Шавкат Мирзиёев экспортчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш бўйича топшириқ берди
Президент Шавкат Мирзиёев 23 июн куни ташқи савдо ва транспорт-логистика соҳаларида кечиктириб бўлмайдиган чоралар муҳокамаси бўйича йиғилиш ўтказди.

Фото: Президент матбуот хизмати
Сўнгги кунларда Яқин Шарқда рўй берган ҳарбий ҳаракатлар шундоқ ҳам нотинч вазиятни янада кескинлаштирди. Бу Ўзбекистоннинг жаҳонга чиқиш йўлларига ва ташқи савдо алоқаларига салбий таъсир этмай қолмайди.
Шу боис вазиятни тўғри баҳолаб, ташқи савдо, инвестиция, транспорт соҳаларида тезкор чоралар кўриш шартлиги қайд этилди.
Хусусан, экспорт йўналишларини диверсификация қилиш, юкларни бошқа хавфсиз портларга кўчириш зарур. Бу эса, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ташиш харажатининг 30 фоизгача ошишига сабаб бўлиши мумкин. Шу боис ҳамкор давлатлар билан муқобил йўлларни келишиш, экспортчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш бўйича топшириқлар берилди.
Транспорт вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ҳамда бошқа дахлдор идоралар раҳбарларига тадбиркорлик субъектлари билан яқиндан ишлаб, экспорт-импорт амалиётларига кўмаклашиш, маҳсулотларига қўшимча бозорлар топиш вазифаси қўйилди. Шу билан бирга, ишлаб чиқаришни изчил давом эттириш, ички бозорда нарх барқарорлигини таъминлаш муҳимлиги таъкидланди.
Мавзуга оид

11:49
Электр истеъмоли юқори 18 та тармоқ ўзини ўзи энергия билан таъминлайдиган тизимга ўтказилади

11:13
Президент Малайзия билан иқтисодий шериклик муҳимлигини қайд этди

09:42
Шавкат Мирзиёев Мўғулистонга жўнаб кетди

21:10 / 23.06.2025