқ иқрорлик билдирган. Бироқ унинг кўрсатмасида боласини сотиш мақсадида Нигора Худойбердиевадан пул сўрагани ҳақида бирор гап йўқ. Аксинча, 5 млн сўм беришни Нигора Худойбердиева таклиф қилган.

“2024 йил феврал ойи ўрталарида ихтиёрий равишда Дилшод исмли танишим билан жинсий алоқада бўлдим. Ҳомиладор бўлиб қолганимни уйдагиларимдан яширдим. 2024 йил 27 октябр куни уйимда опамнинг ёрдамида туғдим. Танишим Фарида Ғайбуллаевага туғганлигимни, болани катта қила олмаслигимни, ишлаш учун Қозоғистонга кетмоқчи эканимни, фарзандимни асраб оладиган оила бўлса, уларга беришимни айтдим.

Фарида опа қўнғироқ қилиб, Навоий шаҳрида яшовчи Нигора исмли таниши фарзанд асраб олмоқчи эканини маълум қилди. Сўнгра Нигора опа қўнғироқ қилди, учрашдик, унга вазиятни тушунтирдим. У фарзандим учун 5 млн сўм беришини, ушбу пуллар билан Қозоғистонга чиқиб кетишимни айтди”, деган Сарвиноз ўз кўрсатмасида.

У отасидан қўрққани сабабли уйидагиларига ҳомиладор бўлиб қолганинин айта олмаганини, аслида болани сотиш нияти бўлмаганини, фарзандини ўзи мустақил катта қила олмаслигига кўзи етиб шу ишни қилишга мажбур бўлганини билдирган.

Жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман судининг 2025 йил 23 апрелдаги ҳукми билан Сарвиноз одам савдоси жиноятида айбли топилиб, 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Тергов пайтида унга шахсий кафиллик эҳтиёт чораси қўлланган бўлган. Аммо ҳукм билан у ўзгартирилиб, дарҳол суд залида қамоққа олинган.

Фарида Ғайбуллаева ким?

Сарвинознинг ишида Фарида Ғайбуллаева исми келади. Яъни Сарвиноз айнан Фарида Ғайбуллаевага туғганини ҳамда фарзандини асраб оладиган оила бўлса беришини айтган. Навоий вилояти ИИБ бошлиғи номига ҳам айнан Фарида Ғайбуллаева ҳамда Нигора Худойбердиева ариза ёзган.

Кармана туманида яшовчи Фарида Ғайбуллаеванинг исми Навоий вилоятидаги бир нечта жиноят ишларида жабрланувчи сифатида келган.

Жумладан, жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг 2024 йил 26 ноябрдаги ҳукмида такси ҳайдовчиси Фарида Ғайбуллаеванинг “ишончига кириб”, уни Навоий шаҳар кўп тармоқли тиббиёт поликлиникасига 0.25 ставкага фаррошлик лавозимига ишга жойлаштириш учун 13 млн сўм талаб қилгани, ушбу пулларни олаётганда тезкор тадбирда ушлангани келтирилган.

Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судининг 2025 йил 18 мартдаги ҳукмида ҳам Фарида Ғайбуллаева исми бор. Бу сафар 43 ёшли эркак унга “B” тоифали ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб бериш учун 1200 доллар олганда тезкор тадбирда ушланган.

Эътиборлиси, жиноятни йўқдан бор қилган, ҳар замонда “жабрланувчи” шарпасида тергов ва суд ишларида пайдо бўлиб турадиган Фарида Ғайбуллаева судда сўроққа тутилмаган. Ишни кўриб чиқишда раислик қилган судя Шерзод Мамиров ундан “Болани сотиш ёки сотиб олиш таклифи кимдан чиқди?” деб сўрамаган ҳатто.

Айбловлар асоссиз ва ҳукмлар ғайриқонуний

Нигина ва Сарвиноз ишида айбловларни асосли деб бўлмайди. Чунки ҳар икки кейсда қизларнинг оғир вазиятда эканидан фойдаланиб, уларни атай жиноятга ундаш ҳолати бўлган.

