Жамият | 14:40
6977
7 дақиқада ўқилади

“IELTS’дан 9 балл, SAT’дан 1600 балл” — Жонс Ҳопкинсдан 380 минг долларлик грант ютган Бобуржон Бахтиёров ҳикояси

Бобуржон Самарқанд вилоятидан, у ҳозирда 20 ёшда. Оиласидагилар грин-карта ютгани ортидан 10 ёшлигида АҚШга кўчиб ўтган. Ўз устида тинимсиз ишлаган Бобуржон IELTS’дан 9, SАТ имтиҳонидан эса максимал 1600 баллни қўлга киритган. Ҳозирда у дунёнинг топ олийгоҳлари рейтингида 16-ўринда турувчи Жонс Ҳопкинс университетининг 4-босқич талабаси. У Kun.uz мухбири билан суҳбатда Америка мактабларида ўзбек ёшларига муносабат, топ ОТМда ўқиш афзалликлари ва ўзининг мақсадлари ҳақида гапириб берди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Бобуржоннинг болалиги Самарқанд вилояти Тoйлоқ туманида ўтган. Маҳалласидаги 14-умумтаълим мактабида ўқиган Бобуржон 10 ёшида оиласи билан Ню Йоркка кўчиб кетган. Орада яна ватанга қайтиб, ўрта синфда ўқишни давом эттирган. Икки мамлакат таълим тизимини кўрган Бобуржон Ўзбекистонда фанлар ёдлашга асосланган ҳолда ўқитилиши, Америкада эса танқидий фикрлаш ва таҳлил қилиш асносида ўтилишини таъкидлайди.

Бизда математика, геометрия, география каби фанлар эрта, яъни 5-6-синфданоқ чуқур ўргатилади. Америкада мактабларида эса 9-синфдан кейин ўтилади. Аниқ фанлар бўйича Ўзбекистонда таълим олган боланинг базаси анча эрта ва мустаҳкам шаклланади. Шу сабаб АҚШдан Самарқандга қайтиб ўқиган вақтимда тенгдошларимдан айрим фанлардан орқада, айримларидан эса олдинда бўлганман. Таълимдаги икки хил муҳитга мослашиш бироз қийин кечган. Миллий тизимимизда асосан ёдлатишга эътибор қаратилади. Америкада эса ўқувчиларнинг танқидий фикрлаш, савол йўллаш, ўз қарашлари ва шахсий хулосаларини эркин баён қилишига урғу берилади. Масалан, тарих фани мисолида гапирадиган бўлсак, бизнинг мактабларда воқеалар қаерда қачон бўлиб ўтганлиги, унда кимлар қатнашганлигини эслаб қолиш талаб қилинса, Ню Йорк мактабларида ўша воқеалардан қандай дарс, хулоса олиш мумкинлиги борасида ўқувчиларининг фикрини шакллантиришга устунлик берилади”, – дейди у.

Бобуржон мактабни тамомлагандан сўнг, 32 та университетга ҳужжат топшириб, уларнинг 24 тасига қабул қилинган. Олийгоҳлар орасидан барча харажатларни қопловчи грант тақдим этгани учун Жонс Ҳопкинсда ўқишни танлаган. Унинг айтишича, чет элда ўқиш катта масъулият билан бир қаторда катта харажатни ҳам талаб қилади. Агар талаба тўлиқ грант тақдим этадиган университетни танламаса, ҳар семестрда контракт ва яшаш харажатларини қоплаш учун ишлаб пул топишга мажбур бўлиши мумкин.

Университетимдан 380 минг доллар атрофида грант берилган. Бу ўқиш, турар жой, овқатланиш, ҳатто ёзги таътилда Ўзбекистонга келиб-кетиш учун авиачипта харажатларини ҳам ўз ичига олади. Шу сабабли молиявий босим йўқ, ўқишимга тўлиқ эътибор қаратаман. Агар тўлиқ грант берадиган яхши университетга кира олмаса, мигрант талаба учун ўқиш тўлови катта муаммога айланиши мумкин. Тўғри, бошланишида ота-онаси бир йиллигини тўлаб берар, бироқ иккинчи йилдан бошлаб ҳар семестер учун 6-8 минг доллар атрофидаги маблағни жўнатиш, ота-оналарга оғирлик қилади, Натижада талаба ўқиш билан бирга ишлашга мажбур бўлади. Бу эса унинг диққатини иккига бўлади: на ўқишда тўлиқ натижа бўлади, на ишда. Шу сабабли абитуриентларга тўлиқ грант берадиган энг кучли университетга киришга ҳаракат қилиш ёки “Эл-юрт умиди” дастурига ҳужжат топшириб, грант ютгандан кейин четга ўқишга кетишни маслаҳат берган бўлардим”, – дейди Бобуржон.

