Жаҳон | 18:29 / 24.06.2025
1311
2 дақиқада ўқилади

Грециянинг Хиос оролини ўрмон ёнғинлари қамраб олди — фотолар

Маҳаллий ҳукумат фавқулодда ҳолат эълон қилди. Юзлаб ўт ўчирувчилар ва саккизта махсус самолёт ёрдамида ўрмон ёнғинларига қарши кураш олиб борилмоқда.

Фото: EPA/ТАСС

Грециянинг Хиос оролида уч кундан бери ўрмон ёнғинларини ўчириш бўйича кенг кўламли операция олиб борилмоқда. Маҳаллий ҳукумат фавқулодда ҳолат эълон қилди, юзлаб ўт ўчирувчилар аланга тарқалишига қарши узлуксиз курашяпти.

Фото: EPA/ТАСС

Маълумотларга кўра, ўрмон ёнғинларини ўчиришга 444 нафар ўт ўчирувчи жалб этилган. Саккизта махсус самолёт ҳаводан қўллаб-қувватловни амалга оширмоқда. Кўрилаётган саъй-ҳаракатларга қарамай, вазият оғирлигича қолмоқда.

Фото: EPA/ТАСС

Аланга ўрмон ҳудудлари ва қишлоқ хўжалиги ерларининг катта қисмини эгаллаган бўлиб, юзлаб маҳаллий аҳоли атрофдаги ҳудудларга эвакуация қилинган. Машҳур мастика дарахтлари ўсадиган ҳудудларга ёнғинларнинг тарқалиш хавфи алоҳида ташвишга сабаб бўлмоқда.

Фото: EPA/ТАСС

Хиос табиий мастика — дарахтлардан олинадиган ноёб мумсимон модда ишлаб чиқариладиган ягона жой ҳисобланади. Европа Иттифоқида муҳофаза остида бўлган ушбу дарахтлар нафақат орол маданий меросининг муҳим қисми, балки маҳаллий иқтисодиёт асоси ҳисобланади. Мастика ликёрлар, қандолат маҳсулотлари, косметика ва фармацевтика препаратлари ишлаб чиқаришда қўлланади.

Фото: EPA/ТАСС

Ёнғинлардан чиққан оқ тутун ҳатто қирғоқбўйи ҳудудларгача, жумладан, Хиос шаҳрининг жануби-ғарбида жойлашган денгиз бўйидаги қишлоқ пляжигача етиб борган. Маҳаллий аҳолига хавфли ҳудудларни зудлик билан тарк этиш қатъий тавсия этилган.

Греция ёнғин хавфсизлиги хизмати вакили ёнғин билан курашиш ишларини кучли шамол анча қийинлаштираётгани, бу шамоллар оловнинг тез тарқалишига сабаб бўлаётганини таъкидлади.

Фото: EPA/ТАСС
Фото: EPA/ТАСС
Фото: EPA/ТАСС

Мавзуга оид