Жаҳон | 10:48
27088
9 дақиқада ўқилади

Ким Чен Ин «ақлга сиғмас ҳодиса»га гувоҳ бўлди: унинг янги эсминеци сувга тушириш чоғида ағдарилиб кетди

The Wall Street Journal нима учун бундай бўлганини кўриб чиқди. Сабаблардан бири – кемага ҳаддан ташқари кўп қурол юклашган.

KCNA / Reuters / Scanpix / LETA

Шимолий Кореянинг янги ҳарбий кемаси Ким Чен Иннинг кўз ўнгида ағдарилди

21 май куни Шимолий Кореяда мамлакат раҳбариятининг ҳафсаласини пир қиладиган авария юз берди – янги ҳарбий кема сувга тушаётганда ағдарилиб, қисман чўкиб кетди. «Мен бундай муваффақиятсизликни кўрмаганман», – деб тан олди АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг истеъфодаги полковниги, Вашингтондаги Стратегик ва халқаро тадқиқотлар марказининг катта маслаҳатчиси Марк Кансиан The Wall Street Journal нашрига.

Сув сиғими беш минг тонна бўлган иккинчи «Чхве Хён» эсминеци КХДР шимоли-шарқидаги Чхонжин шаҳридаги кемасозлик заводида сувга туширилди. Маросимга шахсан Ким Чен Ин ташриф буюрганди. Лекин кемани сувга тушириш режадагидек кечмади. Кеманинг қуйруғини ушлаб турган аравача муддатидан олдин сувга тушиб кетган. Натижада кеманинг бир борти сув остида, бурни эса стапелда қолган.

«Ўртоқ Ким Чен Ин авария пайтидаги барча жараёнларни кузатди ва жиддий баҳо берди: бу ақл бовар қилмайдиган, йўл қўйиб бўлмайдиган, жиддий, оғир ҳодиса ва эҳтиётсизлик, масъулиятсизлик ва ғайриилмий эмпиризм натижасида юзага келган жиноятдир», – дейилади Шимолий Корея марказий телеграф агентлиги хабарида. Ҳодиса оқибатида жароҳатланганлар бор ёки йўқлиги ҳақида хабар берилмаган.

Эсминецнинг авариядан кейин сунъий йўлдош орқали олинган тасвири, 2025 йил 24 май
Planet Labs / Reuters / Scanpix / LETA

Тўрт киши ҳибсга олинган. Чхонжин аҳолиси қатағондан хавотирда

Кўп ўтмай тўрт киши ҳибсга олинди – улар орасида Чхонжин заводининг бош муҳандиси ва мудофаа саноати учун масъул бўлган партия ходими бор эди. Шимолий кореялик ҳуқуқ ҳимоячилари ва қочқинлар фикрича, агар уларга айблов қўйилса, улар одил судга, жумладан, адвокатнинг иштироки ва апелляция бериш ҳуқуқига умид қила олмайди.

Бахтсиз ҳодисадан кейин шаҳарда ғамгин муҳит ҳукм сурмоқда. «Одамлар ҳукумат муваффақиятсизликни очиқчасига тан олганидан ҳайратда», – деди Чхонжин жойлашган Ҳамгён-Пукто вилоятининг исми ошкор этилмаган фуқароси Radio Free Asia’га. Маҳаллий аҳолининг яна бир вакили кемасозлик заводидаги оммавий «тозалашлар»дан хавотирда эканини айтди: «Ким муваффақиятсизликларни шахсий муваффақиятсизлик деб билади, айниқса, улар ўз имижига путур етказса».

КХДР етакчиси ҳарбий-денгиз кучларини янгилашга катта эътибор қаратмоқда. Ҳозир унда асосан совет кемалари бор

Эсминец билан рўй берган муваффақиятсизлик бу тахлит тан олиниши Ким Чен Ин учун ҳарбий-денгиз кучларини ривожлантириш қанчалик муҳимлигини яна бир бор қайд этади, деб ҳисоблайди WSJ. Шимолий Корея ўзини ядровий держава деб эълон қилди, аммо унинг ракеталари асосан қуруқликда жойлаштирилган, уларни аниқлаш эса осон. Асосан СССР даврига мансуб 70 та сув ости кемаси ва 420 та жанговар кемадан иборат КХДР ҳарбий-денгиз кучлари замондан ортда қолган ҳисобланади. Денгиз флотини модернизация қилиш Кимга денгизда АҚШ ва Жанубий Кореяга таҳдид солиш ва «иккинчи зарба», яъни душман биринчи зарба берган тақдирда кафолатланган жавоб ядровий ҳужумни амалга ошириш имконини берган бўларди.

Шунинг учун ҳам КХДР етакчиси ҳарбий кемалар ясалиши ҳақида қайғурмоқда. Апрел ойи охирида у Нампо шаҳридаги кемасозлик корхонасида қурилган биринчи «Чхве Хён» синфидаги эсминецнинг сувга тушишини кузатганди. Ҳарбий таҳлилчиларга кўра, ўша кема Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими билан жиҳозланган. Жанубий Корея армияси вакилларининг фикрича, Россия кемани ишлаб чиқишда ёрдам кўрсатган. Россия Украинага бостириб кирганидан кейин Пхенян Москвага ўқ-дорилар ва аскарлар билан ёрдам бериб келмоқда – ва бунга жавобан ҳарбий технологиялар бўйича ёрдам олгани тахмин қилинмоқда.

