Ўзбекистон | 16:37
2354
11 дақиқада ўқилади

Давлат мактабида тижорий таълим бўлмаслиги керак – пулли синфларнинг оқибатлари ҳақида суҳбат

Тўлиқ солиқ тўловчиларнинг пули ҳисобига молиялаштириладиган давлат мактабларида пулли синфлар ташкил этилаётгани янгилик бўлмай қолди. Kun.uz бу амалиётнинг яхши ва ёмон томонларини экспертлар билан таҳлил қилди. Мутахассисларга кўра, давлат мактабларида синфларнинг пулли қилиниши ресурсларнинг нотенг тақсимланишига сабаб бўлади, адолат принципини бузиб, табақалашувни оширади, болалар руҳиятига салбий таъсир кўрсатиб, ўзаро конфликтларни келтириб чиқаради. Бепул мактаб ичидаги пулли синфларнинг фойда ва зарарлари ҳақидаги суҳбатни томоша қилинг.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

11 июн куни Kun.uzʼда Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 50-давлат мактабида пулли синф очилаётгани ва бундан айрим оналар норозилиги ҳақида материал эълон қилинганди.

Ўшанда мактаб директори бундай синф ўтган йили ҳам бўлганини, бунда ўқувчиларга 3 маҳал овқат берилиб, кечгача қўшимча машғулотлар ўтилишини, ойлик тўлови 2,8 млн сўм эканини айтганди. Аммо бутун бошли синфни тижорий шаклда ташкил этиш қонунчиликда йўқ.

Шунга қарамай, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги расмий муносабатида буни нотўғри талқин қилинган деб баҳолади. Ва булар “аслида давлат умумтаълим мактабларида ўқувчиларга ўқув режа ва давлат таълим стандартларидан ташқари қўшимча билимлар бериш учун ташкил этиладиган таълим хизматидир” дея маълум қилди.

Бу ҳақиқатан ҳам пулли синф эмасмиди? Айни вазиятни вазирлик “нотўғри талқин” дейиши қанчалик тўғри? Давлат мактабларида бу каби синфларнинг бўлиши табақаланишни юзага келтирадими? Kun.uz мавзуга оид муҳим саволларига жавоб олиш учун таълим масалаларида мутахассис Шокир Турсун ҳамда иқтисодий таҳлилчи Улуғбек Турсунов билан суҳбатлашди. Қуйида суҳбатдан қисқа шарҳ келтирилади.

Вазирликнинг ўзи қонунчиликни нотўғри талқин қиляпти

Шокир Турсуннинг айтишича, ММТВ умумий ўрта таълим муассасаларида пулли таълим хизматларини кўрсатиш тартиби тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатини хато талқин қилган.

“Яъни давлат мактабида пулли хизмат кўрсатиш мумкинми? Ҳа, мумкин. Қонунчилиги борми? Бор. Лекин уни белгилаб қўйган нормалари бор: унинг ўқув дастури алоҳида тасдиқланиши, тўгарак кўринишида бўлиши, давлат таълим стандартларидан ташқаридаги хизматлар бўлиши назарда тутилган. У ота-оналарнинг кузатув кенгаши тасдиғидан ўтиши керак. Тасдиқдан ўтган бўлиши кераклиги тўғрисида бир қатор нормалари бор. Ва у қонунчиликни ўқиб, тушуниш мумкинки, [пулли хизмат] таълимнинг бепул қисми ўқиб бўлингандан кейинги соатларга тўғри келиши керак. Дарсдан кейин. Мисол учун, биринчи синф ўқувчисининг дарси 8:30 да бошланиб, 12:00 да тугаса, пулли хизмат кўрсатиш 12:00 дан кейин бошланиши керак”, – дейди мутахассис.

Шунингдек, эксперт пулли дейилмаётган синфда қайсидир ўқувчи бепул таҳсил олиши мумкинми дея савол ҳам ташламоқда. “Агар бу саволга мактаб директорининг жавоби йўқ бўлса, демак, бу пулли синф. Қонунчиликда пулли синф деган тушунча йўқ. Агар пулли синф очаётган бўлса, мактаб катта эҳтимол қонунни бузаётган бўлади”, – деяпти Шокир Турсун.