У Жонс Ҳопкинсдаги ўқиш муҳитига тўхталаркан, таълим йиллик эмас, семестр асосида ташкил этилиши, ҳар бир семестр бошланишидан 4-5 ой олдин талабалар ўз фанларини олдиндан танлаб қўйиши, битирув шартларидан бири сифатида бакалавриат босқичида ҳам илмий тадқиқот ўтказиш зарурлиги ҳақида гапириб берди.

Жонс Ҳопкинс тадқиқотлар ўтказишга ихтисослашган олийгоҳ, шунинг учун талабалардан оригинал илмий изланиш олиб бориш талаб қилинади. Ҳар бир талаба ўз йўналиши бўйича долзарб бўлиб турган мавзуни танлаб, уни мустақил ўрганади, натижаларини таҳлил қилади, илмий фактларга асосланган хулоса чиқаради. Ушбу жараён одатда профессорлар раҳбарлигида олиб борилади. Илмий иш якунида эса талабалар диссертация, мақола ёки йирик лойиҳа кўринишида ўз ишини тақдим этади. Мен капитализм ва демократия ўртасидаги боғлиқликни ўрганяпман. Илмий ишим доирасида капиталистик тизимларнинг демократик институтларга қандай таъсир кўрсатиши, бозор иқтисодиётининг сиёсий эркинликлар ва фуқаролик жамияти шаклланишига қўшадиган ҳиссаси, иқтисодий тенгсизлик ортиши демократияни заифлаштириши мумкинлиги каби масалаларни тадқиқ этяпман”, – дейди у.

Бобуржон SAT имтиҳонидан 1600 балл (superscore) олган бўлса, IELTS’дан 9 баллга эга. У IELTS’дан нақ 17 марта имтиҳон топшириб, бу натижага эришган.

SAT’ни биринчи марта 11-синфдалигимда топширганман. Дастлабки уринишда 1480 балл чиққан. Иккинчисида 1580 бўлди: математика – 800, инглиз тили – 780. Охирги топширганимда эса тескариси бўлди: инглиз тилидан 800, математикадан 780. Кейин бу натижаларни қўшиб, superscore услубида умумий баллим 1600 чиққан. IELTS эса мен учун энг қийини бўлган. Бу имтиҳонни 17 марта топширганман: 3 марта Америкадан, 14 марта Ўзбекистондан. Охирги уринишда максимал балл олганман. Мазкур имтиҳон Ўзбекистон ва АҚШда фақат гапириш (speaking) қисмида фарқланиши мумкин. Бу бўлимни баҳолаш жуда субъектив: балларингиз имтиҳон олувчи ким бўлиши, сиздан олдин ва кейин кирган номзодларнинг жавоб беришига қараб ўзгаради. Шунинг учун, Америкада speaking топшириш бироз қийинроқ”, – дейди у.

Бобуржон Йел, Ҳарвард ёки Стэнфорд каби топ олийгоҳларда магистратура босқичида ўқиб, Америкада бир неча йил ишлаб, етарлича тажриба тўплаганидан сўнг Ўзбекистонга қайтиш ниятида эканлигини маълум қилди,

Интервю давомида у ватандошларининг хориждаги нуфузли олийгоҳларга киришига кўмаклашаётган лойиҳаси, Жонс Ҳопкинс университетга ҳужжат топшириш жараёнлари, портфолиони нималар билан бойитиш лозимлиги ҳақида гапириб берган.

Суҳбатни тўлиқ ҳолда Kun.uz’нинг YouTube’даги каналида томоша қилишингиз мумкин.

Диёрахон Набижонова суҳбатлашди.
Оператор: Шоҳрузбек Абдурайимов
Монтаж устаси: Бобуржон Анваров

Мавзуга оид