«Қотил» экология, машҳурлар ортига яширинган фирибгарлик ва амалдорларга мажбурий тил
Марказий Осиёда ифлос ҳаво – одамларнинг қотилига айланди, ҳар йили 65 минг киши экология сабаб вафот этмоқда. Қирғизистонда давлат тилини билмаган амалдорлар энди жаримага тортилади. Қозоғистонда таниқли медиа вакилларининг рекламасига учиб алданаётганлар сони кўпайиб кетди. Эрон-Исроил уруши фонида Туркманистон 50 дан ортиқ давлатларга фуқароларини олиб чиқиб кетиш учун ёрдам берганини маълум қилди. Ўш шаҳрида ижтимоий ётоқхона қурилди, кўчада қолиб кетганлар бемалол келиб яшаб туриши мумкин.

Қирғиз тилини билмаганлар жаримага тортилади
Қирғизистонда давлат тилини билмаган амалдорлар энди жазоланади, мамлакатда қирғиз тилининг мақоми оширилмоқда. Депутатлар давлат тилини қўллаш билан боғлиқ қонун лойиҳаларини иккинчи ва учинчи ўқишда маъқуллади. Янги тузатишларга кўра, парламент депутатлари, Вазирлар Маҳкамаси раиси ва аъзолари, конституциявий, олий ва маҳаллий судлар судялари, прокурор терговчилар, миллий банк, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамда миллий хавфсизлик ходимлари бундан буёғига давлат тилини билиши шарт.
Шунингдек, адвокатлар ва нотариуслар ҳам қирғиз тилини етарли даражада билмаса, лицензия олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади. Телевидение ва радиодаги кўрсатув ҳамда эшиттиришларнинг камида 60 фоизи давлат тилида бўлиши мажбурий қилиб белгиланди.
Давлат тилини етарли даражада билмаслик энди мамлакатда доимий яшаш учун рухсатнома беришни рад этишга асос бўлади. Чет эл фуқаролари ҳам қирғиз тилини билмаса, иммигрант мақомини ололмайди.
Давлат тилида тайёрланган реклама матни тил тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига ва имло қоидаларига мувофиқ бўлиши лозим. Бундай матнларни маҳаллий ҳокимият органлари кўриб чиқади ва тасдиқлайди.
Тил қонунчилигини бузган жисмоний шахслар 5 минг қирғиз соми (тахминан 711 минг сўм), юридик шахслар эса 17 минг сом (салкам 2 миллион 416 минг сўм) миқдорида жаримага тортилади. Қоидабузарликларни кўриб чиқиш ва жарима солиш ваколати Давлат тили ва тил сиёсати бўйича Миллий комиссияга юклатилди.
Ифлос об-ҳаво йилига 65 минг кишини ўлдиряпти
Ифлосланган ҳаво Марказий Осиёда аҳолининг қотилига айланган, ҳар йили минтақада 65 минг киши ҳаво сабаб вафот этмоқда. Бу ҳақида Жаҳон банки ўз ҳисоботида маълум қилди. “Марказий Осиёда ҳаво сифатини бошқариш” номли ҳисоботда келишича, ҳар йили PM 2.5 майда зарралари келтириб чиқарган касалликларни деб 65 мингдан ортиқ одам вафот этмоқда. Атроф-муҳитнинг ифлосланиши ортидан келиб чиққан эрта ўлимлар минтақада камида 17,8 млрд доллар миқдорида иқтисодий йўқотишларга олиб келяпти.
Асосий ифлосланиш манбалари – қазиб олинадиган ёқилғининг ёниши, саноат жараёнлари ва деградацияга учраган ерларнинг чанглари. Ҳажми 2,5 микрометрдан кам бўлган бу зарралар оддий кўзга кўринмайди, лекин улар нафас йўлларига чуқур кириб, сурункали яллиғланишни келтириб чиқаради, юрак, ўпка ва қон томирларининг фаолиятини бузади, ҳатто қон оқимига кириб, тизимли касалликларни келтириб чиқаради.
