Жаҳон | 13:44
5048
3 дақиқада ўқилади

Эрон билвосита Трампга ўлим билан таҳдид қилди

Эронлик нуфузли оятуллоҳ Трампга Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Хоминаийга таҳдидлар ўлим билан жазоланишини эслатди. Трамп аввалроқ Хоминаийни осон нишон деб атаган, бироқ АҚШ уни ҳали ўлдирмаслигини айтган эди.

Фото: Reuters

Эрон билвосита АҚШ президенти Доналд Трампга ўлим билан таҳдид қилди, бироқ айни пайтда музокараларга тайёрлигини билдирди. Эронлик оятуллоҳ Носир Макарим Шерозий 29 июн, якшанба куни диний тушунтиришда Эрон олий раҳбари Али Хоминаийга таҳдидлар ўлим билан жазоланишини айтди. Трамп аввалроқ Хоминаийни «осон нишон» эканини айтган эди, бироқ «биз уни ўлдирмоқчи эмасмиз, ҳозирча» деб қўшимча қилган эди.

Эроннинг энг нуфузли уламоларидан бири оятуллоҳ Макарим Шерозий бир диндорнинг Трамп ҳақидаги саволига шундай жавоб берди: «Исломий бошқарувга ҳужум қилган ёки унинг диний етакчиларига таҳдид солаётган, уларга қарши ҳаракат қилган шахслар ёки режимлар «моҳареб» ҳисобланади». Шунинг учун у мусулмонлар бу «душманлар»ни жавобгарликка тортишга масъул эканини таъкидлади. Шерозий Трампнинг исмини тўғридан тўғри айтмасдан, фақат исломий тамойилларни тушунтириб берди.

Айни пайтда, Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосари Вашингтон кейинги ҳужумлардан тийилса, АҚШ билан ядро дастури бўйича музокараларни қайта бошлашга тайёрлигини билдирди. Агар АҚШ дипломатик музокараларни давом эттирмоқчи бўлса, Эронга қарши кейинги ҳужумларни истисно қилиши керак, деди Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосари Мажид Тахт-Раванчи. Унинг сўзларига кўра, Трамп маъмурияти воситачилар орқали Теҳронни музокараларга қайтишга тайёрлиги ҳақида хабардор қилган, бироқ айни пайтда кейинги ҳужумлар ҳақидаги «жуда муҳим масала бўйича аниқ позицияни эгалламаган».

Тахт-Равончи Эрон уранни тинч мақсадларда бойитиш ҳуқуқини талаб қилишини таъкидлаб, унинг мамлакати ядровий бомба яратиш устида яширин иш олиб бораётгани ҳақидаги айбловларни рад этди. Унинг таъкидлашича, Эрон ўзининг тадқиқот дастури учун «ядровий материаллардан фойдаланиш имкониятидан маҳрум бўлган». «Уранни бойитиш даражасини, қувватни муҳокама қилиш мумкин, лекин сизнинг умуман бойитишга ҳаққингиз йўқ, агар рози бўлмасангиз, биз сизни бомбардимон қиламиз» дейиш — бу ўрмон қонунидир», — дея таъкидлади Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосари. 

Июн ойида Трамп Эрон ядровий иншоотларига зарбалар беришни буюрган эди. Кейинроқ НАТО саммитида у Эрон билан янги музокаралар ўтказиш режаларини маълум қилди, бироқ бу ҳақда ҳеч қандай маълумот бермади. Трамп 27 июн, жума куни уранни бойитиш билан боғлиқ хавотирлар яна пайдо бўлса, Эрон ядровий иншоотларига яна зарба беришга тайёрми ёки йўқми деган саволга: «Албатта, шубҳасиз», деди. У Эрон ядро қуролига эга бўлмаслиги кераклигини таъкидлади. Трамп, шунингдек, сўнгги ҳужумлар Эроннинг ядровий дастурини орқага суриб ташлаганини таъкидлади.

Мавзуга оид