Аслида “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг 17-моддасига кўра, тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларнинг фуқароларни ҳуқуқбузарликлар содир этишга оғдириши ва ундаши тақиқланади. Жиноят-процессуал кодексининг 88-моддаси 4-бандида эса исбот қилишда шахсни ғайриқонуний ҳаракатлар содир этишга ундаш ва бундай ундаш оқибатида содир этилган жиноят учун уни айблаш тақиқланади, дея қайд этилган.

Шунингдек, президентнинг 2020 йил 10 августдаги “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов органлари ходимлари томонидан шахсни ғайриқонуний ҳаракатлар содир этишга ундаш ва бундай ундаш оқибатида содир этилган жиноят учун уни айблаш тақиқланиши, бунда, тезкор-қидирув тадбирлари натижалари фақат улар қонун талабларига асосан олинган ва шахсда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ёки тезкор тадбирда иштирок этган бошқа шахсларнинг ҳаракатларига боғлиқ бўлмаган ҳолда жиноят содир этиш учун шаклланган қасд мавжуд бўлгандагина суд ҳукмида далил сифатида тан олиниши мумкинлиги белгиланган.

Қолаверса, Олий суд Пленумининг 2018 йил 24 августдаги “Далиллар мақбуллигига оид жиноят-процессуал қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида” 24-сон қарорига кўра, суриштирувчи, терговчи ва суд томонидан қонун нормаларини аниқ бажаришдан ва унга риоя қилишдан ҳар қандай чекиниш, у қандай сабабга кўра юз берганлигидан қатъи назар, шу йўл билан олинган далилларнинг мақбул эмас (яроқсиз) деб топилишига олиб келади. Мақбул бўлмаган далиллар юридик кучга эга бўлмай, исботлаш учун фойдаланиш ҳамда уларни айблов асосига қўйиш мумкин эмас.

Kun.uz ўз манбалари орқали ҳар иккала қизнинг оилавий ҳолати ва ижтимоий келиб чиқишини ўрганди. Айни дамда бу адашган қизларнинг орқасидан судма-суд югурадиган, қамалиб кетгани учун қайғурадиган яқин инсонлари деярли йўқ.

Ички ишлар, прокуратура, судяларга уларнинг тақдири заррача қизиқ эмас. Аммо орамизда одамийлик тугаб битмаган бўлса керак. Улар ҳуқуқий ёрдамга мухтож. Ғайрат Дўсов ишида 12 нафар адвокат текинга ҳимояга келганди. Кўрамиз, бу ожизаларни ҳам кўнгилли тарзда ҳимоя қиладиган мард адвокатлар топилармикин?!

Хизмат текшируви ўтказилади

Ҳар иккала ҳолат ИИВнинг жамоатчилик кенгаши ҳисобот йиғилишида муҳокама қилинди. Унда қатнашган Kun.uz бош муҳаррири ходимлар томонидан уюштирилган жиноятлар ҳақида айтиб, вазир Азиз Тошпўлатовнинг фикри билан қизиқди.

Вазир масалани диққат билан тинглаб, Тергов департаменти бошлиғи ва ИИВ Ўз хавфсизлиги бошқармасига хизмат текшируви ўтказишни буюрди.

ИИБнинг бу каби шармандали “резултати” ҳақида Kun.uz олдинроқ ҳам суриштирув эълон қилганди. Унда Қибрай туманида яшовчи 35 ёшли Зулхумор Абдураҳимова ИИБ “ясаган” жиноят туфайли 10 ёшли қизини сотганликда айбланиб, 8 йил муддатга қамоққа тиқилганди. Кейинчалик апелляция инстанция суди ажрими билан дастлабки суд ҳукми ўзгартирилиб, аёл очиққа чиққанди.

Дилшод Абдуқодиров,
Руслан Сабуров,
Kun.uz

Нигина ва Сарвинозни текинга ҳимоя қилиш истаги бўлган адвокат топилса, Telegram’даги @kunuzmurojaat манзили орқали таҳририятга боғланиши мумкин. 

Мавзуга оид