Айниқса, аҳоли зичлиги ва ифлос ёқилғидан фойдаланиш нафас олиш тизими учун хавфли аралашма ҳосил қилади. Минтақанинг Тошкент, Олмаота ва Душанбе каби катта шаҳарлари – энг хавфли ҳудудлар сифатида кўрсатилган. Ҳисоботда келишича, Марказий Осиёда ҳавонинг ифлосланиши минтақанинг умумий ялпи ички маҳсулотига катта зарар етказмоқда. Бу тўғридан тўғри ва билвосита иқтисодий йўқотишларга, жумладан, бронхит, астма, юрак-қон томир касалликлари ва ўпка саратони каби ифлосланган ҳавони ютиш натижасида келиб чиқадиган касалликларни кўпайтириб, давлатнинг тиббиётга харажатлари ошишига олиб келмоқда.
Одамлар кўпроқ меҳнат қобилиятини йўқотади, касаллик таътилига чиқади ёки ўз ишини тўлиқ бажара олмайди, бу эса инсон капитали самарадорлигини пасайтиради.
Айниқса, жисмоний меҳнат зичлиги юқори бўлган тармоқлар – қурилиш, саноат, қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик ва умумий иқтисодий фаоллик пасайиб бормоқда.
Ўртача умр кўриш давомийлиги қисқармоқда, бу демографик барқарорлик ва ишчи кучининг қисқаришида намоён бўлади.
Туркманистон 4640 кишига транзит бўлиб берди
Эрон–Исроил уруши фонида Туркманистон қарийб 5 минг кишининг транзити учун чегараларини очиб берди. Ташқи ишлар вазири Рашид Меретов ҳукумат йиғилишида қатнашиб, дунёнинг 50 та давлатидан 4,6 мингдан ортиқ фуқаро Эронни тарк этиш учун Туркманистон ҳудуди орқали ўтган гуманитар коридордан фойдаланганини маълум қилди. Осиё, Яқин ва Ўрта Шарқ, Европа, Африка ва Америка қитъаси давлатларидан 4640 нафар киши бизнинг давлат орқали ўз юртига чиқиб кетди, деди вазир.
Унинг сўзларига кўра, бу Туркманистоннинг доимий бетарафлик ва гуманитар соҳадаги халқаро мажбуриятларини бажариш тамойилларига содиқлигини кўрсатади.
Транзитни таъминлаш бўйича алоҳида жамоа ишлаган, жумладан, Туркманистон–Эрон чегарасидаги барча назорат-ўтказиш пунктларининг кеча-ю кундуз ишлаши ва Ашхобод халқаро аэропортида хорижий самолётларга хизмат кўрсатиш назоратга олинган. Ҳафта давомида Эрон ташқи ишлар вазири – Саййид Аббос Арақчи Туркманистонга бориб, расмийлар билан кўришди. Туркменпорталнинг ёзишича, Арақчи ҳамкасби Мередовга уруш даврида Туркманистон Эронга бирдамлик кўрсатгани учун раҳмат айтган. Учрашувда, Туркманистон бетараф экани, бироқ халқаро низоларни куч ишлатиш ва қурол билан ҳал қилиш тарафдори эмаслиги эслатилган.
Қозоғистонда фирибгарлар машҳурларнинг рекламалари ортига беркинди
Қозоғистонда қурилиш, турар жой бинолари савдоси ва умуман турли сармоявий лойиҳалар, сохта хайриялар ва уларни реклама қилиш фаолияти жиддий назоратга олинади. Сабаби жамоатчилик яхши таниган блогер ва журналист, санъат вакиллари реклама қилган лойиҳалар ҳам фирибгарлик бўлиб чиқмоқда ҳамда бунга чув тушганлар сони кун сайин ортяпти. Маҳаллий нашр Tengrinews’га кўра, одамларнинг жамоат арбобларига ишончи, ёрқин рекламалар ва баланд ваъдалар фирибгарларнинг тегирмонига сув қуймоқда. Масалан, журналист Асхат Ниёзовнинг Семейдаги DALA SK қурилиш компаниясини реклама қилгани шов-шувларга сабаб бўлиб, одамлар бу блогерга ишонган ҳолда пул тўлашган. Бироқ компаниянинг қурилиш қилишга рухсатномаси бўлмаган суд ташкилотни фирибгарлар деб топди. Журналист ҳам алданганини эълон қилган.
“Биз биргемиз Қазақстан 2030” жамғармаси эса одамларни алдаб-илҳомлантириб, гўёки сув тошқинидан зарар кўрганларга ёрдам бериш учун пул йиғган. Даставвал бироз хайрия билан шуғулланган жамғарма кейинчалик фирибгарлик ва пул ювишга ўтиб кетади. Фондга эса жамоатчилик фаоли Перизат Қайрат раҳбарлик қилган. Маълум бўлишича, 3.5 млрд тенгедан ортиқ пул ўғирланган. Жамғарма айни пайтда тугатилган ва тергов кетмоқда.