Пулли синф ташкил этиш самарали, аммо бу ерда бир нечта “агар”лар бор

Иқтисодий таҳлилчи Улуғбек Турсунов айни масалага тўхталишдан аввал нима сабаб давлат мактабларининг мавжудлиги ва унинг бепуллиги ҳақида гапириб берди. Унинг айтишича, “таълим шундай маҳсулотки, у бевосита иштирок этмаган томонларга ҳам фойда келтиради”.

“Мисол учун, мен одобнома дарсида навбатда туришни ўргансам, демак, бу ўзимнинг вақтимни тежайди ва навбатда турганим учун жамиятга ҳам қўшимча фойда келтиради. Биз буни иқтисодиётда позитив экстерналлик деймиз, яъни бевосита иштирок этган томонлардан ташқари бу ерда жамият учун қўшимча манфаат пайдо бўляпти.  

Худди шундай жиноят даражасини олишимиз мумкин: мактаблар мавжуд бўлгани, мактаб функциясини бажаргани учун жиноят даражаси кам бўлади. Бундан мен ўзим фойда кўраман, авваламбор, жазоланмайман ёки ҳаётда қийналмайман, жиноят даражаси кам бўлгани учун демак, жамият ҳам фойда кўради. Бюджет томонидан молиялаштириладиган давлат таълими мавжуд бўлишининг асосий сабабларидан бири мана шу – позитив экстерналликдир”, – дейди у.

Турсуновнинг фикрича, ота-оналар ва бошқа солиқ тўловчиларга юклама бўлмаса ҳамда мактаб таълимида ресурсларнинг хато тақсимотига сабаб бўлиб адолат принципини бузмаса, пулли синфлар қилиниши ёмон эмас. Суҳбат давомида мутахассис тамойилларни бузмайдиган бундай ташаббусларнинг иқтисодий самарасини баҳолашга уринди.

“Мисол учун, айтайлик, ўқитувчи ярим ставка тижорий синфда дарс беради, ярим ставка давлат синфида дарс беради. Тасаввур қилайлик, ҳозирги кунда давлат синфларида дарс бериб, 5 миллион сўм, хусусий синфларда ишлаб эса 10 миллион сўм оляпти. Натижада унда умумий қониқиш даражаси ошиши мумкин, балки ундаги қандайдир кайфият, қандайдир молиявий қониқиш давлат синфларига ҳам ижобий таъсир қилиши мумкин. Ва бу ерда, албатта, бир нечта “агар”лар бор. Яъни биз ҳозир иқтисодий жиҳатдан мутлақо назарий таҳлил қилиш учун жуда кўп қувватдор параметрлар бор, биз аниқ бир моделда, аниқ бир математик таҳлил қилишимиз жуда қийин”, – деди эксперт.

Унинг қўшимча қилишича, агар айнан 50-мактаб кейсида ўқувчилар учун ўрин етишмовчилиги мавжуд бўлса, пулли синфдан кўра бепулини ташкил этиш анча самаралироқ ҳисобланади. Бунда, албатта, адолатли тақсимот масаласида устувор ҳисобланади.

Энди бепул таълим ичида ҳам табақалашув юзага келади

Шокир Турсун Улуғбек Турсуновнинг эътироз билдирмаган ҳолда пулли синфлар болаларнинг таълим олиш ҳуқуқидан маҳрум қилмаслиги лозимлигини эслатди.

Унинг таъкидлашича, бу таълимнинг барча учун тенг шароитлар яратилишига оид тамойили бузилишига, кейинроқ эса соҳада табақалашув ортиб, болалар психологиясига ҳам салбий таъсир қилишига сабаб бўлади.

“Пулли синфлар, пулли тўгараклар деган нарса кеча ёки бугун пайдо бўлмаган, жуда узоқ тарихга эга. Биз мактабда ўқиган пайтимизда ҳам [бор эди], менинг онам 30 йиллик педагоглар, жуда яхши биламан вазият қандай. Сизнинг битта агарингиз қанақа ишлайди?

Мисол учун, агар мактабда пулли тўгарак мавжуд бўлса, она тили ўқитувчи болани пулли тўгаракка жалб қилиш учун бепул синфда дарсини яхши ўтмайди. Яъни ўзининг кучини пулли синфа кўпроқ тақсимлашга ўтади. Амалда шундай. Буни энди исботлаш қийин эмас, эмпирик тадқиқот қилсангиз, бу ҳам исботланиб келиб чиқади.

