Eco Expo Central Asia 2025 кўргазмаси доирасида 120 дан ортиқ келишув имзоланди

Фото: Экология ва иқлим вазирлиги
2025 йил 19–21 июн кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган Eco Expo Central Asia халқаро экологик технологиялар кўргазмаси экология ва барқарор ривожланиш йўналишида мулоқот, тажриба алмашинуви ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича энг йирик майдонга айланди.
«Тадбир кенг кўламда ташкил этилиб, унда экологик ташкилотлар раҳбарлари, 30 дан ортиқ халқаро ташкилот вакиллари, қарийб 300 нафар хорижий эксперт, 30 та элчихона ва консуллик ваколатхоналари, 400 дан ортиқ хусусий сектор, стартап ва илмий доиралар вакиллари иштирок этди. Умуман олганда, кўргазмага 5 000 дан ортиқ киши ташриф буюрди, бу эса экологик масалаларга қизиқиш юқори эканини ва тадбирнинг минтақа учун муҳимлигини кўрсатади», – дейилади экология вазирлиги хабарда.
Кўргазма доирасида миллий ва халқаро ташкилотлар, ҳудудлар ҳамда стартапларга тегишли 101 та стенд намойиш этилди. Энг яхши экспозициялар тақдирланди. Экология вазирлигининг тизим ташкилотларидан: Экологик экспертиза маркази, Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиёт агентлиги, Ўрмон ва яшил ҳудудларни кенгайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги ҳамда «Яшил лойиҳа» лойиҳа институти алоҳида эътироф этилди. Халқаро иштирокчилар орасида эса Қозоғистон Экология ва табиий ресурслар вазирлиги, Бирлашган Араб Амирликларидаги Халқаро биошўр қишлоқ хўжалиги маркази (ICBA), Хитой Фанлар академиясининг Шинжон экология ва география институти, шунингдек, Ўзбекистоннинг Самарқанд, Навоий вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси стендлари муносиб баҳоланди.
Кўргазманинг энг муҳим натижаси – 126 та битим ва англашув меморандуми имзоланиши бўлди. Ушбу ҳужжатлар яшил дизайн, чиқиндиларни қайта ишлаш ва биохилмахилликни муҳофаза қилишдан тортиб ўрмонларни қайта тиклаш, сувни муҳофаза қилиш, ҳаво сифати мониторинги ва экотуризм соҳаларида инновацион технологияларни жорий этишгача бўлган кенг кўламли соҳаларни қамраб олади.
Асосий шартномалар орасида қуйидагиларни алоҳида эътироф этиш мумкин:
– GIZ (Германия) билан барқарор шаҳар ривожланиши йўналишида янги лойиҳаларни бошлаш;
– Хитой, Болгария ва Латвия компаниялари билан ўрмон хўжалиги соҳасида ҳамкорлик;
– Қозоғистон, Корея, Хитой ва Европа давлатлари билан чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича инновацион ечимларни жорий этиш;
– Ўзбекистоннинг гидрометеорологик тармоғини модернизация қилиш;
– UNDP, Жаҳон банки ва JICA билан экотуризм ва маданий меросни асраш лойиҳалари;
– «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини қўллаб-қувватлаш;
– Биотехнологиялар, ҳаво филтрлаш, барқарор сув таъминоти ва энергия тежовчи лойиҳаларни ҳудудларда амалга ошириш.
Битимлар миллий даражада ҳам, минтақавий даражада ҳам имзоланган бўлиб, бу Ўзбекистонда олиб борилаётган экологик сиёсатнинг комплекс ва изчил характерини, шунингдек, ҳудудларнинг «яшил иқтисодиёт»ни илгари суришдаги фаоллигини намоён этади.
Eco Expo Central Asia нафақат илғор технологиялар намойиш этилган майдон, балки амалий ҳамкорлик ва аниқ ташаббуслар учун самарали платформага айланди. Кўргазма давомида эришилган келишувлар экологик барқарор ривожланишга ўтишда мустаҳкам замин яратади ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги ишончли ва масъулиятли ҳамкор сифатидаги обрўсини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Мавзуга оид

19:59 / 27.06.2025
Атлантика океанида 1000 бочкадан ортиқ радиоактив чиқиндилар топилди

13:15 / 26.06.2025
Ўзбекистонда биогаздан метан ишлаб чиқарилади

15:40 / 24.06.2025
Чилонзорда яна дарахтлар кесилди. Экология органи сукутда

13:10 / 23.06.2025