Ўзбекистон | 18:31 / 27.06.2025
3820
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев ЕОИИ йиғилишида кузатувчи давлат раҳбари мақомида иштирок этди

Кун тартибидан кўп томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, саноат кооперацияси лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, ҳамкорликнинг устувор йўналишларида қўшма дастурларни амалга ошириш масалалари ўрин олди.

Президент Шавкат Мирзиёев 27 июн куни Минск шаҳрида Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилишида EОИИ ҳузуридаги кузатувчи давлат раҳбари мақомида иштирок этди.

Беларус президенти Александр Лукашенко раислигида ўтган учрашувда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Россия президенти Владимир Путин, кузатувчи мақомида Куба президенти Мигел Диас-Канел, Эрон президенти Масъуд Пизишкиён (видеоалоқа орқали) ҳамда Евроосиё иқтисодий комиссияси Ҳайъати раиси Бақитжон Сағинтаев ҳам қатнашди. Меҳмон сифатида Абу-Даби валиаҳд шаҳзодаси Шайх Холид Ол Наҳаён, Мўғулистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Нам-Осорин Учрал ва МДҲ Бош котиби Сергей Лебедев иштирок этди.

Кун тартибидан кўп томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, саноат кооперацияси лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, ҳамкорликнинг устувор йўналишларида қўшма дастурларни амалга ошириш масалалари ўрин олди.

Ўзбекистон президенти нутқида EОИИ мамлакатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш мамлакатимиз ташқи иқтисодий сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади.

Давлат раҳбари EОИИ билан шерикликни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари бўйича ўз нуқтаи назарини баён қилди. Ўзаро товар айирбошлашни кўпайтириш учун қулай шароитлар яратиш муҳимлиги қайд этилди. Ўзбекистон мамлакатларимиз ўртасидаги эркин савдо зонаси фаолиятини таъминлаш билан боғлиқ барча келишувларни тўлиқ бажариб келаётгани таъкидланди.

Шунингдек, Ўзбекистон савдони қўллаб-қувватлаш воситалари ва механизмларида – EОИИ техник жиҳатдан тартибга солишнинг рақамли тизими ва рақамли транспорт йўлаклари экотизими, Евроосиё қайта суғурталаш компанияси кабиларда қатнашишдан манфаатдор экани қайд этилди.

Шунингдек, ташкилот доирасида ишга туширилган «Чегарасиз меҳнат» интеграциялашган платформасига қўшилишга тайёрлик ҳам билдирилди.

Якунда давлат раҳбари Ўзбекистоннинг EОИИ доирасидаги кўп томонлама дастур ва лойиҳаларда иштироки иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳамда мамлакатларимизнинг барқарор ривожланишига хизмат қилиши таъкидлади.

Мавзуга оид