Жаҳон | 14:58
17487
4 дақиқада ўқилади

Хитой Ўзбекистонга эски машина номи остида янги машиналар етказиб бермоқда – ОАВ

Бу «нол масофалик» деб аталадиган автомобиллар ҳеч қачон минилмаган, бироқ Россия, Марказий Осиё (жумладан, Ўзбекистонга) ва Яқин Шарқ каби бозорларга эски машина сифатида экспорт қилинмоқда, бу эса хитойлик автомобил ишлаб чиқарувчиларга ўсиш ва ички бозорда сотиш қийин бўлган машиналардан қутулиш имконини беради.

Фото: Getty Images/Bloomberg

Хитой автосаноати йиллар давомида ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланадиган ва гуллаб-яшнаётган «кулранг бозор» орқали автомобил савдосини ошириб келмоқда, бунда янги автомобиллар конвейердан тўғридан-тўғри рўйхатга олинади ва кейин чет элга «ишлатилган» сифатида жўнатилади. Бу ҳақда Reuters ёзди.

Бу «нол масофалик» деб аталадиган автомобиллар ҳеч қачон минилмаган, бироқ Россия, Марказий Осиё (жумладан, Ўзбекистонга) ва Яқин Шарқ каби бозорларга эски машина сифатида экспорт қилинмоқда, бу эса хитойлик автомобил ишлаб чиқарувчиларга ўсиш ва ички бозорда сотиш қийин бўлган машиналардан қутулиш имконини беради.

Бу амалиёт Хитойнинг Great Wall Motor компанияси раҳбари май ойида Хитойда «нол масофалик» автомобиллар сотилишини танқид қилганидан кейин миллий эътибор марказидан жой олди. 10 июн куни People's Daily газетаси мамлакат ичида «нол масофалик» машиналар сотилишини қоралади. Кўпинча Хитой Коммунистик партияси қарашларини акс эттирувчи газета ушбу сохта ишлатилган машиналарни ички нархлар уруши шароитида нархларни сунъий пасайтиришда айблади ва тартибни тиклаш учун «қатъий чора кўришга» чақирди.

Бироқ, сохта ишлатилган машиналарни экспорт қилиш ва сотиш Хитойнинг минтақавий ҳукуматлари томонидан фаол равишда рағбатлантирилмоқда. Маҳаллий ҳукуматлар Пекиннинг иқтисодий ўсиш бўйича улкан режалари учун бу амалиётни қабул қилган.

«Нол масофалик» фойдаланилган автомобиллар экспорти бозори қуйидагича ишлайди: янги автомобил заводдан чиқиши билан экспортчи уни тўғридан-тўғри автомобил ишлаб чиқарувчисидан ёки дилердан сотиб олади, уни Хитой рақами билан рўйхатдан ўтказади ва кейин дарҳол чет элга жўнатиш учун «фойдаланилган автомобил» сифатида белги қўяди. Автомобил ишлаб чиқарувчиси автомобилни дарҳол сотилган деб рўйхатдан ўтказади ва даромадни қайд этади.

Маҳаллий ҳукуматнинг ушбу амалиётни қўллаб-қувватлаши Хитойнинг марказлаштирилган-режалаштирилган иқтисодиётидан ташқарида ҳеч қандай маънога эга бўлмайди. Аммо бу ерда сотувлар ва бандликнинг тез ўсишини намойиш қилиш янги сармоялар ёки субсидияларга олиб келиши мумкин. Бундан ташқари, Пекин қўйган иқтисодий мақсадларга эришилмаса, маҳаллий амалдорлар лавозимидан четлатилиши мумкин.

Амалиёт 2019 йилдан кейин, Хитой бошқа мамлакатларга эски автомобилларни экспорт қилишга рухсат берганидан сўнг бошланган.

Хитой йўловчи автомобиллари ассоциацияси маълумотларига кўра, мамлакат 2023 йилда Японияни қувиб ўтиб, дунёдаги энг йирик янги автомобил экспортчисига айланди. 2024 йилда эса 6,41 миллион автомобил экспорт қилди. Уларнинг тахминан 6 фоизи «нол масофалик» машиналардир.

Икки дилер ва иккита саноат мутахассиси сўзларига кўра, «нол масофалик» автомобиллар бензинда ишлайди ва Хитойда бозори чаққон эмас. Аммо улар орасида давлат томонидан бериладиган саховатли субсидиялардан фойдаланадиган электр транспорт воситалари ҳам салмоқли қисмни ташкил қилади.

Мавзуга оид