Ўзбекистон | 12:34
6768
2 дақиқада ўқилади

Фермерларнинг ерини хитойликларга бериб юбориш билан таҳдид қилган амалдорнинг лавозими кўтарилди

Ургут ҳокими ўринбосари Зуҳриддин Амонов Самарқанд вилояти ветеринария бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди. У яқиндагина фермерларга видеомурожаат қилиб, агар режани бажармаса, ерларини хитойликларга бериб юбориш билан таҳдид қилгани ортидан жамоатчилик эътиборига тушганди.

Фото: Видеодан кадр

Ургут тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келган Зуҳриддин Амонов янги лавозимга тайинланди. У Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раисининг буйруғи билан қўмитанинг Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи лавозимига ишга қабул қилинган.

Ушбу тайинлов 2025 йил 10 июн куни амалга оширилган. Буйруқ билан Зуҳриддин Амоновга бошқарманинг барча банк ва молия ҳужжатларига биринчи имзо қўйиш ҳуқуқи берилган.

Зуҳриддин Амонов Ургут тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимидан озод этилган. Туман ҳокимининг бу ҳақдаги ҳужжати e-qaror.gov.uz платформасида фойдаланиш чекланган ахборотлар борлиги важи билан яшириб қўйилган.

Зуҳриддин Амонов аввалроқ экишни хоҳламаган фермерларнинг ери хитойликларга берилишини айтиб, ОАВ эътиборига тушганди.

Ҳурматли агрофирма раислари, ҳурматли масъуллар! Биз ҳали Хитойга борганимизни айтгандик, мана, хитойликлар келиб, ерларни кўришни бошлади. Экишни хоҳламаган, пиллани, ғаллани бажармаган, солиқ тўламаганларнинг ерини беришни бошлаймиз. Мана, сувли майдонларни оламан деяпти хитойликлар. 2 минг гектар майдонни кўрсатиб чиқяпмиз. Яна оламиз”, деган у ўз видеомурожаатида.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги амалдорнинг бу гапини кескин қоралаб, тегишли идоралар ҳолатга ҳуқуқий баҳо бераётганини маълум қилганди.

Мавзуга оид