Ўзбекистон | 17:02 / 24.06.2025
1113
3 дақиқада ўқилади

MINEX Central Asia 2025 старт олди!

- Европа Иттифоқи бутун дунё бўйлаб ишончли ҳамкорлар билан алоқаларни кучайтирмоқда. Ўзбекистон эса бу жараёнда муҳим шерикдир. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тоиво Клаар бугун MINEX Central Asia 2025 форумидаги нутқида таъкидлаб ўтди. Шунингдек, элчи: “Ўзбекистон кенг геологик бойликлар ва жадал ривожланаётган кон-металлургия саноатига эга. Сизлар қазиб олишда ўзингиз эгалик қилишни, ўз саноатингизни ривожлантиришни, иш ўринлари яратишни, малака ва билимларни шакллантиришни ҳамда қиймат занжири бўйлаб юқорига кўтарилишни хоҳлайсиз. Европа таклифининг туб моҳияти ҳам айнан шу, дея нутқини давом этди.

Форумдаги асосий мавзу критик хомашё соҳасига қаратилиб, унда мазкур соҳада амалга ошириладиган ишларга тўхталиб ўтилди. Хусусан, унда кейинги уч йил ичида амалга ошириладиган асосий лойиҳалар қаторига вольфрам, литий ва молибден конларини ўзлаштириш кириши, ушбу йўналишлар бўйича 2028 йилга бориб умумий даромад 1,5 миллиард доллардан ошиши айтиб ўтилди.

Ўзбекистон технологик металлар комбинати бошқарув раиси маслаҳатчиси Илҳан Ҳан:

“- Марказий Осиё табиий ресурсларга бой экани барчамизга маълум. Бироқ Ўзбекистонни бошқалардан ажратиб турувчи жиҳат — бу ерда критик минераллар миқдори жуда кўп ва улар аввалдан ўрганиб келинган. Президентнинг улуғвор қараши ва масалани ўз вақтида англай билиши натижасида, саноат учун муҳим хомашёларни таъминлаш йўналишида Ўзбекистон технологик металлар комбинати (ТМК) ташкил этилди. Ўзбекистон бой табиий ресурсларга эга омадли мамлакат, ТМК эса ушбу бойликларни жаҳон бозорига олиб чиқиш ишида масъул комбинатдир.”

Қизғин баҳс ва нетворкинг учун ҳақиқий майдонга айланган форумда 21 та мамлакатдан 200 дан ортиқ дипломатик миссиялар, халқаро компания вакиллари, халқаро инвесторлар, геология соҳасининг нуфузли экспертлари иштирок этмоқда.

Шунингдек, форумда Қозоғистон Республикаси Саноат ва қурилиш вазири ўринбосари Иран Шархан ҳам ўз нутқида Ўзбекистонда мавжуд бўлган фойдали қазилмалар сектори Қозоғистон учун энг истиқболли йўналишлардан бири эканлигини таъкидлади.

Ҳозирда биз Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон билан критик минераллар соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича таклифлар устида ишлаяпмиз, дейди вазир ўринбосари.

Форумда MINEX Ижроия қўмитаси раиси томонидан Тоғ-кон ва геология вазирлиги ҳамда Ўзбекистон технологик металлар комбинати (ТМК)га мазкур форумни ташкил этишда ташаббус кўрсатганликлари учун миннатдорчилик билдириб, махсус ташаккурнома берилди.

Форум давом этмоқда.

Реклама ҳуқуқи асосида