Жаҳон | 16:49
3838
3 дақиқада ўқилади

ruID орқали ариза топширмаслик Россияга киришга тўсқинлик қилмайди – Россия элчихонаси

Россияга боришдан олдин ruID орқали ариза тўлдириш ихтиёрий экани маълум қилинди. Айни пайтда, иловада ариза тўлдириш – РФга киришга чеклов бор-йўқлигини олдиндан билиш, Россия SIM-картасини сотиб олиш ва давлат хизматлари учун профил яратиш имконини беради.

Фото: Sputnik / Александр Кряжев

Россияга кириш учун ruID мобил иловаси орқали тўлдирилган аризанинг йўқлиги мамлакатга киришни рад этиш учун асос бўлмайди ва чегара назоратига таъсир қилмайди. Бу ҳақда Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабар берди.

«Россия Федерацияси Ҳукуматининг 11.07.2024 йилдаги 1510-сонли қарорига қўшимча равишда маълум қиламизки, Россия ҳукумати синовнинг бир қисми сифатида ruID иловасидан фойдаланган ҳолда Россияга кириш учун ариза тўлдиришнинг ихтиёрий хусусиятига оид ёндашувни маъқуллаган», дейилади дипломатик миссия хабарида.

Шу билан бирга, элчихона ruID орқали аризани тўлдиришнинг афзалликларини санаб ўтди:

- Ички ишлар вазирлиги томонидан Россия Федерациясига киришга чекловлар мавжудлигини олдиндан текшириш имконияти;

- Россия SIM-картасини сотиб олиш учун зарур бўлган СНИЛС-ни автоматик рўйхатдан ўтказиш;

- давлат органлари билан онлайн ўзаро ҳамкорлик қилиш ва хизматларни олиш учун рақамли профил яратиш (масалан, ихтиёрий тиббий суғурта полисини рўйхатдан ўтказиш, якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш ва бошқалар).

Аввалроқ Россиянинг Қозоғистондаги элчихонаси ҳам маълумотларни ruID орқали тўлдириш ихтиёрий эканини эълон қилган эди.

Шу билан бирга, Россия ҳукумати томонидан ruID иловасидан фойдаланиш бўйича тасдиқланган қоидалар ихтиёрийлик ҳақида гапирмайди. Аксинча, «синов чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун мажбурий» экани қайд этилган. Эҳтимол, Россия расмийлари мобил илованинг 30 июн куни расман ишга туширилишидан олдин талабларни юмшатгандир.

Аввалроқ, 2025 йил 30 июндан 2026 йил 30 июнгача Россия ҳудудига визасиз тартибда киришни режалаштираётган хорижий фуқаролар, жумладан, вояга етмаганлар ва ногирон шахсларнинг қонуний вакиллари учун ruID иловаси орқали синов шаклида рақамли рўйхатга олиш жорий этилиши ҳақида хабар берилган эди.

ruID мобил иловаси етти тилда мавжуд: инглиз, арман, қозоқ, қирғиз, рус, тожик ва ўзбек. Уни RuStore, Google Play, AppGallery ва App Store маркетларидан юклаб олиш мумкин.

Мавзуга оид