Қаскелен шаҳрида 100 дан ортиқ фуқаролар «Nome» турар жой мажмуасидан уй харид қилиб, ноқонуний қурилиш учун 972 миллион тенге сармоя киритишган. Компания лицензияга ҳам эга бўлмаган. Шундай ҳолатларнинг ҳаммаси қонунчиликни ўзгартиришни тақозо этди ва Қозоғистон улушли қурилиш секторини назорат қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқди. Ҳужжат президент столида, парламент уни маъқуллаган, давлат раҳбарининг имзосини кутмоқда.
Энди турар жой мажмуаларини реклама қилиш, агар ишлаб чиқарувчининг акциядорлар маблағларини жалб қилиш учун рухсати бўлмаса, ягона оператор билан тузилган шартнома ва лойиҳани молиялаштириш тақиқланади. Тасдиқланган лойиҳа ҳужжатлари асосида реклама жойлаштиришга йўл қўйилиши тўғрисидаги қоида чиқариб ташланади, объект ва унинг ҳолати ҳақида истеъмолчиларни чалғитишга йўл қўйилмайди.
Ўшда текин ижтимоий ётоқхона
Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида қийин аҳволда кўчада қолиб кетган одамлар учун ижтимоий ётоқхона очилди. Энди бу бинода 45 тагача оила вақтинча яшаб турса бўлади. Шаҳар ҳокимлигининг хабар беришича, эски маъмурий бино қайта жиҳозланган.
Ўш ҳокими Токторбаевнинг айтишича, оғир ҳаётий вазиятларга тушиб қолган фуқаролардан кўплаб мурожаатлар тушаётгани сабаб ҳокимлик бундай одамларни қўллаш – жамоатчилик ҳамда давлатнинг бурчи деб ҳисоблаган. Лойиҳани амалга оширишга президент Жапаров ва хавфсизлик қўмитаси раиси Ташиев ёрдамлашган, тезлаштирган.
Уч қаватли ётоқхонада замонавий шароитлар яратилган. Унда ошхона, дам олиш хоналари, ҳаммом ва ҳожатхоналар мавжуд. Турар жой ҳовлиси ўралган, болалар майдончаси, автотураргоҳ мавжуд, ҳудуди ободонлаштирилган. 45 оилага мўлжалланган бинонинг қурилиши шу йилнинг апрелида бошланган эди, маҳаллий бюджетдан 34 миллион сом сарфланган.
Афғонлар қувилмоқда: Эрон ва Покистон қарийб 400 минг афғонни ҳайдади
Шу йилнинг 5 ойидаёқ Эрон ва Покистондан 400 мингга яқин афғонлар депортация қилинди. Бу ҳақида БМТнинг Қочқинлар бўйича олий комиссарлиги эълон қилди. Афғонистонга қайтганлар эса инсонпарварлик ёрдамларининг етишмаслиги сабаб ижтимоий инқироз янада кучайишига сабабчи бўлмоқда. 2023-2025 йилларда Покистоннинг ўзи 1 миллиондан ортиқ афғонларни ушлаб, давлатдан чиқариб юборган. Ҳаттоки Тожикистон ҳам мамлакатдаги 300 га яқин афғонни депорт қилди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълум қилишича, 2026 йилда дунё бўйлаб 2,5 миллион қочқин бошқа жойга кўчирилиши керак бўлади. Бундай қочқинларнинг энг кўпи афғонлар, ундан кейин сурияликлар, жанубий суданликлар, суданликлар, роҳинжалар ва конголиклар экани маълум қилинган. Медиа билан гаплашган фаол афғонларга кўра, улар яхшироқ ҳаёт ва таълим истаб, бу давлатларга борган. Агар Афғонистоннинг ўзида яхшироқ ҳаёт таъминланса, биз давлатдан чиқиб кетмасдик, деган улар.
Афғонистон ҳисоб-китобига кўра, охирги 2 йилда камида 2 миллион афғонлар Афғонистонга мажбуран кўчиритилган. Қайтиб келганлар қашшоқлик, уйсизлик ва ижтимоий заифлик каби янги инқирозларга дуч келмоқда.
Мавзуга оид

14:05 / 22.06.2025
Хитой ва Россиянинг «сахийлиги», токсиз Бишкек ва «Росатом»га берилган АЭС

15:39 / 15.06.2025
Қирғизистон депортация бошлайди, Туркманистон АҚШдан хафа, Тўқаев вазирларини ҳайдади

14:04 / 08.06.2025
Сиртдан қамалган президент, ҳайит олдидан гўштга рейд ва қимматлаб кетган картошка

12:40 / 01.06.2025