КХДР сув усти кемаларидан ташқари ўзининг биринчи атом сув ости кемасини қурмоқда.

Катта эҳтимол билан, эсминец рискли туширишдаги нотўғри ҳисоб-китоб туфайли ағдарилган

КХДР Марказий телеграф агентлиги хабарига кўра, иккинчи «Чхве Хён» эсминецини сувга тушириш чоғидаги авария «эҳтиётсиз буйруқ ва бошқарувдаги эҳтиётсизлик туфайли» содир бўлган. WSJ билан суҳбатлашган ҳарбий-денгиз экспертлари фикрича, муҳандислар кеманинг оғирлик марказини ҳисоблашда хатога йўл қўйишган. Бу хато учун бир вақтнинг ўзида бир нечта асос бўлиши мумкин.

Биринчидан, сўнгги ўн йилликларда Чхонжин верфи катта кемаларни сувга туширмаган. Кекса муҳандислар нафақага чиққан, ёшларда эса бундай мураккаб иш учун етарли тажриба йўқ, дейди Radio Free Asia билан суҳбатлашган Ҳамгён-Пукто провинцияси аҳолиси вакили.

Иккинчидан, ён томондан сувга тушиш анча оммабоп усул – сузувчи докдан тушишга нисбатан хавфсизроқ (гарчи камроқ харажатли) муқобил ҳисобланади. Ҳамма гап шундаки, ҳатто ён томондан муваффақиятли тушганда ҳам кема қаттиқ чайқалади. Танкер ва қуруқ юк ташувчиларни мувозанатда ушлаш осонроқ, чунки уларнинг туби текис. Ҳарбий кемалар V-симон тубга эга; у туфайли улар катта тезликни ривожлантириши мумкин бўлади, аммо бу сувга тушганда барқарорликни таъминламайди.

Учинчидан, Шимолий Корея ҳарбийлари кемани қурол-яроғ билан ҳаддан ташқари тўлдириб юборган кўринади. Жанубий Корея ҳарбий-денгиз кучларининг истеъфодаги капитани ва Корея ҳарбий тадқиқотлар институти катта илмий ходими Юн Сок-жуннинг WSJ билан суҳбатда маълум қилишича, эсминецга 70 га яқин қурол-яроғ тизими ўрнатилган – Жанубий Корея, АҚШ ва бошқа давлатлар эса одатда ўз ҳарбий кемаларини сувга туширгандан кейин тўлиқ жиҳозлаш учун йиллар сарфлайди.

Тўртинчидан, шошилиш. Биринчи «Чхве Хён» эсминеци тахминан 400 кун ичида қурилган. Иккинчисининг қурилиш муддати бундан узоқ бўлмаса керак. Таққослаш учун, Японияда эсминецни қуриш учун тахминан уч йил, Ғарб давлатларида эса ундан ҳам кўпроқ вақт керак бўлади. «Бу кемани қисқа вақт ичида сувга тушириш зарурати туфайли техник билимлар етишмаслиги ва босимнинг комбинациясидир», – деб ҳисоблайди ЖАР ҳарбий-денгиз кучларининг собиқ капитани ва БМТнинг КХДРга қарши санкциялар бўйича тарқатиб юборилган экспертлар гуруҳи аъзоси Нил Уоттс.

Кемасозлик заводида кемани 10 кунда кўтаришга ваъда беришган. Бунинг учун ҳаво шарларидан фойдаланишлари мумкин

Эсминец ҳали ҳам сувга туширишга уриниш амалга оширилган жойда ётибди. Сунъий йўлдошдан олинган суратларда унинг усти кўк брезент билан ёпилганини кўриш мумкин. Ким Чен Ин кема ҳалокати «бир зумда давлат қадр-қимматини обрўсизлантиргани»ни айтди ва эсминецни тиклашни «сиёсий масала» деб атади.

Чхонжин кемасозлик заводи 23 май куни дастлабки маълумотларга қарама-қарши ўлароқ, ҳалокат чоғида кема тубига зарар етмаганини маълум қилди. Верф раҳбариятининг баҳолашича, уни тик ҳолатга келтириш учун 10 кун керак бўлади. Бу муддат тугашига икки кундан камроқ вақт қолди.

«Кемасозлик заводида бундай катталикдаги кемани кўтара оладиган катта кранлар йўқ», – дея қўлларини ёяди Radio Free Asia манбаси. Унинг сўзларига кўра, сузувчи кранлардан фойдаланиш мумкин эди, бироқ кема ағдарилган док тор ва тўғридан тўғри денгизга боғланмаган, бу эса сузувчи кранларни етказиб беришни қийинлаштиради.

Вашингтондаги Ҳарбий-денгиз тадқиқотлари маркази тасвир таҳлилчиси Деккер Эвелетнинг фикрича, шимолий кореялик мутахассислар эсминецни кўтариш учун аэростатлардан фойдаланишга қарор қилишган. Жанубий Корея ҳарбийлари сунъий йўлдошдан олинган суратларга кўра, тўнтарилган кемага ҳаво шарларига ўхшаш жисмлар ўрнатилганини тасдиқлади. «Шимолий Корея ўз эсминецини Pixar’нинг „Юқорига“ хитидан илҳомланган усуллар билан кўтаришга уринаётганга ўхшайди», – деб ҳазиллашди Эвелет.

Мавзуга оид