Яъни ҳозир бориб, битта ўқитувчи бепул ва пулли синфда дарс ўтиш жараёнини кузатадиган бўлсангиз, фарқ сезилади. Мана бу адолатнинг бузилишига олиб келади ва ўзи шундоқ ҳам табақалашаётган таълимни энди бепул таълимнинг ичида ҳам табақалаштириш [юзага келади]” , – деди Турсун.

Суҳбатдош боланинг давлат ваъда қилган бепул таълим олиш ҳуқуқи Конституцияда мустаҳкамланганини, юқоридаги ҳолатлар эса буни чеклашини айтмоқда.

“Бевосита бўлмаса ҳам, билвосита олиб келади. Билвосита деганим, яъни мактаб вақт ўтиб ресурсларини бўлишни бошлайди. Биринчи йил қилмаслиги мумкин, иккинчи йил ҳам. Лекин учинчи йилдан бошлаб ресурслар бўлинишни бошлайди. Энди битта 50-мактабни ўзини оладиган бўлсак, унда энди ўз-ўзидан элита синф ва оддий синф пайдо бўлиб қолади. Ва бу болаларнинг кайфиятига ҳам ўтади.

Масалан, кимдир яхши ўқувчи бўлиши мумкин, лекин ота-онасининг имконияти йўқ. У ўша тўлаган солиғига сифатли бепул таълим олишни хоҳлайди. Қўшимча 2 миллион 800 минг тўлай олмайди. Лекин бола етарли даражада ақлли. Нариги синфда у даражада ақлли [болалар мавжуд] эмас, лекин ўша ота-онаси қўшимча тўлов қила олиш имкониятига эга бўлгани учун уларнинг бошланиш нуқтаси бир хил бўлмайди”, – дейди мутахассис.

Шокир Турсун таълимдаги шароитда бошланиш нуқтаси 2 хил, аммо потенциаллари бир хил бўлган болалар ўртасида муваффақиятли бўлишдаги фарқ вақт ўтиши билан катталашишини билдирди. 

“Битта синфга яхши дарс ўтилади, битта синфга "бўлади" [қабилида] дарс ўтилади. Болаларнинг муваффақиятида фарқ сезилишни бошлайди ва Стуарт (тадқиқотчи) айтади: агар бу давом этаверса, фарқ ҳеч қачон тўхтамайди”, – деди у.

Фақат хусусий деб тасаввур қилсак, бу нотенглик олиб келиши мумкин

Улуғбек Турсуннинг фикрича, давлат жамоат учун таълимни бепул ва тижорий қилишида кўрилиши керак бўлган 2 та масала бор. Булар – тақсимотдаги адолат ва самарадорлик.

“Мисол учун, мен қанақадир бой оиладан чиққанман, яхши мактабга кираман, менинг потенциалимдаги кимдир бепул мактабда [ўқишни] бошлаши мумкин. Агар биз фақат хусусий деб тасаввур қиладиган бўлсак, бу нотенглик олиб келиши мумкин. Чунки ота-онамнинг бойлиги ёки маълумотига, приоритетларга қараб туриб, менинг натижаларим ўзгариб кетиши мумкин. Бу, албатта, тақсимотдаги самарасизлик. Жамият сифатида биз самарани қандай белгилаймиз?

Айтайлик, менинг бошқа бир шеригим билан потенциалим бир хил, иккаласи охир-оқибатда бир хил тарзда таълимга эга бўлса, шунда [самара бўлади]. Чунки потенциалимиз бир хил. Давлат таълими бепул бўладиган бўлса, шу нуқтаи назардан афзалроқ”, – дейди Турсунов.

У иккинчи муҳим масала, яъни иқтисодий самарадорлик ҳақида гапираркан, бунда тижорий таълимдан воз кечиб бўлмаслигини такрорлади. Иқтисодчи соҳада бозор муҳити пайдо бўлиши ортидан сифат ҳам кўтарилишини айтди.

Таълим масалаларида мутахассис Шокир Турсун умумтаълим муассасаларида ҳам тижорий, ҳам бепул, яъни гибрид синфлар бўлиши самарали бўлишига қўшилди, аммо давлат бунда бевосита иштирок этиши хато эканини қайд этди.

Бундай тенденциянинг давом этиши қандай муаммоларни келтириши мумкин ва умуман унинг олдини олиш имконияти борми? Интервюда шу каби саволларга ҳам жавоб берилди.Тўлиқ видеони юқоридаги ҳавола орқали томоша қилишингиз мумкин.

Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.

Мавзуга оид